11:32 / 28.07.2022
7521

Олти ойда Тошкент шаҳрида неча киши коррупциявий жиноят учун судлангани маълум бўлди

Қайд этилишича, соғлиқни сақлаш, таълим ва банк тизимида фаолият юритувчи шахслар коррупцияга оид жиноятлар учун суд томонидан жавобгарликка тортилган.

Акбарали Туробов

27 июль куни бўлиб ўтган брифингда Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари — жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Акбарали Туробов соҳалар бўйича таҳлилларга тўхталиб, коррупцияга оид кўриб тамомланган ишлар бўйича шахслар ҳақида ҳам маълумот берди.

Унга кўра 2022 йилнинг 6 ойи давомида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан таълим тизимининг 17 нафар, соғлиқни сақлаш соҳасининг 11 нафар, банкларнинг 3 нафар ходими коррупциявий жиноят содир этганликда айбдор деб топилиб, жиноий жавобгарликка тортилган. 

Брифингда судлар томонидан жорий йилнинг биринчи ярмида 6 489 нафар шахсга нисбатан 5 274 та жиноят ишлари кўриб тамомлангани маълум қилинди. Чунончи, судланганларнинг 541 нафарини аёллар, 146 нафарини вояга етмаганлар, 2384 нафарини ёшлар, 115 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 47 нафарини чет эл фуқаролари ва 5 нафарини тадбиркорлар ташкил этган.

Судланган шахсларнинг 485 нафарига жарима, 1271 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари, 1113 нафарига озодликни чеклаш, 1871 нафарига озодликдан маҳрум қилиш, 53 нафарига мажбурий жамоат ишлари жазоси тайинланган бўлса, 185 нафар шахс шартли ҳукм қилинган.

Муқаддам судланган 1186 нафар шахс томонидан такроран жиноят содир этилган. 

Top