07:50 / 18.07.2022
10137

Ҳаво ҳарорати кескин кўтарилганда, қишлоқ хўжалигида нималарга эътибор бериш кераклиги маълум қилинди

Жорий йил 17-22 июль кунлари Ўзбекистон ҳудудига Туркманистон орқали Эрон ҳудудларидан иссиқ ҳаво оқими кириб келиши туфайли “Ўзгидромет” кундуз кунлари ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиши, айрим жойларда шамолнинг чанг тўзонлар билан кучайиши ҳақида шошилинч хабар эълон қилди. 

Фото: Kun.uz

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тегишли бошқармалари ва илмий-тадқиқот институтлари мутахассислари бундай об-ҳаво шароитининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга таъсири ҳақида маълумот ва тегишли тавсияларни беришди.

Билдирилишича, юқори ҳаво ҳарорати ғўза парваришига салбий таъсир кўрсатиб, унинг стресс ҳолатига тушишига олиб келади. Бундай пайтларда кластерлар, фермер хўжалиги раҳбарлари, механизатор ва ишчилар, соҳа мутахассислари, олимлар ғўзани жазирама иссиқ ва гармселдан зарар кўрмаслигига ҳамда яратилган ҳосилни сақлаб қолишга ўта омилкорлик билан ёндашиши талаб этилади.

Салбий оқибатлар олдини олиш учун қуйидаги тадбирларни амалга ошириш тавсия этилади:

  • бу давр ичида вилоят ва туманлар барча секторлари ўз ҳудудларида соҳа мутахассислари, тажрибали деҳқонлар ва масъул ташкилотлар ходимларидан иборат «штаблар» ташкил этади. Ушбу штабларда тун-у кун навбатчилик йўлга қўйилади ва фермер хўжаликлари раҳбарлари, механизаторлар, ишчи ва сувчилар тўлиқ далага кўчиб чиқиши лозим;
  • ҳар бир суғоришдан кейин тупроқ етилиши билан культиваторларни «балиқ сирти» қилиб ўраган ҳолда эрталаб ва кечки соатларда кесак ҳосил қилмасдан майин культивация қилиш йўлга қўйилади. Акс ҳолда тупроқ юзаси ёрилиб, ўсимлик илдизлари зарарланади, касалликка чалиниши эҳтимоли ошади, ўсиши ва ривожланишига салбий таъсир кўрсатиб, ҳосил элементлари тўкилиб кетади. Бунда механизаторларга далада барча шароитларни яратиш, уларни кечки соатларда ва кун иссиқ вақтида дам олишини ташкил этиш лозим;
  • мавжуд барча пуркагичлар (ОВХ-600, ВП-1, штангали Апполон) кечки соат 19:00 дан кейин эрталаб 7:00 гача отряд усулида ишлаши тизимли ташкил этилади. Бунда ғўзага фақат стимуляторлар ва микроўғитли препаратлар билан ишлов бериш тавсия қилинади;
  • вилоят ва туманларда барча техникалар тизимли равишда маҳаллий ўғит жамғариш ва фекал чиқаришга сафарбар қилинади. Ҳудудлардаги чорвачилик, паррандачилик ва қўйчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларида тўпланган маҳаллий ўғитлар суғорилаётган дала майдонларига олиб чиқилади;
  • жойларда сувни тўғри тақсимлаш ва мониторинг қилиш «штаблари» ташкил этилади ва мавжуд сувдан самарали фойдаланиш тизими йўлга қўйилади. Сув олдиндан режалаштирилган ва тасдиқланган графиклар асосида ғўза, такрорий экин ва томорқаларга ўз вақтида етказилишига сув штаблари шахсан жавобгар ҳисобланади;
  • ғўзани суғоришда сувчилар сонини камида 2-3 мартага ошириш, уларга далада барча шароитларни яратиш ва тунги суғоришга алоҳида эътибор берилади. Суғорилаётган ҳар бир майдон, албатта, шарбат усулида суғорилиши, суғоришни қисқа ўқ ариқлардан фойдаланган ҳолда ҳамда мавжуд эгилувчан қувурлар орқали амалга ошириш шарт. Кам сув билан, тез-тез сувни кўллатмасдан, имкон қадар тактил усул билан жилдиратиб суғориш керак.

Бундай пайтларда пахта майдонларида эгат оралатиб енгил суғориш усулидан фойдаланиб, қисқа муддатларда пешма-пеш барча пайкалларни намлаб олиш яхши самара беради. Далада сувни узоқ оқизиб ва зовурга ташлаб қўйишга асло йўл қўйилмайди.

Тунги суғориш ишларини ташкил қилиш ва назоратини йўлга қўйиш учун ҳар бир секторда раҳбар бошчилигида тунги суғоришни назорат қилиш гуруҳлари ташкил этилиши ва ҳар куни суғоришни таҳлил қилиб бориш тизими жорий этилади.

Ерости ёки зовурлар сувидан фойдаланишни ташкил этиш мақсадида қўшимча равишда сув насосларини ўрнатиш ва уларни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш йўлга қўйилади.

Қайд этилишича, бугунги кунда дала майдонларда турли сабзавотлар етиштирилмоқда, такрорий экин сифатида яқиндагина ерга экилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бор. Кескин кўтарилган об-ҳаво ҳарорати сабзавот экинлари парваришига салбий таъсир кўрсатиб, улар стресс ҳолатига тушишига олиб келади.

Помидор, ширин қалампир, бақлажон ўсимликлари экилгандан то гуллашни бошлаган вақтга қадар суғоришлар тўхтатилганда 40-45 кунгача сувсизликка чидайди. Сувсизлик даврида улар гуллари тўкилади, барглари тўқ-яшил тусга киради, кун иссиқ пайтларда сўлиганга ўхшаб туриб барглари ҳам кичраяди, ер устки қисмлари ривожланиши секинлашади.

Ушбу сабзавотлар мева тугиш вақтида суғоришлар тўхтатилса, ўсимликлар 30-35 кун чидайди. Бу вақтда туганаклар тўкилади, бор мевалари ҳам майдалашади, барглари букилиб қолади. Ҳосилдорлик 40-50 фоизгача камаяди.

Помидор, ширин қалампир, бақлажон ўсимликларида мева пиша бошлаган даврида суғоришлар тўхтатилганда ўсимлик 15-20 кун сувсизликка чидайди ҳамда пишган ва пишмаган мевалар учки қисмидан сарғайиб чириш бошланади.

Бундай шароитда сабзавот экинлари парваришида қуйидаги энг муҳим агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш талаб этилади:

  • суғориш ишларини тунги вақтларда амалга ошириш, ҳар бир далада сувчилар назоратини ташкил этиш;
  • суғоришни маҳаллий ўғитлар билан, шарбат усулида ўтказиш;
  • сувдан кейин қатор ораларига культиваторлар билан ишлов бериш.

Ҳаво ҳарорати бирданига кўтарилиб кетиши мевали дарахтлар ҳамда узумларга жиддий зарар келтиради. Мева ва узумлар сифати паст бўлиб, узоқ сақлаш ҳамда ташишга яроқсиз бўлиб қолади, товарбоплик хусусиятлари тушиб кетади.

Мевали дарахтларни ҳаво жазирама иссиғида ҳимоя қилишда қуйидаги тавсияларга амал қилиш таклиф этилади:

  • дарахтларни суғориш, бу агротехник тадбирларни кун салқин вақтида ўтказиш;
  • мевали дарахтлар шох-шаббаси ички ва ташқи қисмига мунтазам сув пуркаб туриш;
  • каолин моддаси (оқ қум) билан меваларга ишлов бериш.

Токзорларда ҳавонинг жазирама иссиғида ўтказиладиган тадбирлар:

  • токзорлар суғорилиб, туп атрофлари юмшатилиш керак;
  • хомток қилинмаган токзорларда хомток ўтказилмаслиги, агар биринчи хомток амалга оширилган бўлса, иккинчисини ўтказишни тўхтатиб туриш;
  • ҳар бир шингилни тўғри қуёш нурларидан ҳимоя қилиш учун шингил атрофини барглар билан ўраб қўйишга эришиш;
  • шингиллар юзаси юқори ҳарорат натижасида қизиши олдини олиш учун уларга мунтазам сув пуркаб туриш.
Top