07:37 / 16.08.2022
4738

Арманистонда савдо марказидаги портлаш оқибатида ҳалок бўлганлар сони 15 нафарга етди

Еревандаги «Сурмалу» савдо марказида портлаш натижасида 15 киши ҳалок бўлди, 60 киши тиббий муассасаларга мурожаат қилди.

Фото: Picture Alliance

Арманистон пойтахти Еревандаги «Сурмалу» улгуржи-чакана савдо марказида (СМ) юз берган портлаш қурбонлари сони 15 кишига етди. Бу ҳақда 16 август, сешанба куни Арманистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ФВВ) маълум қилди.

Қидирув-қутқарув ишлари давомида 15 та жасад топилган, улардан олтитасининг шахси аниқланган, тўққиз кишининг шахси ҳозирча аниқланмаган.

60 нафар жабрланувчи Ереван тиббиёт муассасаларига мурожаат қилган, улардан 12 нафари даволанмоқда, 48 нафарига тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйга жавоб берилган.

16 август куни эрталаб 18 киши бедарак йўқолганлиги ҳақида хабар берилган эди. Арманистон ФВВ матбуот котиби Айк Костаняннинг маълум қилишича, улардан бири Россия фуқароси. Рўйхатга кўра, гап 1959 йилда туғилган Любов Грибова ҳақида кетмоқда. Ундан ташқари рўйхатда яна бир хорижлик, Эрон фуқароси Меҳди Таҳрири ҳам бор. Йўқолганларнинг қолганлари Арманистон фуқароларидир.

15 август ҳолатига кўра, воқеа жойидаги ишларда 185 нафар қутқарувчи иштирок этди, Ереван мэриясидан 20 та сув ташувчи, еттита қўшимча техника жалб қилинди. 

Ўчириш ишларини ФВВ раҳбари Армен Памбухчян мувофиқлаштирган. Воқеа жойига бош вазир Никол Пашинян, ҳудудий бошқарув ва инфратузилма вазири Гнел Саносян ташриф буюрди. 

Арманистон ФВВнинг дастлабки маълумотларига кўра, 14 август куни савдо марказининг пиротехника омборида кучли портлаш содир бўлган. Ёнғин келиб чиқиб, бинонинг бир қисми қулаб тушган. Вайроналар 8000-9000 квадрат метр майдонни эгаллайди. 

ФВдан кўп ўтмай, Россия-Армания гуманитар ёрдам маркази қутқарув ускуналари ва жиҳозлари, шунингдек, тунги вақтда вайроналарни тозалаш учун ёритиш мосламаларини тақдим этди. 

Top