22:01 / 09.09.2022
11931

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш  - ШҲТ мамлакатлари ҳамкорлигининг устувор йўналишлари 

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларига катта аҳамият бериб, уларга барқарор ривожланишнинг асосий унсурларидан бири сифатида қарайди.

Фото: Андрей Гордеев

ШҲТ томонидан қабул қилинган таъсис ҳужжатларида ҳамкорликнинг асосий мақсадларидан бири айнан экология соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик эканлиги кўрсатилган.

Таъкидлаш жоизки, табиатни муҳофаза қилиш мавзуси ШҲТ хавфсизлиги ва барқарор ривожланиши масалалари билан бевосита боғлиқ ҳолда ташкилотнинг барча якуний ҳужжатларидан жой олмоқда. Масалан, ШҲТга аъзо давлатларнинг 2007 йил 16 августдаги узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномасида томонларнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик хавфсизликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириши алоҳида модда билан белгилаб қўйилган.  

Ҳозирда ШҲТнинг экология соҳасидаги фаолияти 2005 йилда Хитойнинг Циндао шаҳрида бўлиб ўтган саммитда қабул қилинган атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик концепцияси доирасида амалга оширилмоқда. У бу соҳадаги амалий ҳамкорликка қаратилган биринчи ҳадли ҳужжат бўлди. Унинг асосий мақсади “экологик мувозанатни сақлаш, қулай экология ва иқтисодиётнинг экологик ривожланишини таъминлаш орқали ҳар томонлама, биргаликда ва барқарор хавфсизликка” эришишдир. Мазкур ҳужжат устида ишлаш Ўзбекистон ташаббуси билан бошланган. Концепция қабул қилингандан сўнг уни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

Белгиланган ишларни амалга ошириш учун 2014 йилда Хитой ҳукумати кўмагида ШҲТнинг Атроф-муҳит бўйича ҳамкорлик маркази ташкил этилди. 2019 йилда ШҲТ шаҳарларининг экологик фаровонлигини ривожлантириш бўйича махсус дастур қабул қилинган бўлиб, у атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш, иқлим ўзгариши оқибатларига мослашиш ва юмшатиш, мегаполисларнинг экологик хавфсизлигини таъминлаш, чиқиндиларни қайта ишлаш ва бошқаларга қаратилган.  

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича кун тартибини илгари суриш мақсадида ШҲТга аъзо мамлакатлар доимий равишда янги тадбирларни ўтказиш ташаббуси билан чиқмоқда. Хусусан, Хитой атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим ишлаб чиқиш, Экологик ривожланиш институти, Ахборот алмашиш платформаси ва ШҲТ Экологик инновациялар базасини ташкил этиш ташаббусини илгари сурмоқда. Қозоғистон ташкилотга аъзо мамлакатларнинг экологик муаммолари реестрини тузиш, ШҲТ экотизимининг рақамли харитасини ишлаб чиқиш, Орол денгизининг қуриган тубининг фитоўрмонмелиорацияси бўйича дастурлар ҳамда алоҳида қўриқланадиган табиий ҳудудлар ва экологик туризмни ривожлантиришни таклиф қилмоқда. Тожикистон Музликларни ҳимоя қилиш халқаро фондини тузиш, Ўзбекистон – ШҲТнинг “Яшил камар” дастурини яратиш ва Орол минтақасининг экологик муаммоларини комплекс ҳал этишни қўллаб-қувватлашга чақирмоқда. Ҳиндистон инновациялар ва стартап экотизимлари бўйича ишчи гуруҳ тузишни таклиф қилмоқда. 

ШҲТга аъзо давлатлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик соф технологияларни жорий этиш, «яшил» иқтисодиёт улушини ошириш соҳасида қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш мақсадида халқаро институтлар билан фаол мулоқот ўрнатиш ниятида. 

Шу тарзда, Самарқандда бўлиб ўтадиган ШҲТ саммити кун тартибида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мавзуси ҳақли равишда муҳим ўринни эгаллайди. 

Ш. Файзиев,
Марказий Осиё халқаро институти бўлим бошлиғи.
Н. Ҳасанов,
Марказий Осиё халқаро институти бош илмий ходими. 

Мавзу
Самарқандда ШҲТ саммити
15–16 сентябр кунлари Самарқанд шаҳрида Шанҳай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити ташкиллаштирилади.
Барчаси
Top