12:11 / 09.09.2022
55337

Қиролича Елизавета II’нинг ҳаёти суратларда

У Британия империяси тахтига ўтирганди, Brexit’дан кейин вафот этди. Унинг ҳаёти бир қанча даврларни қамраб олади.

8 сентябр куни Буюк Британия қироличаси Елизавета II 96 ёшида оламдан ўтди. У энг узоқ вақт ҳукмронлик қилган монарх бўлди: 2022 ёзида мамлакатда унинг тахтга чиққанининг 70 йиллиги кенг нишонланганди. Унинг даврида 15 бош вазир ўзгарди, охиргиси - Лиз Трассни у ўлимидан икки кун олдин тайинлаганди. Елизавета II’нинг турмуш ўртоғи, у билан 74 йил бирга ҳаёт кечирган шаҳзода Филипп ўтган йил баҳорида 99 ёшида вафот этганди.

Қуйида Елизавета II ҳаётининг турли даврлари акс этган фотожамланма тақдим этилади.

Қиролича Елизавета II Буюк Британияни мамлакат тарихидаги барча монархлардан узоқроқ вақт бошқарди. У тахтга 1952 йилда чиққанди.
Елизавета 1926 йил 21 апрелида Лондонда туғилган, у Йорк ҳерцоги Альберт ва унинг рафиқаси леди Елизавета Боуз-Лайоннинг тўнғич қизи бўлган.
Елизавета ва унинг синглиси Маргарет уйда таълим олган.
Елизавета II бутун ҳаёти давомида от чопишга қизиққан. Қиролича пойга отлари боқиш билан шуғулланган, бундай тулпорлар унга кўплаб совринлар олиб келган. Суратда: 10 ёшли малика Элизабет амакиси, Глостер ҳерцоги ва инструктор билан Виндзорда от чопмоқда.
ullstein bild / Getty Images
Қирол Эдуард VIII 1936 йилда тахтдан воз кечгач, 1937 йил 12 майда унинг отаси Альберт қирол Георг VI сифатида тахтга чиқади, Елизавета эса тахт ворисига айланади. Георг VI 1952 йил февралида вафот этгунига қадар тахтда қолади. Фото: Central Press / Getty Images
Малика Элизабет ва Маргарет ёш бўлишига қарамай расмий маросимларда қатнаша бошлаган. 1939 йил 23 июнда олинган суратда қирол Георг VI қизлари «Кемпенфельд» эсминеци бортига кўтарилмоқда. Елизавета II умрининг охирига қадар қироллик мажбуриятларини бажаришда давом этди. Хусусан, ўлимидан икки кун олдин у ўзининг бошқаруви давридаги 15-бош вазир бўлган Лиз Трассни лавозимга тайинлади.
Fox Photos / Getty Images
Иккинчи жаҳон уруши даврида Елизавета (чапда) ва унинг синглиси Маргарет Виндзор қасрига эвакуация бўлган. Бу фотосуратда улар BBC’нинг «Болалар соати» дастуридаги чиқиши жараёни акс этган. 
Topical Press Agency / Getty Images
1945 йил февралида малика Элизабет ҳудудий мудофаа кучлари сафига кириб, санитар автомобилида механик-ҳайдовчи бўлади ва лейтенант мақомини олади. 1945 йилда олинган суратда 19 ёшли Элизабет ҳарбий формада.
Keystone / Getty Images
Қироллик хонадони аъзолари 1945 йил майида Ғалаба кунини Букингҳем саройида нишонлашмоқда. Чапдан ўнгга: малика Элизабет, унинг онаси Елизавета, Буюк Британия бош вазири сэр Уинстон Черчилл, қирол Георг VI ва малика Маргарет
ullstein bild / Getty Images
1947 йилда малика Елизавета ўзининг узоқ қариндоши Филипп Маунтбаттенга турмушга чиқади (ўша вақтда Греция ва Дания шаҳзодаси ҳисобланарди), у никоҳдан кейин Эдинбург ҳерцоги мақомини олади.
Малика Елизавета ва шаҳзода Филипп никоҳдан кейин Букингҳем саройи балконида, 1947 йил. Фото: AP/ТАСС
Елизаветанинг отаси қирол Георг VI 1952 йил 6 февралида вафот этади, бу вақтда Елизавета ва Филипп Кенияда эди. Елизавета зудлик билан Англияга қайтади. У 1953 йил июнида Вестминстер аббатлигида тахтга чиқарилади.
1953 йил 2 июнда Елизавета II’нинг тож кийиш маросими.
AP / Scanpix / LETA
Урушдан кейинги қийин давр эканига қарамай тож кийиш маросими барча анъаналарга риоя қилинган ҳолда ўтказилади. Хусусан, қиролича 1760 йилда тайёрланган зарҳалланган каретада кўчалардан ўтади.
Universal History Archive / Universal Images Group / Getty Images
Елизавета II ва турмуш ўртоғи 1953 йил ноябридан — 1954 йил майига қадар илк йирик халқаро турнесини ўтказади. Олти ой ичида қиролича ва Эдинбург ҳерцоги 64 минг километр йўл босиб, Британия Ҳамдўстлиги мамлакатлари ва бошқа қатор давлатларда бўлишади. Шу ва шундан кейинги барча сафарлар нафақат у ташриф буюрган юртларда, балки бутун дунё бўйлаб қизиқишларга сабаб бўлади. Суратда: шаҳзода Филипп ва Елизавета II 1956 йил Нигерияда. Фото: Fox Photos / Hulton Archive / Getty Images
Қиролича Елизавета II Виндзор паркида ўзининг зотдор итларини суратга туширмоқда. 1960 йил.
Фото: Anwar Hussein/Getty Images
Қиролича Елизавета II жаҳон кубогини Англия футбол жамоаси сардори Бобби Мурга топширмоқда, ўшанда англияликлар 1966 йилги жаҳон чемпионати финалида Ғарбий Германия жамоаси устидан 4-2 ҳисобида ғалаба қозонган. Бу ўйин Лондондаги Уэмбли стадионида ўтказилган.
Қироличанинг тўрт нафар фарзанди бор. Бу суратда қиролича эри ва болалари билан Виндзордаги Фрогмор боғида сайр қилмоқда. Чапдан ўнгга: Эдинбург ҳерцоги, шаҳзода Эдвард, қиролича Елизавета II, шаҳзода Эндрю, малика Анна ва шаҳзода Чарльз. 1968 йил.
1969 йил июлида қиролича шаҳзода Чарльзни расман Уэльс аҳолисига валиаҳд шаҳзода сифатида таништиради.
Қиролича Елизавета ва шаҳзода Филипп қасрдаги рождество арчасини безатмоқда. 1969 йил.
Фото: Bettmann/Contributor/Getty Images
1979 йил февралида Елизавета II навбатдаги турне доирасида Форс кўрфази мамлакатларига ташриф буюради. БААда унинг лимузинига туядаги соқчилар ҳамроҳлик қилади.
Tim Graham Photo Library / Getty Images
Қиролича Елизавета II от пойгаларига қизиққан. 1973 йил олинган суратда Елизавета II она қиролича ва Бофортнинг 10-ҳерцоги Генри Сомерсет билан Глостерширдаги пойгани кузатмоқда. Генри Сомерсет Елизавета II’нинг яқин кишиларидан бўлган. Қиролича унинг 1984 йилда бўлган дафн маросимида иштирок этган.
Tim Graham Photo Library / Getty Images
1977 йилда мамлакатда қироличанинг Кумуш юбилейи нишонланади. Британияликлар кўчаларга столлар олиб чиқиб, зиёфатлар уюштиришади. Суратда икки ёшли Трэйси Сэлби қироличага гулдаста бериб ортига югурмоқда.
1981 йилда шаҳзода Чарльз леди Диана Спенсерга уйланади. Уларнинг оиласида икки фарзанд туғилади - Уильям ва Ҳарри. Аммо кейинроқ Чарльз ва Диана ажрашади. Диана 1997 йил августида Парижда автомобил ҳалокатида вафот этади.
Қиролича Елизавета II ва Индира Ганди Деҳлида. 1983 йил.
Фото: David Levenson/Getty Images
Елизавета II 70 йилдан ортиқ давом этган бошқаруви даврида дунё сиёсатидаги барча муҳим фигуралар билан учрашган. Масалан, АҚШ президенти Рональд Рейган билан. Сурат 1983 йил мартида Сан-Францискода Елизавета II’нинг Америкага ташрифи чоғида олинган.
Anwar Hussein / Getty Images
Қиролича ва Эдинбург ҳерцоги  хорижий сафарлардан бирида. 1986 йилда олинган бу суратда уларни Буюк Хитой деворида учратишган.
Малика Диана ва қиролича Елизавета Лондонда. 1990 йил.
Фото: Tim Graham Photo Library via Getty Images
1992 йилни қиролича Елизавета II ўзи учун annus horribilus (даҳшатли йил) деб атайди. Ўша йили унинг икки ўғлининг турмуши бузилади, Виндзор қалъасида эса йирик ёнғин содир бўлади.
1994 йил октябрида қиролича ва унинг турмуш ўртоғи Россияга ташриф буюради. Елизавета II президент Борис Ельцин билан ҳам учрашган. Британ монархлари Ҳамдўстлик таркибига кирмайдиган давлатларга ташриф буюриши мумкин, аммо бошқаруви даврида фақат бир марта.
Фото: Anwar Hussein / Getty Images
Малика Диананинг ўлими Букингҳем саройи ва жамоатчилик муносабатлари ёмонлашувига олиб келади. Қироличани бутун мамлакат билан бирга аза тутмасликда айблашади. Аммо 5 сентябр куни маликанинг дафн маросими куни Елизавета II мурожаат билан чиқади, у ва турмуш ўртоғи Букингҳем саройи олдидаги ёдгорликка гуллар қўйишади.
Ian Waldie / Reuters / Scanpix / LETA
2002 йилда она қироличанинг вафот этиши, ундан кейин малика Маргарет оламдан ўтиши жамоатчиликнинг қироличага меҳрини қайтаради ва улар монархни Олтин юбилейи муносабати билан кенг қўллаб-қувватлашади.
Елизавета II учрашган дунё етакчилари сафида РФнинг иккинчи президенти Владимир Путин ҳам бор. Путин 2003 йил июнида давлат ташрифи билан Буюк Британияга боради. У Россиянинг Британияга 1843 йилдан буён бундай даражадаги ташриф билан борган илк раҳбари бўлади.
Julian Herbert / Getty Images
2005 йилда қироличанинг катта ўғли иккинчи бор уйланади. Шаҳзода Чарльз ва Камилла Паркер-Боулзнинг никоҳ маросими Виндзорда бўлиб ўтади.
Ўзининг 80 ёшида қиролича америкалик комик Граучо Маркснинг кексалик ҳақидаги сўзларини келтиради: «Ҳамма қариши мумкин. Бунинг учун кераги - етарлича узоқ яшашдир». Бир йил ўтиб қиролича Эдинбург ҳерцоги билан тўйининг 60 йиллигини нишонлайди.
Елизавета II ва шаҳзода Филипп Лордлар палатасида. 2010 йил. Фото: EPA/ТАСС
Қироличанинг кексалик давридаги энг бахтиёр дамларидан бири - 2011 йил унинг набираси шаҳзода Уильям ва Кейт Миддлтон ўртасидаги никоҳ маросими бўлганди. Вестминстер аббатлигидаги никоҳдан кейин Уильям ва Кейт йиғилганларни қутлаш учун Букингҳем саройи балконига чиқишади.
2011 йил майида қиролича Ирландия Республикасига ташриф буюрган илк британ монархи бўлади. У Дублиндаги Хотира боғига гулчамбар қўяди. Бу унинг Ирландияга ташрифи дастурининг энг баҳсли қисми эди. Хотира боғи ўз номини Ирландия озодлиги учун курашда ҳалок бўлган барча одамлар, жумладан Британия тахтига қарши курашда ҳалок бўлганлар шарафига ўрнатилган ёдгорликдан олган.
2012 йилда қиролича Бриллиант юбилейини нишонлайди. Байрам дастурида қироличанинг Темза бўйлаб кемада сайр қилиши ҳам ўрин олганди, бу сайр кутилмаганда ёмғир ёғишига қарамай бўлиб ўтади.
2015 йил 9 сентябрда соат роппа-роса 17:30 бўлганида Елизавета II Буюк Британияда энг узоқ вақт ҳукмронлик қилган монархга айланади: у қиролича Виктория томонидан ўрнатилган рекордни янгилайди. Бу вақтга келиб Елизавета II нинг ҳукмронлигига 23 226 кун, 16 соат ва тахминан 30 дақиқа бўлганди. Шу куни қиролича Шотландияда эди – суратда у поездда Эдинбургдан Твидбенк қишлоғига кетаётгани акс этган, у бу ерда янги темирйўлни очиб беради.
Қиролича Елизавета II ва шаҳзода Уильям Альберт-ҳоллдаги Қироллик ложасида. 2015 йил.
Фото: Chris Jackson - WPA Pool/Getty Images
Қироллик оиласидаги яна бир муҳим воқеа: шаҳзода Ҳарри ва Меган Марклнинг Виндзордаги никоҳ тўйи, 2018 йил 19 май. Аммо улар тез орада қироллик оиласи аъзоларининг расмий мажбуриятларини бажаришдан бош тортиб, АҚШга кўчиб кетишади.
Қиролича Елизавета II, шаҳзода Ҳарри ва унинг рафиқаси Меган Қироллик ҳарбий-ҳаво кучлари ташкил этилганининг 100 йиллигидаги парадни кузатмоқда. 2018 йил.
Фото: Max Mumby/Indigo/Getty Images
Covid-19 пандемияси вақтида 2020 йил Елизавета II миллатга мурожаат қилиб, «энг яхши дамлар яна қайтиши»ни ваъда қилади.
Қироличанинг – тўрт фарзанди, саккиз набираси ва 12 эвараси бор. Суратда (чапдан ўнгга): шаҳзода Жорж, Елизаветанинг қўлида шаҳзода Луи. Саванна Филипс (орқада), малика Шарлотта, Эдинбург ҳерцоги, тиззасида Лена Тиндаллни кўтариб турган Айла Филипс, Майя Тиндалл.
2021 йил апрелида 99 ёшида Елизавета II’нинг рафиқаси Филипп вафот этади. Ўша вақтда амалда бўлган ковидга қарши чекловлар туфайли дафн маросимида 30 киши қатнашади, қиролича эса хавфсизлик нуқтайи назаридан бошқалардан алоҳида ўтиради. Елизавета II ёлғиз ҳолда эри билан видолашаётгани акс этган кадрлар пандемия инсоният ҳаётини қанчалик ўзгартирганини акс эттирувчи ёрқин иллюстрациялардан бўлади.
Jonathan Brady / Getty Images
Елизавета II тахтга чиққанининг 70 йиллиги муносабати билан Лондонда ўтказилган тантаналар. Фотода: Уэльс шаҳзодаси Чарльз, Буюк Британия қироличаси Елизавета II, шаҳзода Луи, Кембриж ҳерцогиняси Кэтрин, малика Шарлотта. 2022 йил.
Фото: AP/ТАСС
Елизавета II умрининг охирига қадар қироллик мажбуриятларини бажарди ва оммага кўриниш бериб турди. Бу сурат қироличанинг 2022 йил июн ойи охирида Шотландияга ташрифи чоғида олинган.
Max Mumby / Indigo / Getty Images
Қиролича Елизавета II 96 ёшида Сандрингемдаги мулкида. 2022 йил. Фото: AP/ТАСС

 

Top