Жаҳон | 19:26 / 04.04.2024
5617
2 дақиқада ўқилади

Мўғулистонда 2023 йилги кўмир экспортидан ҳар бир фуқарога дивиденд тўланади 

Бугунги кунда Мўғулистоннинг барча 3,5 миллион фуқароси кўмир экспорт қилувчи ЭТТ давлат корхонаси акциядори ва эгаси ҳисобланади. 

Фото: Reuters

Мўғулистоннинг ҳар бир фуқароси 2023 йил учун мамлакатнинг асосий экспорт товари – кўмирни сотишдан олинган даромаддан дивиденд сифатида 256 минг тугрик (75 доллар) олади. Бу ҳақда «Эрдэнэс Таван-толгой» (ЭТТ) давлат корхонаси раҳбари Ганбат Жигжид маълум қилди. 

«2023 йил учун дивидендлар қонуний талаб қилинадиган аудитдан сўнг тўлаб беришга тайёр. 1072 та ЭТТ акциясига эга бўлган Мўғулистоннинг ҳар бир фуқароси 2023 йил учун 3 ва 4 апрел кунлари 256 минг тугрик миқдорида дивиденд олади. 2012 йил 11 апрелдан кейин туғилган болаларга дивиденд банк ҳисоб рақамига ўтказиб берилади», деди у. 

Унинг эслатишича, 2022 йил учун фуқаролар 104 минг турик (30 доллардан ортиқ) миқдорида дивиденд олган эди. 2023 йил учун кўмир экспортчиси кўпроқ фойда олди, бу эса дивиденд миқдорини оширди. Бугунги кунда Мўғулистоннинг барча 3,5 миллион фуқароси бевосита ЭТТ акциядори ва эгаси ҳисобланади. 

ЭТТ компанияси 7 миллиард тоннага яқин хомашё захираларига эга йирик кўмир конлари гуруҳига эгалик қилади. Конлар 1950 йилларнинг ўрталарида Омноқов вилоятида совет геологлари томонидан топилган. 1990 йиллардан бошлаб конлар хусусий корхоналар томонидан ўзлаштирилди. 

2008 йилда мамлакат ҳукумати конларни давлат мулкига қайтарди ва ЭТТ компаниясини тузди. Натижада Мўғулистон кўмирнинг энг йирик экспортчисига айланди. 2012 йил апрел ойида ЭТТ акцияларининг бир қисми табиий ресурслар улуши сифатида мамлакатнинг 2,5 миллион аҳолисига бепул тақсимланди. 

Мўғулистон ҳукумати 2024 йил 31 январда 2012 йил 11 апрелдан кейин туғилган 1 миллиондан ортиқ фуқароларга 1072 та янги ЭТТ акцияларини чиқариш ва уларга дивидендлар ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид