13:41 / 27.07.2022
2522

Ўзбекистонда саноат корхоналаридан атмосферага 909 минг тонна ташламалар ташланган

2021 йилда Ўзбекистондаги жами саноат корхоналаридан атмосферага 909 минг тонна ташламалар ташланган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Экология қўмитаси бошқарма бошлиғи Азиз Калимбетов маълум қилди.

Азиз Калимбетов / Фото: АОКА

Қайд этилишича, бу кўрсаткич 2019 йилга нисбатан 43,8 минг (4,6 фоиз) ҳамда 2020 йилга нисбатан 15,4 минг (2 фоиз) тоннага камайган.

Ташламалар камайишига таъсир кўрсатаётган асосий омиллар қуйидагича: корхона ва ташкилотларда “яшил” технологияларга босқичма-босқич ўтиш, камчиқитли технологиялар қўлланилиши, турғун ташлама манбаларига ўрнатилган чанг-газ тозалаш ускуналари доимий модернизация қилиниши.

Жорий йил бошидан 400 га яқин йирик саноат корхонасининг 1500 га яқин чанг-газ тозалаш ускунаси хатловдан ўтказилиб, шундан 270 та корхонанинг 1000 дан ортиқ ускунасини модернизация қилиш ва янгисига алмаштириш лозимлиги маълум бўлди. 2022-2023 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб Вазирлар Маҳкамаси томонидан жорий йил март ойида тасдиқланиб, ижрога қаратилган.

Бунда, ҳар бир саноат корхоналари чанг-газ тозалаш самарадорлиги ҳозирги 75-80 фоиздан 95-99,5 фоизга етказилади, бунинг эвазига атмосферага йиллик ташланаётган 15 минг тоннадан ортиқ зарарли газлар камайишига эришилади.

Ўтган давр мобайнида 30 та саноат корхонасида умумий 114 та чанг-газларни тутиб қолиш ускуналарини таъмирлаш ва янгиларига алмаштириш таъминлангани айтилади.

Top