Жаҳон | 22:34 / 22.05.2024
6458
3 дақиқада ўқилади

Британия бош вазири Сунак муддатидан олдин парламент сайловларини белгилади

Буюк Британиядаги умумий сайловларда Британия парламентининг қуйи палатаси — Жамоатлар палатасининг янги таркиби шакллантирилади.

Фото: PA images

Буюк Британияда умумий (парламент) сайловлари санаси 4 июлга белгиланди. Бу ҳақда Британия бош вазири Риши Сунак ҳукумат йиғилиши якунлари бўйича баёнот берди. 

«Энди Буюк Британия учун келажагимизни танлаш вақти келди - эришилган ютуқларга асосланишни хоҳлаймизми ёки ҳеч қандай режасиз иш бошлаймизми. Бугун эрта тонгда қирол ҳазратлари билан суҳбатда мен парламентни тарқатиб юборишни сўрадим. Қирол бу илтимосни қондирди ва бизда 4 июлда умумий сайлов ўтказилади», деди Сунак. 

Риши Сунакнинг қайд этишича, Буюк Британия сайловлари «Совуқ уруш тугаганидан бери хавфлироқ бўлган даврда» ўтказилади. Унинг сўзларига кўра, глобал хавфсизлик ва барқарорликка таҳдид Украинадаги жанглар ва Яқин Шарқда «исломий экстремизм»нинг кучайиши билан боғлиқ. 

Буюк Британиядаги умумий сайловларда Британия парламентининг қуйи палатаси — Жамоатлар палатасининг янги таркиби шакллантирилади. Сайловлар бир мандатли 650 та сайлов округининг барчасида ўтказилади. Ҳар бир сайлов округида шу округдан депутатликка номзодлар учун овоз бериш ўтказилади. 

2022 йилги қонунга кўра, парламент бош вазирнинг илтимосига биноан монарх томонидан тарқатиб юборилиши ёки умумий парламент сайловларидан кейин биринчи йиғилиш ўтказилган кундан бошлаб 5 йил ўтгач, автоматик равишда тарқатилиши мумкин. Янги умумий сайловлар парламент тарқатиб юборилгандан кейин 25 иш кунидан кейин ўтказилади. Шу асосда, навбатдаги парламент сайловлари 2025 йил 28 январдан кечиктирмай ўтказилиши керак эди. 

Таъкидланишича, Риши Сунак Буюк Британиядаги иқтисодий вазият яхшилангани сабабли сайловларни муддатидан олдин ўтказишга қарор қилган. 2024 йил апрел ойи охирида Буюк Британияда инфляция март ойидаги 3,2 фоиздан 2,3 фоизгача пасайган. Буюк Британия иқтисодиёти 2024 йил биринчи чорагида олдинги уч ойга нисбатан 0,6 фоизга ўсган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу натижаларнинг барчаси Сунак жорий йилда эришмоқчи бўлган кўрсаткичларга мос келади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид