Kun.uz мухбири Ўзбекистондаги қурилишлар сабаб катта ҳажмдаги яшил ҳудудлар, кўллар, дарахтлар йўқ қилиниб, ўрни тўлдирилмаётгани ҳамда бу жараённинг оқибатлари ҳақида шаҳарсозлик бўйича халқаро эксперт – Темур Аҳмедов ва иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов билан суҳбатлашди.
Kun.uz:
Темур ака, Эркин ака, сизлардан бугун Ўзбекистонда яшилликка нисбатан бўлаётган муносабат ҳақида фикрларингизни сўрамоқчиман. Яъни кўп қаватли уйлар, савдо марказлари қурилиши учун кўплаб яшил ҳудудларнинг йўқотилиши ва уларнинг ўрни тўлдирилмаётгани билан биз нималарни йўқотяпмиз?
Темур Аҳмедов, шаҳарсозлик бўйича халқаро эксперт

— Аслида шаҳарлар одамлар учун қурилади. У инсонлар учун ҳар томонлама қулай жой бўлиши керак. Тошкентни ҳам одамлар 2 минг йиллардан бери ўзига қулай воҳа қилиб яшаб келишди. Яъни улар бу ҳудудларда ҳаво намлиги, сифати, сув сифати ёки қишлоқ хўжалиги учун қулайлиги бўйича керакли балансни сақлаб келишди. Бугун ана шу баланс бузилган.
Шунингдек, ҳар қандай шаҳар яшаш сифати билан баҳоланади. Агар шаҳар одамлар яшаши учун қулай бўлмас, керакли тоза ҳаво топилмас экан, одамлар ҳам у ерда яшашни хоҳламайди ва нархлар пасайиб кетаверади.
Умуман, бугун минтақамизда кузатилаётган чўлланиш ҳодисаси иқтисодий ва хавфсизлик муаммоларини ҳам юзага келтиради.
Биз яшиллик, яшил ҳудудларни кўпайтириш кераклиги ҳақида кўп гапиряпмиз. Айримлар учун бу гўёки кўнгил ёзиш, шунчаки дам олиш ҳудудларини кўпайтириш керак, дегандек туюлади. Йўқ, яшил ҳудудларнинг камайиб бориши аввало, иқтисод, хавфсизлик ва экология муаммоси ҳам.
Эркин Абдулаҳатов, иқлимшунос

— Ёзда жазирама иссиқ кунларнинг кўп, баҳор-кузда ёғингарчиликнинг кам бўлиши ёки қишда қор ёғмаслиги – иқлим ўзгаришларини барчамиз ҳис қилиб турибмиз. Бу ўзгаришлар Марказий Осиё минтақасида қурғоқчилик, чўлланиш жараёнини кескин тезлаштириб юборди.
Биласизми, табиатда ҳар бир жараён ўзаро боғлиқ. Масалан, ҳаво ҳароратининг исиб бориши ер юзидаги сувларнинг буғланишини кўпайтиради. Юқори буғланиш эса сув ресурсларини камайтиради. Сув ресурлари камайиши қурғоқчиликни бошлаб беради. Қурғоқчилик кўпаяркан, яшиллик йўқола боради. Яшиллик камайиб бораверса, инсонларнинг яшаш сифати ёмонлаша бошлайди. Иқлим мигрантлари, касалликлар кўпаяди. Бу жараёнлар Ўзбекистонда аллақачон бошланган. Масалан, Бухорода.

















