20:42 / 21.08.2022
24580

“Ғалланинг биржага чиқарилиши фермерларга стимул берди, энди навбат пахтага” — фермерлар пахтачиликнинг асосий муаммоси ҳақида

Пахта. Ўзбекистонда етиштириш учун қулай бўлган, шу билан бирга ўзбекнинг... дардига айланган маҳсулот. Айнан пахта сабаб бир пайтлар ер ва сув аёвсиз, ҳисобсиз ишлатилди, ер, сув, одамлар заҳарланди, бутун бошли бир денгиз... қурий бошлади. Мамлакат мустақил бўлиб, ишлар мантиқ доирасига қайтиши лозим эди, аммо ундай бўлмайди. Пахтани зўрма-зўраки етиштириш давом этди.

Ҳозирда мазкур соҳани тўғри шаклга келтириш бўйича ишлар олиб бориляпти: пахтани етиштириш ва теришда одамларни мажбурлаб меҳнат қилдириш каби ўта шармандали ишларга барҳам берилди; пахта майдонлари мантиққа мос ҳолатга келтириляпти, яъни камайтириляпти, пахтани шунчаки хомашё сифатида сотишга барҳам бериляпти – уни тайёр маҳсулотга айлантириш бўйича сезиларли қадамлар ташланди. Пахтанинг фермердан сотиб олиш нархи кўтарилди, бу эса ҳосилдорлик ошишига олиб келди – стимул ошди.

Бироқ, муаммолар ҳамон кўп: соҳа бозор муносабатларига ўтгани йўқ. Масалан, бевосита пахтани етиштираётган фермер ўз маҳсулотини мустақил тадбиркор сифатида биржада сотаётгани йўқ, бу эса уни – фермерни том маънодаги ЭГА бўлишдан тўсиб турибди. Бу – маҳсулдорлик ошишига, ер тўлиқ маънода эгалик бўлишига тўсиқ бўляпти. Фермернинг ишига аралашувчилар – ҳокимлар ва бошқалар ҳамон кўп.

Пахта етиштирувчи билан пахтани сотиб оладиганлар (қайта ишлайдиганлар) ўртасида воситачи бўлмаслиги керак. Фермерларни қўрмасдан мустақил субъектларга айлантириш вақти келди. Биз шу ҳақда фермерлар билан суҳбатлашдик.

“Ўйлайманки, келажакда фермер ўз ҳосилини мустақил равишда ўзи биржада сотади”

Ҳамид Ғойибов, “National agro products” фермер хужалиги рахбари:

— Фермернинг тафаккури ўзгариб кетди. Энди у аввалги фермер эмас. Чунки президентимизнинг қарорлари билан бозор муносабатларига ўтяпмиз. Фермер ташаббусни ўз қўлига оляпти. Олдингидек, фермерни орқасидан юриш керакмас – бундай нарсалар йўқ ҳозир. Бу йил иқтисод қилган пулини келгуси йил сарфлашини ўйлаяпти. Фермер манфаатдор бўлса, мол-қўйини сотиб бўлса ҳам ҳосилига тикади. Ҳамда ердан тўғри фойдаланади. Ўйлайманки, келажакда фермер ўз ҳосилини мустақил равишда ўзи биржада сотади.

Ҳамид Ғойибов

Ҳозир пахтани фермердан сотиб олиш нархи баҳсларни келтириб чиқарди. Шахсан ўзим бу йил етиштирган пахтанинг таннархи 11,5–12 мингга боряпти. Шароитлар ҳар хил: қайсидир ернинг балл бонитети юқори, бошқасики паст ва ҳоказо. Ўйлайманки, бу масалада ҳаммани қониқтирадиган бир тўхтамга келинади.

“Судга бермоқчилигимни айтганимдан кейингина шартномани қўлимга беришди”

Алишер Аҳмедов, “Тўмарис” фермер хўжалиги раҳбари:

— Ҳуқуқшунос бўлганим учунми, фермерчилик соҳасига кириб келганимда, фермерларнинг ҳуқуқий саводхонлиги мени таажубга солди. Улар фуқаролик қонунчилигида шатрномавий муносабатларда субъектлар тенг ҳуқуқли эканини ҳатто тушунишмайди. Тоза бланкаларга қўл кўйиб келишади... Шартноманинг шартлари қанақа, оладиган даромадинг харажатларингни қоплайдими – булар билан танишиш деган нарсанинг ўзи йўқ.

Алишер Аҳмедов

Мана, ҳозир пахта пишяпти, декабрда имзоланган шартномани қўлга олмаганлар бор... Шартномада нима ёзилганини бир томон билмаса, у қанда ҳақиқий бўлади?

Мана, икки йилдан бери фючерс шартномаси имзоланяпти, аммо фермер фючерс шартноманинг асосий шарти бўлмиш олдиндан тўлов нималигини билмайди. Мен ўзим судлашиш тўғрисида очиқ хат берганимдан кейин менга шартномани қўлимга беришди...

“Фермерларда эркинлик йўқ”

Неъмат Ишчанов, “Ишчанов Одилбек” фермер хўжалиги раҳбари:

— Энг долзарб муаммо – фермерларда эркинлик йўқ. Олдин давлат хариди деган нарса бўлган. Ўз-ўзидан тушунарлики, бунда эркинлик бўлмайди: давлатнинг ўзи молиялаштириб, пахтага нарх белгилаб, ўзи сотиб оларди. 2018 йилдан бошлаб, пахта тўқимачилик кластерлари пайдо бўлди. Олдин фермерларни давлат бошқарган бўлса, энди кластерлар бошқариши кўзда тутилди.

Неъмат Ишчанов

Шу ерда, менимча, фермерларга нисбатан ишончсизлик бўлган – гўё улар эплаб кетмайди. Ҳақиқий кластерлар шаклланганда майли эди – пахтани етиштириб, тайёр маҳсулотгача етказадиган, узлуксиз занжирга эга бўлса, қарорларда айтилган кластер бўларди. Аммо ундай бўлмай келди – пахтани фермер етиштирди, кластерларимиз турли йўллар билан нарх белгилаб, худди аввал давлат қандай пахтани сотиб олган бўлса, шундай сотиб олиб келишди.

Давлат биздан пахтани сотиб олганда, фойда кўрмасак-да, рози эдик. Чунки фойда – давлатга, халққа. Шунга яраша давлат ҳосилдорлиги паст ҳудудларга дотация берарди, ижобий фарқ деган нарса бор эди, ҳозир – йўқ.

“Бозор муносабатларига ўтиш керак”

Комолиддин Икромов, “Агробизнес ассоциацияси” раҳбари:

— Ғаллани мисол қиладиган бўлсак, жуда илдам қадам ташланди – президент ирода кўрсатиб, гарчи ҳукумат, назаримда, бунга маънан тайёр бўлмаса ҳам, ғалла нархини ошириш, биржага чиқариш, халқ эҳтиёжи учун давлат захирасини яратишга қарор қилинди. Булар – ривожланган мамлакатда бор амалиётлар. Ҳозир шу тезлик, шу инерцияни йўқотмасдан, давом этиш керак. Бозор муносабатларига ўтиш керак.

Комолиддин Икромов

Масалан, АҚШ тажрибаси ҳақида айтадиган бўлсак, у ерда фермерлар ўзлари пахтани етиштиришади, давлат маълум нархда маҳсулотни сотиб олишига кафолат беради. Яъни бозорда пахта нархи тушиб кетса, фермер пахтани бозорда сотолмай қолса, давлат ўша – ўзи белгилаган нархда пахтани фермердан сотиб олади. Бу билан фермерларни инқирозга юз тутишидан сақлаб туради. Маҳсулотни табиий офатлардан суғурталаш ҳам давлатнинг эгнида.

Шокир Шарипов суҳбатлашди.

Top