Жаҳон | 12:10 / 02.03.2024
5540
3 дақиқада ўқилади

Болгария Россия нефтини импорт қилишни тўхтатди

София 2024 йил охиригача амалда бўлган Россиянинг асосий энергия манбаларидан бирини импорт этиш тақиқидан озод бўлишни якунлади.

Фото: AP

Болгария 1 март, жума кунидан бошлаб Россия нефтини импорт қилишни бутунлай тўхтатди, деб хабар берди БГНEС маҳаллий ахборот агентлиги. Шундай қилиб, София мамлакат учун 2024 йил охиригача ушбу турдаги хомашёни Россиядан олиб киришни тақиқдан озод этиш жараёнини муддатидан роппа-роса 10 ой олдин якунлади.

Агентлик тушунтиришича, 1 мартдан Болгария парламентининг 2023 йил охирида қабул қилинган қарори кучга кирди, у 1 январдан Россия нефт импортини икки бараварга, 1 февралдан 25 фоизга қисқартириш ва 1 мартдан бошлаб тўлиқ тўхтатишни назарда тутувчи жадвални тасдиқлади.

«Интерфакс»нинг қайд этишича, Болгариядан ташқари яна бир қанча Европа Иттифоқи давлатлари Брюссел томонидан 2024 йил охиригача Россиядан нефт импорти бўйича тақиқдан озод қилинган. Бироқ, Болгария Республикаси ҳукумати ушбу энергия ресурсидан муддатидан олдин воз кечишга қарор қилди. 

Болгариядаги НҚЗ «Лукойл»га тегишли 

Болгариядаги ягона нефтни қайта ишлаш заводи Россиянинг «Лукойл» компаниясига тегишли, деб ёзади «Интерфакс». У 8,8 миллион тонна қувватга эга ва 1999 йил октябр ойидан бери Болгариянинг Бургас шаҳрида ишламоқда. Бундан ташқари, компания мамлакатда 500 дан ортиқ ёнилғи қуйиш шохобчалари тармоғини ҳам бошқаради, дея таъкидлайди агентлик.

София Бургасдаги нефтни қайта ишлаш заводи учун 60 фоизлик фойда солиғини жорий қилганидан сўнг, «Лукойл» «шартларда сезиларли ўзгаришлар туфайли Болгариядаги гуруҳ корхоналари стратегиясини кўриб чиқиш», шу жумладан бизнесни сотиш бўйича халқаро маслаҳатлашувлар бўйича иш бошлаганини билдирди.

Болгария расмийлари Россия компанияси активи сотилганидан сўнг солиқ тўрт баравар камайтирилишига аниқлик киритди. Шунингдек, «Интерфакс»нинг қайд этишича, завод 500 миллион еврога модернизация қилиниши керак, нефтнинг нисбатан енгил турларини қайта ишлай олиши лозим.

Болгария Россияни газ етказиб беришни тўхтатгани учун судга беряпти 

«Украинска правда» нашрининг аниқлик киритишича, Болгария ҳукумати Россиянинг 2022 йилда Украинага кенг кўламли ҳужумидан икки ой ўтиб, Россия «Газпром»ини газ етказиб беришни тўхтатгани учун судга бериш имкониятидан воз кечмаган. 

2023 йил июн ойида Болгария Энергетика вазирлиги тегишли арбитраж даъвосини тайёрлаётгани маълум бўлди. Қайд этилишича, Болгария «Газпром» билан алоқаларни тиклашга уриниб кўрган ва ҳатто газ етказиб беришни тиклашни сўраган, бироқ Россия компанияси аниқ жавоб беришдан бош тортган. 

Мавзуга оид