16:52 / 14.09.2022
29945

Биз билган ва билмаган Мўғулистон. Чингизхон ватанининг яқин ўтмиши ва бугунига назар 

Самарқандга Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилоти саммити доирасида бўлиб ўтаётган тадбирларга Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсух давлат раҳбарлари орасида биринчи бўлиб етиб келди. Аҳолиси оз бўлса-да, қатор кўрсаткичлар бўйича иқтисоди бақувват, тарихи жуда қизиқ ва улкан майдонни эгаллаган бу давлат ҳақида маълумотлар жуда чекланган – Чингизхон, курашчилар, чорвачилар...

Умумий маълумотлар: Хитой билан узун чегарага эга, қатор йўналишларда транспорт коридори бўлиши мумкин бўлган Мўғулистон Халқ Республикасида ҳозирда 3,4 млн аҳоли яшайди. Майдони улкан – 1 564 116 км км ва дунё бўйича бу борада 19-ўринда. ЯИМ ҳажми 47 млрд доллар, аҳоли жон бошига 14 270 доллар (2022). 

Жуда кўпчилик Мўғулистон тушунчасини Чингизхон билан боғлаб ёдга олади ва бу тушунчалар шу ернинг ўзида тугайди. Чиндан ҳам Чингизхон ва унинг авлодлари Македонскийдан ҳам, Рим империясидан ҳам каттароқ ҳудудни забт этишган ҳамда дунё тарихига ниҳоятда кучли таъсир ўтказишган. Ҳозир ҳам Мўғулистонда у жуда улуғланади, улкан ҳайкаллари бунёд этилган, ҳар бир мўғулистонлик тарихи билан фахрланишни яхши кўради.

Лекин ҳоқонлар тарихи фақат Чингизхон билан чекланиб қолмайди. Чунки Чингизхон йигирма йилдан сал ортиқроқ ҳукмдорлик қилган. Унинг ўғиллари, набиралари ҳам зафарли юришларни давом эттиришган ҳамда империя ҳудудларини муттасил кенгайтириб боришган. Марказий Осиё ҳудудларида қолганларининг аксарияти кейинчалик Ислом динини қабул қилишган ва маҳаллий аҳоли билан қўшилиб кетишган.

Замонавий Мўғулистон

Бу давлат ўз тилида Мўғул улуси деб аталади ва бир аср олдин, 1921 йилда Хитойдан мустақил бўлган. Ўзбекистонга ўхшаш жиҳати – денгизга чиқиш йўли йўқ. Ҳудуди жуда катта бўлса-да, фақат икки давлат – Россия ва Хитой билан чегарадош.

Давлатчилик асосларини тузган илк йилларидан бошлаб СССР билан мустаҳкам алоқалар ўрнатган ва социалистик тузумнинг аксарият унсурларини ўзида қўллаган Мўғулистонда ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида динга қарши кураш олиб борилади. Натижалар даҳшатли эди – буддизмга эътиқод қилувчи аҳолининг 36 минг нафари, яъни 5 фоиздан ортиғи қириб ташланади. Бундай катта кўрсаткич сабаби ҳам бор эди – ҳар уч эркакдан бири монахлик йўлини танлаганди.

Иккинчи жаҳон уруши якунида СССР билан биргаликда Япония қўшинлари тор-мор этилишида иштирок этган Мўғулистон 1945 йилда референдум ўтказади ва жуда муҳим сиёсий ютуқ – Хитойнинг бу давлатни тан олишига эришади. Шундан сўнг бу масалани ортга сурган бошқа давлатлар ҳам Мўғулистон давлатини расман тан ола бошлайди. Бу борада сўнгги дипломатик ҳужжат ўзининг халқаро мақоми ноаниқ бўлиб турган Тайван томонидан 2002 йилда имзоланади.

1952 йилда ҳокимият тепасига келган Юмжагийн Цэдэнбалнинг 1984 йилга қадар «тахт»дан тушмагани Мўғулистон тарихида ўзига хос давр сифатида эсланади. Ўша давр ҳозиргача ҳам айрим мутахассислар томонидан тўкинлик ва барқарорликни ёдга туширса, яна кимлар учундир бу демократиядан янада чекиниш, турғунлик ва инсон ҳуқуқларининг топталиши билан таърифланади.

1987 йилга келиб, Мўғулистон ҳам «қайта қуриш»ни бошлайди. СССРдан фарқли равишда бу давлатда қисқа муддатда ҳақиқий мухолифат пайдо бўлади, президентлик сайловларига ва ҳокимият тепасида қолишнинг аниқ муддатларига эътибор қаратилади.

1992 йилда янги конституция қабул қилинади, мамлакат тўла-тўкис бозор тамойилларига ўтади. Эътиборлиси, бу жуда тез натижа беради. 1993 йилдаёқ ЯИМнинг 60 фоизи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келади. Мўғулистон иқтисодининг асоси бўлган чорвачиликда қорамоллар сони 25 миллиондан 1995 йилга келиб 28,5 миллион бошга етади.

Аммо шу билан бирга ўтган асрнинг 90-йилларида гиперинфляция кузатилади (бир йилда 350 фоиздан ортиқ), муҳим маҳсулотлар савдосида карточка тизими жорий қилинади. Бу жараён сиёсий можароларга аралашиб кетди. Мўғулистон Халқ-инқилоб партияси энди олдингидек ҳукмрон бўлмай қолади ва ҳукуматни шакллантиришда мухолифат партиялари билан коалицияга киришишга мажбур бўлади.  

Президентлар

Мўғулистон расман парламентар республика бўлса-да, давлат президент томонидан бошқарилади ва давлат раҳбари қуролли кучларнинг олий бош қўмондони ҳам ҳисобланади. Президент барча иштирок этувчи яширин овоз бериш тарзида ўтказиладиган сайловлар йўли билан тўрт йил муддатга сайланади. Бир шахс икки мартадан ортиқ муддатга сайланиши мумкин эмас.

Сўнгги 25 йилда бу давлатни 5 нафар президент бошқарди:

1. Нацагийн Багабанди, 1997–2005 йиллар, Мўғулистон Халқ-инқилоб партияси вакили;

2. Намбарин Энхбаяр, 2005–2009 йиллар, Мўғулистон Халқ-инқилоб партияси вакили;

3. Цахиагийн Элбэгдорж, 2009–2017 йиллар, Демократик партия вакили;

4. Халтмаагийн Баттулга, 2017–2021 йиллар, Демократик партия вакили;

5. Ухнаагийн Хурэлсух, 2021 йилдан буён, Мўғулистон Халқ-инқилоб партияси вакили.

Номларини эслаб қолиш анчайин қийин бўлган бу президентлар орасида Халтмаагийн Баттулга анча машҳур бўлган. У муваффақиятли самбочи, жаҳон чемпиони ва қатор бошқа турнирлар ғолиби, Мўғулистонда хизмат кўрсатган спортчи бўлган. У президентликка киришган даврида муаммолар, хусусан коррупция билан самбога хос қатъият билан курашишга ваъда берган, анча-мунча бўйни йўғон амалдорларга ўз қўли билан сабоқ бериб қўйиши мумкинлигини эслатган.

Шу билан бирга, Баттулга президентлик қароргоҳидан воз кечган, оддий квартирада яшаб, ишга яёв қатнаган. Шунга қарамай Баттулга иккинчи муддатга сайланмади ва унинг ўрнини 2021 йилда Ухнаагийн Хурэлсух эгаллади. Айнан шу президент Ўзбекистонга ташриф буюрди ва Шавкат Мирзиёев билан музокаралар ўтказди. 

Ўзбекистон билан боғлиқлик

Чингизхон ва авлодларининг тарихимизга таъсири жуда катта. Ҳалигача урф-одатлар, анъаналаримизда бу даврларнинг ўрни бор.

Замонавий дунё тарихни ўрганиш билан бирга келажакка ҳам интилади. Ўзбекистон ва Мўғулистон БМТнинг тенг ҳуқуқли аъзолари бўлган мустақил давлатлардир. Ҳар икки томон ҳам ўзаро алоқалар ривожидан манфаатдор.

Жорий йилда Мўғулистон Ўзбекистон учун визасиз режим жорий этди. Бу давлат раҳбарининг илк бор мамлакатимизга ташриф буюриши, қадамжоларимизга ҳурмат бажо келтириши ҳам ўзига хос рамзий маънога эга ва янги истиқболлардан дарак беради. 

Аброр Зоҳидов

Top