10:43 / 09.08.2022
9195

Боррелл: Лукашенко режими қурбонларини унутмаймиз

ЕИ беларусларни қўллаб-қувватлашда давом этади ва Лукашенко ҳокимиятининг қонунийлигини тан олмайди, деди Боррел Беларусдаги тинч намойишларнинг икки йиллиги муносабати билан.

Евроиттифоқ Беларус халқини қўллаб-қувватлашда давом этади ва Александр Лукашенконинг ҳокимиятини қонуний деб ҳисобламайди, деди ЕИ ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел Беларусда 2020 йил 9 август кунги президент сайловларидан кейин бошланган норозилик намойишларининг икки йиллиги муносабати билан. 

«Биз Беларус халқининг демократик интилишларини қатъий қўллаб-қувватлашимизни яна бир бор тасдиқлаймиз. Александр Лукашенконинг ҳокимияти демократик қонунийликка эга эмаслигини яна бир бор таъкидлаймиз», - дейилади 8 август, душанба куни эълон қилинган баёнотда. 

Боррелл Минскдаги режим томонидан беларусларга қарши бошланган оммавий репрессияларни эслади. Ҳозир мамлакатда 1200 дан ортиқ сиёсий маҳбус бор ва бу рақам кундан-кунга ошиб бормоқда, деди у. Демократик мухолифатнинг кўплаб вакиллари мамлакатдан кетишга мажбур бўлди, фаоллар эса қўрқитилди, жумладан, ўлим жазоси билан таҳдид қилинди, тинч аҳолига нисбатан зўравонликда айбдорлар эса ҳали судга тортилмади, дея қўшимча қилди Боррел. 

«Биз Беларусда зўравонлик қўллаганликда айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашда давом этамиз, бунда инсон ҳуқуқлари бузилишига оид далилларни тўплаш ва сақлаш ҳисобга олинади. Биз Лукашенко режими қурбонларини ҳам, унинг ўтмишдаги ва ҳозирги жиноятларини ҳам унутмаймиз», деди Европа дипломатияси раҳбари.

У, шунингдек, Минскдаги режимнинг Россиянинг Украинага қарши урушидаги ролини қоралади. «Россия Украинага қарши асоссиз босқинчилик урушини бошлаганида, Лукашенко режими Беларус халқининг мутлақ кўпчилиги иродасига қарши Путиннинг шеригига айланиб, РФга Беларус ҳудудидан Украинага бостириб кириш, ракеталарни учириш учун фойдаланишга рухсат берди, Москвага тўлиқ сиёсий ва моддий-техник ёрдам кўрсатди. Энди режим урушга қарши чиққан беларусларни таъқиб қилмоқда», - деди Боррел. 

У Минскни Россия билан уруш бўйича ҳамкорликни тўхтатишга, шунингдек, «зудлик билан ва сўзсиз барча сиёсий маҳбусларни озод қилиш ва реабилитация қилишга ҳамда репрессияларни бас қилишга» чақирди. 

«Беларус халқини қўллаб-қувватлаш бўйича қатъийлигимиз ўзгаришсиз қолади. 2020 йилнинг август ойидан бошлаб ЕИ Беларус халқини қўллаб-қувватлаш учун қарийб 65 млн евро ажратди. Беларусда демократик ўтиш амалга ошиши биланоқ 3 млрд евролик кенг қамровли иқтисодий қўллаб-қувватлаш режамизни сафарбар қилишга тайёрмиз», - деди ЕИ олий вакили. 

Top