10:42 / 04.08.2022
3128

Тошкент шаҳри айрим ҳудудларида электр энергияси таъминотида узилишлар кузатилди

Чилонзор туманининг айрим ҳудудларида «свет» таъминоти бўйича узилишлар рўй берди.

Фото: Kun.uz

Бугун, 4 август куни куни соат 00:30 да Чилонзор туманининг Чилонзор 2-даҳасидаги «1-Катта Чилонзор» МФЙ, Арнасой кўчаларидаги 7- ва 7А-сонли тадбиркорлик субъектларига қарашли кичик корхоналар, «2-Катта Чилонзор» МФЙ, 24-сонли оилавий поликлиника ҳамда 15-, 16-, 21-, 35-, 36-, 37-, 38-, 39-, 40-, 41-, 42-, 43-, 44-, 45-, 46-, 47-сонли кўп қаватли аҳоли яшаш хонадонлари электр энергияси таъминотида узилиш содир бўлди.

«Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси» хабарига кўра, туман ҳудудида жойлашган 35/10/6 кВ бўлган юқори кучланишли «Чилонзор» подстанциясидан чиқувчи фидр узатмасидан таъминланувчи қуввати 6 кВ бўлган юқори кучланишли ер остидан ўтган кабель тармоқлари шикастланиши натижасида авария ҳолатида электр энергиясидан узилиш юз берган.

Мазкур носозлик «Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси» раҳбарияти томонидан назоратга олиниб, юзага келган аварияни бартараф этиш ишларига киришилди.

Айни вақтда, Чилонзор ТЭТК тегишли бўлим, хизматлари, тезкор аварияни бартараф этиш бригадалари томонидан юқори кучланишли электр узатиш тармоғини кўрикдан ўтказиш ва носозликни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.

Ҳудуддаги барча бригадалар зарур ҳимоя воситалари, зарур электр қурилмалари ҳамда махсус автотранспорт воситалари билан жиҳозланган. Тез орада юзага келган носозлик тўлиқ бартараф этилиб, тармоқ орқали электр энергияси етказиб берилиши бошланади.

Юқоридаги электр узатиш тармоғи орқали электр энергияси билан таъминланувчи баъзи ҳудудлар таъминоти қўшимча тармоқлар орқали таъминланиши чоралари кўриляпти.

Top