Ўзбекистон | 16:23 / 29.04.2024
30219
3 дақиқада ўқилади

“Судга нисбатан ижтимоий босим пайдо бўлмоқда” — Судялар олий кенгаши Ботир Қодиров киритган даъво иши ҳақида

Ўзбекистон Судялар олий кенгаши хонанда Шерали Жўраевнинг оталик фактини белгилашга оид даъвоси бўйича давом этаётган фуқаролик низосида томонларни турли хил баёнотлар беришдан тийилишга чақирди. Кенгаш, шунингдек, ОАВни суд ишига доир ахборот тарқатишда масъулиятли бўлишга даъват қилди.

Фото: Судялар олий кенгаши

Судялар олий кенгашининг қайд этишича, низо таниқли шахслар ўртасида кечаётгани, марҳум ва машҳур инсон ҳаёти билан боғлиқлиги боис воқеалар ривожи кенг жамоатчилик томонидан катта эътибор билан кузатаётгани, айни жараёнда иш бўйича тарафларнинг ҳолатига тушуниш билан муносабатда бўлиш мумкин. Лекин низо судлашиш даражасига етиб, процессуал жараёнлар давом этаётган бир пайтда тарафлар (ёки уларнинг вакиллари) томонидан оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

“Тармоқлардаги муҳокамаларда ҳали якунига етмаган иш бўйича турли башоратларга берилишлар, суддан аввал “қарор чиқариб қўйиш” ҳолатлари мавжуд, энг ёмони, низо судда холис ва беғараз кўрилишига асоссиз шубҳалар ҳам билдирилмоқда. Буларнинг ҳаммаси судга нисбатан ижтимоий босим пайдо қилаётганига таъкид шарт эмас.

Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати, мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, иш бўйича тарафларни турли шакл ва кўринишда баёнот беришдан тийилишга, журналист ва блогерларни эса шахсга оид маълумотлар ҳамда суд ишига доир ахборотларни тарқатишдек нозик ва ҳассос масалага масъулият билан ёндошишга чақиради”, – дейилади баёнотда.

Маълумот учун, хонанда Ботир Қодиров оталикни белгилаш даъвоси билан фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судига даъво аризаси киритган. Марҳум санъаткор Шерали Жўраевнинг фарзандлари Шоҳжаҳон ва Зоҳиршоҳ Жўраев суд ишида жавобгар сифатида иштирок этмоқда.

Хонанда Ботир Қодиров ОАВга интервю бериб, марҳум санъаткор Шерали Жўраев унинг биологик отаси эканини, буни исботловчи етарлича далиллари борлигини айтди. “Онамнинг шаънига зид бўлган гапни айтишгани учун мен уларни судга беришга мажбур бўлдим. Мен укаларимдан ҳеч нарсани истамайман, менга пули ҳам, мероси ҳам керак эмас”, – деди у.

Ботир Қодиров ва Шерали Жўраевнинг биринчи турмуш ўртоғи 28 апрел куни Daryo.uz ва Qalampir нашрларига интервю бериб, унда Ботир Қодиров Шерали Жўраевнинг ўғли эканини айтган.

Мавзуга оид