13:09 / 20.08.2022
14805

“Экотуризм дея Зарафшон қўриқхонаси дам олиш зонасига айлантириб юборилган” — эксперт

Айни пайтда “Зарафшон” миллий табиат боғи ҳудудидаги қурилишлар юзасидан прокуратура текширув ўтказмоқда. Қўриқхона ҳудудининг маълум қисмлари кимга ва қанчага сотилгани ҳам ўрганилади.

Зарафшон қўриқхонаси / Фото: Kun.uz

19 август куни Миллий матбуот марказида Ўзбекистон экологиясига масъул идораларнинг жамоатчилик эшитуви ўтказилди.

Тадбирда Kun.uz мухбири Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси ўринбосари Ғолибжон Қурбоновга Самарқанд вилоятидаги “Зарафшон” миллий табиат боғи ҳудудидаги айрим ер майдонлари кимнинг рухсати билан дала ҳовлилар қуриш учун сотиб юборилгани, пуллар қайси “чўнтакка тушгани” ва қўриқхоналарни Ўрмон хўжалиги қўмитасидан Экология қўмитасига қайтариш кераклиги борасида савол билан мурожаат қилди.

Раис ўринбосарининг журналист саволига жавобан айтишича, “Зарафшон” қўриқхонаси экологик туризмни ривожлантириш ва бу йўналишга тадбиркорларни жалб қилиш мақсадида миллий табиат боғига айлантирилган.

“Бунда қўриқхонадаги рекрацион ҳудудларгина қурилиш учун ажратилган.

Ҳозир миллий табиат боғи ҳудуди Экология қўмитасига қайтариляпти ва барча ҳужжатлар, жумладан, қурилишлар бўйича ҳужжатларни топшириш далолатномаларини тузяпмиз. Бунда миллий табиат боғи ҳудудидаги қурилишлар прокуратура назоратида турибди.

Бу ҳудудларни қурилишлар учун ким ва қанчага сотганини прокуратура органлари бизга маълум қилади”, – деди у.

Тадбир давомида баҳсга “Экоҳаракат” ташкилоти Марказий кенгаши аъзоси Юсуфжон Шодиметов ҳам қўшилди.

“Хўш, экотуризм нега ташкил қилинади, қўриқхоналарнинг яшаб қолиши учун. Дунёдаги ҳар қандай қўриқхонага сайёҳлар махсус йўлбошловчилар билан бирга олиб кирилади ва айланиб бўлгач, чиқариб қўйилади. Бу ўша ҳудуддаги одамлар ва қўриқхонага маълум миқдорда даромад келтиради.

Аммо сизлар экотуризм, дея қўриқхона ҳудудини оддий дам олиш зонасига айлантириб юбордингиз. Одамлар ҳозир бу ҳудудда олов ёқиб, ош пишириб, ичиб бўлинган шишаларни улоқтириб кетишяпти.

Билиб олинг, БМТнинг “Экотуризм ва барқарор ривожланиш” номли дастури бор. Бу дастур билан туризм орқали боғ, қўриқхоналар, ўсимлик ва биохилма-хилликни сақлаб қолиш режалаштирилган. Сизлар мана шу дастурни таъминлашингиз керак эди”, – дея Ғолибжон Қурбоновга дакки берди Юсуфжон Шодиметов.

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси ўринбосарининг журналист берган иккинчи саволга жавобан айтишича, қўмита қўриқхоналарни Экология қўмитасига қайтаришга қарши эмас.

“Биз бунга қарши эмасмиз. Тегишли қарор қабул қилинса, қўриқхоналарни экологияга ўтказиб берамиз”, – деди Қурбонов.

Top