18:38 / 06.09.2022
8333

Европа мамлакатлари ҳукуматлари энергия нархлари кўтарилгани сабабли аҳоли ва компанияларга ёрдам учун 114 млрд евро ажратди

Европа мамлакатлари ҳукуматлари энергия нархлари кўтарилгани сабабли аҳоли ва компанияларга маблағ ажратмоқда.

Фото: Reuters

6 сентябр куни Швейцария федерал ҳукумати Axpo энергетика компаниясига 4 млрд франк (4,1 млрд евро) миқдорида кредит ажратилишини маъқуллади.

Португалия ҳукумати 5 сентябр куни аҳолига 2,4 млрд евролик ёрдам пакети ажратди. Ушбу маблағ пенсиялар миқдорини ошириш ва электр энергияси солиғини камайтиришга йўналтирилади.

Германия ҳукумати инфляциянинг уй хўжаликлари ва бизнесга босимини камайтириш учун 65 млрд евро йўналтиришга рози бўлди.

Швеция молия вазири Микаэл Дамберг мамлакат ҳукумати энергетика компаниялари ликвидлигини кафолатлаш учун 23,18 млрд евро ажратишини маълум қилди.

Финландия ҳукумати энергетика компаниялари учун 10 млрд евролик кредит ва кафолатлар дастурини тайёрлади.

Испания бош вазири Педро Санчез октябрдан бошлаб уй хўжаликлари учун газ солиғи 21 фоиздан 5 фоизга туширилишини маълум қилди.

Австрия ҳукумати Wien Energie компаниясига қўшимча 2 млрд евро кредит ажратилишини маъқуллади. Мамлакат аҳолиси ва бизнес жорий ва келгуси йил давомида 6 млрд евро миқдорида ёрдам олади.

Полша ҳукумати аҳолини қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар пакетини маъқуллади. Унга кўра, маҳаллий ҳокимиятлар федерал бюджетдан 13,7 млрд злотий (2,86 млрд евро) олади. Бундан ташқари, уйини кўмир билан иситадиган фуқароларга 3 минг злотийдан пул тўланади.

Буюк Британияда аҳолига электр энергияси ҳақини тўлаш учун 400 фунт стерлингдан ажратилиши эълон қилинган. ОАВ хабарига кўра, Лиз Трасс бизнесга 40 млрд фунт стерлинглик ёрдам пакетини тайёрламоқда.

Нидерландия ҳукумати аҳолига 16 млрд евролик ёрдам пакетини ажратиш устида иш олиб бормоқда. Унга кўра, энг кам иш ҳақи миқдори 10 фоизга оширилади, электр энергияси учун солиқ миқдори камайтирилади, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига субсидиялар ажратилади.

Top