14:11 / 10.08.2022
15509

Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкентни туристлар оқими бўйича Дубай даражасига етказиш орзусини айтди

“Бугунги Тошкент 1994 йилдаги Дубайдан зўр”, – деди шаҳар ҳокими ва араблар ўтган йиллар давомида туризмга катта эътибор бериб, жаҳон сайёҳлик марказларидан бирига айланганини таъкидлади. “Албатта, жуда Дубайга етиш қийиндир, лекин орзу қилсак, қисман бўлса ҳам бўлмаймизми?” деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев. У “Salom, Tashkent” видеоролиги яхши тарғиб қилинса, шаҳарга сайёҳлар “ёмғирдай ёғилиб” келишига ишонч билдирди.

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 8 август куни туризмни ривожлантириш мавзусидаги брифингда сўзга чиқди. Бу ҳақда UzReport телеканали хабар бермоқда.

“Бугунги Тошкент 1994 йилдаги Дубайдан зўр, аниқ айта оламан. Неча йил бўлибди… Секин-секин бугун Дубай 80 миллион* одамни қабул қиляпти. Туризмга жуда катта куч берди, катта имкониятлар [яратди], нефтга қараб қолмади. Туризм йўналишида энг яхшиларини қилишни бошлади ва ҳоказо.

Мен ўйлайманки, албатта, жуда Дубайга етиш қийиндир, лекин яхши орзу қилсак, қисман бўлса ҳам [Дубай даражасида] бўлмаймизми? Тўғрими?” – деди ҳоким.

Ортиқхўжаев пойтахтда туризмни ривожлантириш мақсадида ишланган “Salom, Tashkent” видеоролиги катта натижа беришига ишонтирди.

“Ҳаммамиз тарғибот қилайлик [видеороликни]. Агар: “Сенга ишониб тарғибот қилган эдик, декабрда ҳеч ким келмади”, десаларингиз, қанча уришсангиз ёки сўксангиз, мен розиман.

Буни тарғибот қилсак, мен ўйлайманки, бир ой, 20 кундан кейин туристлар ёмғирдай ёғилади. Агар ҳаммамиз бирга ишлайдиган бўлсак, ёмғирдай ёғилади. У то 15-20 декабргача боради. “Резултати” бўйича сизлар билан қишда – декабрь ойида сизлар билан гаплашамиз. Мен “резултат”га ишлайман”, – таъкидлади шаҳар раҳбари.

“Salom, Tashkent” ролиги:

  • *Маълумот учун, Бирлашган Араб Амирликларининг энг машҳур шаҳри бўлмиш Дубайга сайёҳлар оқими пандемиядан олдинги 2019 йилда илк марта 16 миллиондан ошиб, 16,7 млн нафарга етган. Дубай 2019 йили туристлар энг кўп пул сарфлаган шаҳарлар бўйича Mastercard тузган рейтингда биринчи ўринни эгаллаган.

Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2022 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонга 609,6 минг нафар хорижий фуқаро ташриф буюрган. Улардан 95 фоизини МДҲ мамлакатларидан келган.

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг маълум қилишича, 2022 йилнинг дастлабки 7 ойида пойтахтга 1 млн 742 минг нафар сайёҳ келган, уларнинг 318 минг нафари хорижлик, қолгани – маҳаллий туристлар. Шаҳарда 1 кунда 33 минг туристга хизмат кўрсатиш имконияти бор.

Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг брифингда айтишича, 3 ой давомида шаҳардаги 95 та меҳмонхона ва 16 та номдор ресторанга 12 мингта сўровнома тарқатилган. Уларнинг 4789 тасига жавоб олинган. Мақсад – сайёҳлар Тошкентда нимани кўришни хоҳлайди, бу ерга яна қандай сабаб қайта келиши мумкинлигини аниқлаш. Энг кўп таклифлар инфратузилмани яхшилаш, маданий дам олиш ва хизматлар соҳалари ҳамда ободонлаштириш масалаларида бўлган.

Top