08:02 / 03.09.2022
11258

ЕК: Россия «Шимолий оқим»ни ёлғон баҳоналар билан тўхтатди

«Шимолий оқим» орқали газ етказиб беришнинг тўхтатилиши «Газпром»нинг етказиб берувчи сифатида ишончсизлигини яна бир бор исботлади, дея маълум қилди Еврокомиссия.

Фото: Reuters

Россиянинг «Газпром» концерни «Шимолий оқим» қувури орқали газ етказиб беришни тўхтатгани учун кўрсатган сабаб - баҳона, дея маълум қилди Еврокомиссия. «Бугун тушдан кейин «Газпром»нинг «Шимолий оқим-1»ни ёлғон баҳоналар билан яна ёпиб қўйгани ҳақида эълон қилиши унинг етказиб берувчи сифатида ишончсизлигининг яна бир тасдиғидир. Бу шартномаларни бажариш ўрнига газни ёқишни афзал кўраётган Россиянинг сурбетлигини ҳам тасдиқлайди», деб ёзади 2 сентябр, жума куни Еврокомиссия матбуот котиби Эрик Мамер Twitter’да.

Ўз навбатида, Германия Иқтисодиёт ва иқлимни муҳофаза қилиш вазирлиги «Газпром» хабарига изоҳ беришдан бош тортди ва фақатгина улар буни ҳисобга олганини билдирди. «Биз бу баёнотни моҳиятига кўра изоҳламаймиз, лекин сўнгги бир неча ҳафта ичида Россиянинг ишончсизлигини кузатдик ва шунга мос равишда Россиянинг энергия импортидан мустақилликни мустаҳкамлаш бўйича қатъий ва изчил чоралар кўришда давом этамиз», деди Иқтисодиёт вазирлиги вакили.

Унинг қўшимча қилишича, Германия омборхоналарини 85 фоизга тўлдириш бўйича октябр ойидаги мақсадга сентябр ойининг бошидаёқ эришилади. Бундан ташқари, суюлтирилган газни қабул қилиш бўйича янги қувватларни яратиш ва газ етказиб беришнинг муқобил йўналишларини излаш бўйича «муваффақиятли иш» давом этмоқда, дейилади вазирлик хабарида. 

Аввалроқ «Газпром» ширкати «Шимолий оқим» орқали газни юклаш дастлаб режалаштирилганидек 3 сентябрдан тикланмаслигини маълум қилганди. Россия компанияси бунга сабаб сифатида «Портовая» компрессор станциясида нефть сизиб чиқишини кўрсатди. 

«Ускунанинг ишлашига оид жиҳатлар бартараф этилмагунча, «Шимолий оқим» газ қувурига газ бериш бутунлай тўхтатилди», — деб хабар қилди россиялик монополист. «Газпром» баёнотида таъкидланишича, «Siemens компаниясининг маълумотларига кўра, ушбу двигателларда мой оқиши тўлиқ бартараф этилишини фақат ихтисослаштирилган таъмирлаш компанияси шароитида амалга ошириш мумкин». 

Германиянинг Siemens Energy AG компанияси бунга жавобан «Шимолий оқим» газ қувури ишини тўхтатиш учун ҳеч қандай техник сабаблар йўқлигини айтди. «Турбина ишлаб чиқарувчиси сифатида фақат шуни таъкидлашимиз мумкинки, бундай хулоса («Газпром»нинг) ишни тўхтатиш учун техник сабаб бўлмайди. Бундай сизиб чиқиш одатда турбинанинг ишлашига таъсир қилмайди ва уларни жойида бартараф этиш мумкин, - деди компания вакили. 

Унинг сўзларига кўра, бундай муаммоларни бартараф этиш - «профилактика ишлари доирасидаги мунтазам операция»дир. Siemens’да таъкидланишича, илгари бундай сизиб чиқишларнинг пайдо бўлиши қурилма ишини тўхтатишга олиб келмаган. 

Top