11:37 / 01.08.2022
8425

Қаршида қайнисинглисини офтоба билан уриб ўлдирган шахс руҳий касалликлар шифохонасидан қочгани маълум бўлди

Масъулиятсизликка йўл қўйган шифохона ходимларига тегишли тартибда чора кўрилиши маълум қилинди.

Фото: Kun.uz

Ижтимоий тармоқларда Қаршида қайнисинглисини офтоба билан уриб ўлдирган шахс қотилликдан аввал руҳий касалликлар шифохонасидан қочгани айтилган хабарлар тарқалди. Қашқадарё вилояти ССБ ахборот хизмати ҳолатни тасдиқлади.

ССБ муносабатида ёзилишича, Қарши шаҳрида қайнисинглисини офтоба билан уриб ўлдирган шахс 2018 йилдан бери диспансер назоратида бўлган. Мунтазам амбулатор ва стационар тартибда даволаниб келган. У аввал ҳам ўз яқинларига тан жароҳати етказгани туфайли 2019 йилдан 2021 йилгача Бухоро вилоятида жойлашган назорати кучайтирилган шифохонада мажбурий даволанган. Даво муддатини ўтаб бўлгандан сўнг яшаш жойига мутахассис назоратига жўнатилган. 2021 йилда “Тажовузкор беморлар” махсус ҳисобига олинган.

Кейинги пайтларда унинг руҳиятида яна ўзгариш бўлгани сабабли ИИБ ходимининг алоқа хатига асосан 2022 йил 21 май куни вилоят руҳий асаб касалликлари шифохонасига ётқизилган. 2022 йил 17 июл соат 6:40 да нонуштага олиб чиқилаётган пайтда навбатчиликда бўлган ходимлар масъулиятсизлиги сабабли бемор бўлимдан қочиб кетган. Бу ҳақда дарҳол унинг оиласига хабар берилган. Беморнинг шифохонадан қочгани ҳақида ИИБ ходимларига хабар беришга улгурилмасдан у жиноятга қўл урган.

«Мазкур ҳолат вилоят руҳий асаб касалликлари шифохонасида муҳокама қилиниб, руҳиятида ўткир ўзгаришлар кузатилаётган беморларда ўрнатиладиган алоҳида назорат тадбирларига эътиборни кучайтириш бўйича қатъий чоралар белгиланган. Масъулиятсизликка йўл қўйган шифохона ходимларига тегишли тартибда чора кўрилади», дейилади вилоят ССБ муносабатида.

Top