08:14 / 29.08.2022
2148

Ҳукумат Ўзбекистоннинг рақобатбардош саноат унумдорлиги индексидаги кўрсаткичини яхшиламоқчи

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистоннинг рақобатбардош саноат унумдорлиги индексида кўрсаткичларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

2022-2030 йилларда рақобатбардош саноат унумдорлиги индексида Ўзбекистон ўрнини яхшилаш стратегияси, 2022-2026 йилларда рақобатбардош саноат унумдорлиги индексида Ўзбекистон ўрнини яхшилаш стратегиясини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури ва иқтисодий фаолият турлари умумдавлат таснифлагичи бўйича юқори ва ўрта-юқори технологияли маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашган тармоқ ва соҳаларда фаолият юритувчи давлат ва хўжалик бошқаруви органлари рўйхати тасдиқланади.

Белгиланишича:

Иқтисодий тараққиёт вазирлиги, Инвестициялар вазирлиги ҳамда Тармоқ бозорлари ва ишлаб чиқаришда меҳнат унумдорлиги тадқиқотлари маркази билан биргаликда БМТ Саноатни ривожлантириш ташкилоти томонидан эълон қилинадиган рақобатбардош саноат унумдорлиги индекси йиллик ҳисоботлари асосида масъул вазирлик ва идоралар ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан ҳамкорликда ҳисобот расмий эълон қилинганидан сўнг бир ой муддатда паст индикаторлар бўйича тизимли камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифларни ишлаб чиқади ҳамда Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши ишчи органларига киритиб боради;

республика кенгаши ишчи органлари индексдаги паст индикаторларга масъул давлат органлари бўйича соҳа ва тармоқлардаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш лойиҳаларини 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга оширишга қаратилган ҳар йиллик давлат дастурларига киритади.

2025 йил 1 сентябрга қадар Иқтисодий тараққиёт вазирлиги индекс таркибидаги индикаторларга масъул давлат органлари билан биргаликда стратегияни амалга ошириш иккинчи босқичи бўйича 2027-2030 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси ва индекс паст кўрсаткичлар бўйича илмий тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш дастурини ўрнатилган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Инвестициялар вазирлиги белгиланган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, Марказий банк ва тижорат банклари, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари раҳбарлари билан биргаликда давлат инвестиция дастурлари ҳамда ҳудудий ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини шакллантиришда, махсус иқтисодий зоналарда саноат инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда қайта ишлаш саноатидаги ўрта юқори ва юқори технологияли маҳсулотлар улуши камида 30 фоизни ташкил этишига алоҳида эътибор қаратади.

Top