16:54 / 21.07.2022
7771

“Ўзбекнефтгаз”: Ёшлар Татаристонда ўтказилган Халқаро форумда фаол иштирок этишди

“Ўзбекнефтгаз” АЖнинг аппарат ва тизим корхоналари ёшлари 11-17 июль кунлари Россия Федерацияси Энергетика вазирлиги ҳамда “Татнефть” компанияси томонидан ташкил қилинган “3-Халқаро ёшлар форуми”да иштирок этишди. 

Фото: Ўзбекнефтгаз

Форум ижтимоий фаол, иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларнинг профессионал ва ижодий фаолиятларини такомиллаштириш, энергетика тизими компаниялари ва ташкилотлари, касаба уюшмаларининг фаол ёшлари ўртасида ҳамкорликни ташкил этишга кўмаклашиш, ёшларнинг долзарб муаммоларини ҳал қилишда умумий саъй-ҳаракатларни бирлаштириш мақсадида ўтказилди.

Халқаро аҳамиятга эга бўлган ушбу форумда турли давлатлардан 400 нафардан ортиқ энергетика тизимида фаолият олиб бораётган ёшлар қатнашишди. Хусусан, Марказий Осиё ва Россия Федерациясидаги нефть-газ компаниялар иштирок этишди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ ёшлари ҳам нефть ва газ соҳасининг етакчи мутахассислари томонидан ўтказилган интенсив машғулотлар, маҳорат дарслари, санкциялар шароитида технологик суверенитетни ривожлантиришнинг энг долзарб муаммолари ва ечимларига бағишланган тренингларда маърузалар тинглашди ва тақдимотлар ўтказишди. 

Тақдимотларда мутахассислар нефть ва газ қазиб чиқариш соҳасида юқори технологияли хизмат кўрсатишга замонавий ёндашувлар ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан чет эл компаниялари билан биргаликда амалга оширилаётган лойиҳалар тўғрисида ўртоқлашадилар.

Форум доирасида ўтказилган мусобақаларда “Ўзбекнефтгаз” АЖ ёшлари фахрли биринчи, иккинчи ҳамда учинчи ўринларни эгаллашди ва фахрли ва юқори даражали сертификат билан тақдирланишди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ ёшларига форумдаги фаоллиги учун Россия Федерацияси Энергетика вазирлиги ҳамда “Татнефть” компанияси томонидан алоҳида миннатдорчилик билдирилди. 

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати Ⓣ

Top