АҚШда бензинда юрадиган автомобиллар бўйича тарихдаги энг қатъий нормалар киритилмоқда
АҚШ ҳукумати автосаноатни электромобил ишлаб чиқаришга ўтказиш учун мисли кўрилмаган даражада қатъийлаштирилган экологик қоидаларни тасдиқлади. Янги қоидалар билан, корхоналар ички ёнув двигателли автомобилларни камроқ, электрокар ва гибрид моделларни эса кўпроқ ишлаб чиқаришга мажбур бўлади.
АҚШ Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги ўтган ҳафта автосаноат соҳаси учун янги стандартларни тасдиқлади. Унга кўра, автомобил заводлари ўзлари ишлаб чиқарган автомобиллардан атмосферага чиқадиган турли ифлослантирувчи моддаларнинг умумий миқдорини кескин камайтириши керак бўлади.
New York Times'нинг ёзишича, янги қоидалардан мақсад – электр ва гибрид автомобилларни кўпайтириш бўлиб, бу нормалар мамлакат тарихидаги энг муҳим экологик қоидалар қаторига киради.
Янги стандартлар 2027–2032 йилларда ишлаб чиқариладиган енгил ва тижорат автомобилларига тааллуқли бўлади (юк машиналари бундан мустасно). 2032 йилга бориб жорий қилинадиган якуний стандартлар мамлакатдаги жами енгил автомобиллар паркидан атмосферага чиқадиган чиқиндиларни амалдаги стандартдан кўра 50 фоизга, тижорат автомобиллари учун эса 44 фоизга камайтириши кутилмоқда.
Агентлик ҳисоб-китобларига кўра, янги қоидалар 7 миллиард тоннадан ортиқ карбонат ангидрид чиқиндиларининг олдини олади ва иқтисодиётга ҳар йили қарийб 100 миллиард доллар фойда келтиради. Хусусан, ҳаво сифатининг яхшиланиши ҳисобига соғлиқни сақлаш тизими 13 миллиард доллар, ёқилғи ва техник хизмат харажатларининг камайиши орқали ҳайдовчилар 62 миллиард доллар маблағини тежаб қолиши кутилмоқда.
Таъкидланишича, 2023 йилда АҚШда электрокарлар жами автомобил сотувларининг 7 фоизини ташкил этган. Бу кўрсаткични 2032 йилгача 56 фоизга етказиш, гибрид автомобиллар улуши эса 13 фоиздан кам бўлмаслигига эришиш мақсад қилинган.
NYT'нинг қайд этишича, янги қоидалар у ёки бу турдаги автотранспорт воситалари сотуви тақиқланишини англатмайди. Автосаноат корхоналари янги қоидаларга қай тарзда амал қилишни ўзлари мустақил ҳал қилишлари мумкин: чеклов алоҳида бир маҳсулот учун эмас, корхона томонидан тақдим этилаётган барча маҳсулот турларига, яъни умумий кўламга қаратилган.
Бошқача айтганда, автомобил ишлаб чиқарувчилар электрокар ва гибрид автомобилларни кўпроқ, бензин ёки дизелда ҳаракатланадиган автомобилларни эса камроқ сотишига тўғри келади. Умумий кўрсаткичлар белгиланган чекловдан ошган тақдирда корхона катта жаримага тортилиши мумкин.
Мавзуга оид
21:00 / 21.11.2024
АҚШ–Хитой зиддияти ва Тайван омили: Трампдан нима кутиш мумкин?
11:15 / 21.11.2024
Путин Трамп билан Украинада ўт очишни тўхтатишни муҳокама қилишга тайёр — Reuters
10:46 / 21.11.2024
АҚШ Украинага янги ҳарбий ёрдам ажратилишини эълон қилди
10:31 / 21.11.2024