17:32 / 01.08.2022
8626

Болгария президенти парламентни тарқатиб юборди ва муддатдан олдинги сайловлар ҳақида эълон қилди

Болгария президенти Румен Радев ҳукмрон коалиция парламентдаги кўпчиликни йўқотгани ва ҳукуматга ишончсизлик вотуми қабул қилинганидан кейин янги парламент сайловлари ўтказилишини эълон қилди.

Фото: AFP

Болгария президенти Румен Радев мамлакат парламенти тарқатиб юборилгани ва муддатидан олдинги парламент сайловлари 2 октябрга белгиланганини эълон қилди. Тегишли фармон 1 август, душанба куни давлат раҳбари сайтида пайдо бўлди.

«Президент Румен Радев 2 августдан 47-Халқ мажлисини тарқатиб юбориш ва Халқ мажлисига сайловни 2022 йил 2 октябрга тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади», — дейилади хабарда.

Болгария Халқ мажлиси тарқатиб юборилиши парламентнинг европапараст Кирил Петков ҳукуматига ишончсизлик вотуми эълон қилгани ва янги вазирлар маҳкамасини шакллантириш бўйича келиша олмагани ортидан юз берди. Илгари Петков бошчилигидаги ҳукмрон сўл-либерал коалиция «Бундай халқ бор» популистик партияси тарк этганидан сўнг парламентда кўпчилик ўринни йўқотган эди.

Бошқа фармон билан Радеев, шунингдек, илгари давлат раҳбари маъмуриятида котиб лавозимини эгаллаган Гилиб Донев бошчилигидаги техник ҳукуматни тайинлади. Бу Украинадаги уруш ва Россиядан газ етказиб бериш тўхтатилиши туфайли юқори инфляцияга дуч келган мамлакатдаги иқтисодий муаммолар фонида рўй берди, деб ёзади Reuters. 

Янги вазирлар маҳкамаси 2 августдан навбатдан ташқари парламент сайловлари ўтказиладиган вақтгача ишлайди. Муваққат ҳукумат Россияга нисбатан юмшоқроқ позицияни эгаллаши кутилмоқда, бу эса Россиядан газ импортини қайта бошлаш саъй-ҳаракатларини ўз ичига олиши мумкин, деб ёзади Reuters. Бундан ташқари, Донев Петков ҳукумати 70 нафар россиялик дипломатни жосусликда гумон қилиб чиқариб юборганидан кейин Москва билан муносабатларни тиклашга ҳаракат қилиши мумкин, дея тахмин қилган агентлик.

Апрель ойида Россиянинг «Газпром» ширкати Болгария ва Полшага газ етказиб беришни тўлиқ тўхтатиб қўйган эди, чунки мамлакатлар ёнилғи учун тўловни рублда амалга оширишдан бош тортди. Июнь ойи бошида Озарбойжон ва Болгария Трансадриатик газ қувурига (TAP) уланган IGB интерконнектори орқали газ етказиб бериш бўйича келишиб олди. Етказиб бериш 25 йилга келишилган. 

Top