21:51 / 20.08.2022
10778

Электр энергияси нархи кўтарилиши сабабли Лондондаги тунги клублар ёпилиши мумкин

Май ойидан буён табиий газ нархи уч бараварга ошган, электр энергияси нархи кўтарилишда давом этмоқда. 

Фото: AP

Лондондаги тунги клублар коронавирус пандемиясидан сўнг яна инқирозга дуч келди, улар электр энергияси нархи кўтарилиши сабабли ёпилиши мумкин, деб ёзади Bloomberg.

Таъкидланишича, Лондон тунги клублари «электр энергияси нархи мунтазам ўсиб боришидан жабрлана бошлади», инфляция эса кўплаб британияликларни иккинчи даражали харажатларни қисқартиришга мажбур қилди. 

Night Time Industries Association маълумотларига кўра, бунинг натижасида пандемияга қадар Буюк Британия иқтисодиётига йилига 46 млрд фунт стерлинг (55,4 млрд доллар) келтирган тунги муассасалар ёпилиши мумкин.

Шу ҳафтада Британия меҳмонхона бизнесига алоқадор беш ташкилот энергия нархлари борасида шошилинч чоралар кўриши учун ҳукуматга мурожаат қилган.

Май ойидан буён табиий газ нархи уч бараварга ошган, электр энергияси нархи кўтарилишда давом этмоқда. 

TIA (National Telecommunications and Information Administration) ҳисоботига кўра, тунги клубларнинг 54 фоизи газ ва энергия етказиб бериш бўйича шартномаларини узайтирмаган.

Cornwall Insight консалтинг компаниясининг билдиришича, шартномани узайтирмаган компаниялар октябрда нархларнинг беш бараварга ўсишига дуч келиши мумкин.

Top