18:49 / 16.09.2022
31879

Чўзилган фронт ва ахборот танқислиги: Россия қўмондонлигининг Харкивдаги беш хатоси

Россия томонининг «махсус ҳарбий операция»ни режалаштиришдаги критик нотўғри ҳисоб-китоблари Украинанинг илк йирик ғалабасига олиб келди. Россия қўшинларига нафақат тирик кучлар, фронтдаги вазият ҳақида ўта муҳим ахборотлар ҳам етишмаяпти. Дастлабки мағлубият Россияда қизғин муҳокама қилинмоқда. Нега бундай бўлиб чиққани «Можем объяснить» таҳлилий материалида тушунтирилди.

Урушни ўрганиш институти харитасида ҳаворанг билан сентябр ойидаги қарши ҳужумида Украина қуролли кучларининг озод қилган ҳудудлари кўрсатилган

Кутилмаганлик эффекти

Сентябр ойи бошларида Харкив областида бошланган қарши ҳужум Россия ҳарбийлари учун мутлақо кутилмаган ҳол бўлди. Аввалбошдан улар зарбани Херсонда кутишаётган эди — кузнинг дастлабки кунлари Украина ҳарбийлари ўзларининг жавоб операциясини айнан ўша ерда бошлайдигандек кўринаётганди.

Бироқ бир неча кун ўтиб, Украина қуролли кучлари Харкив областида жойлашган қарама-қарши фронт бўйлаб қақшаткич зарба беришди.

Натижада Россия армияси ўнлаб аҳоли манзилларини, катта қийинчилик билан эгалланган минглаб квадрат километр билан ўлчанадиган ҳудудларни бой берди. Харкив шаҳри остонасидаги фронт чизиғи Оскол ва Шимолий Дон дарёлари ортига чекинди, Киев ўз душманидан бир нечта муҳим плацдармлар (Изюм ва Балаклия)ни қайтариб олиб, Россия чегарасигача чиқди.

Бундай шиддатли ва кутилмаган мағлубиятнинг сабаби нимада? Қуйида Россия қўмондонлигининг бешта жиддий хатосини санаб ўтилади.

Ҳимоясиз юзлаб километрлар

Уруш бошидан Россия қўшинлари юзлаб километрга чўзилиб кетди. Барча йўналишлардан бирданига ҳужум қилиш муваффақиятсизликка учради ва дастлабки чекиниш — Киев, Черниҳив ва Суми областларида рўй берди. Москвадагилар ушбу чекинишни «яхши ниятдаги хатти-ҳаракат» деб атаган бўлса-да, у русларга яхшигина талафот етказди ва уларни фронтнинг бошқа участкаларида позицион урушга ўтишга мажбур қилди.

Бироқ илк муваффақиятсизлик Россия қўмондонлигини замонавий ҳарбий кампания чоғида эҳтимолли ёриб ўтиладиган участкаларда кучларни тўплашга ўргатмаган экан – улар фронтнинг бутун ҳудуди бўйлаб кичик қўшинларини сочиб чиқишда давом этишди.

Натижада, Украина қўшинлари Россия ҳимоясидаги ожиз нуқтани пайпаслаб топа олди. Чунки Москва асосий кучларни жанубга — Херсондаги тахмин қилинаётган ёриб ўтиш нуқтасига элтиб ташлагани туфайли, Украина қуролли кучларининг бўлажак ҳужуми нуқтасида мамлакат жанговар армия захирасининг тажрибасиз жангчилари ҳамда Луҳанск ва Донецк областларидан сафарбар қилиб келтирилган аҳоли вакилларигина қолади.

Бундай таркиб артиллерия ва авиацияда устунликка эга бўлган тақдирда ҳам Украина қуролли кучларига етарли қаршилик кўрсата олиши мумкин эмас эди. Айнан шунинг учун Россия армияси шошилинч равишда дарёлар ортигача чекинди, чунки позицияларни ушлаб қолиш учун мутлақо имконият қолдирилмаган эди.

Харкив областида россияликларнинг ёниб кетган БМП-2 машинаси ёнида турган украин аскари.
Oleg Petrasyuk / EPA / Scanpix / LETA

Тирик кучлар етишмовчилиги

Бу ҳақда таҳлилчилар ҳам, экспертлар ҳам, журналистлар ҳам кўп бор такрорлаб келишаётганди. Россияга оккупация қилинган ҳудудларни ушлаб туриш учун тирик кучлар критик равишда етишмаяпти. Шу сабабли сентябр ойидаги мағлубиятдан сўнг ҳокимият тарафида бўлган Теlegram-каналлар, ҳаттоки Россия Давлат думаси депутатлари умуммиллий сафарбарлик зарурияти ҳақида гапира бошлашди.

Россияликларни кўнгиллилар батальонларига жалб этиш, «Вагнер» хусусий ҳарбий кампаниясига танловни кенгайтириш ва «махсус ҳарбий операция»га маҳбусларни жалб этиш ҳақида хабарлар кўпайди.

Россия илгари ўзи эгаллаган ҳудудларни ушлаб туриш учун захираларни киритишга нечоғлик қодир ва тайёрлиги борасида маълумотлар кам. Масалан, айрим экспертлар Москвадагиларнинг енгида шундай кузир борлигига умуман ишонишмаяпти. Албатта, гап ядровий қурол ҳақида бормаса.

Ахборот йўқ

Агар Россия қўмондонлиги Украина қуролли кучлари қўшинларини қаерга қай тарзда жўнатаётгани ҳақида маълумотга эга бўлганида дастлабки икки пункт бу қадар критик аҳамиятга эга бўлмасди. Бироқ фронтнинг нариги томонида нималар бўлаётгани Москвага ноаниқ бўлиб тургани равшан: на разведка маълумотлари, на радиоэлектрон кураш воситалари ва на махсус пилотсиз учар қурилмалар бор. Айнан шунинг учун шимолдан тўсатдан берилган зарба Россия қўшинларини ғафлатда қолдирди.

Украина қуролли кучлари учун эса вазият тамомила тескари. Украина армияси ихтиёрида нафақат ғарблик иттифоқчилари томонидан етказилган жанговар разведка дронлари бор, бундан ташқари УҚК душманнинг сўзлашувларини эшитиб турибди, бу ҳақда улар ҳарбий кампания бошидан буён тинмасдан такрорлаб келишмоқда.

Буларга қўшимча равишда Киев АҚШ ва Буюк Британиядан ердан ва сунъий йўлдош орқали олинган разведка маълумотларини олиб турибди. Бу эса Киевга кучларнинг нисбатини чамалаб, яшин тезлигида қарши ҳужум операциясини режалаштиришда асқатмоқда.

Бундай номутаносиблик душман кучига тўлалигига етарли баҳо бермасликка олиб келган. Москва Украинанинг муваффақиятли ҳужум қилиш имкониятини кўриб ҳам чиқмаган. Эҳтимол, айнан шунинг учун фронтнинг шимолий қисмида кам миқдорда тирик кучлар қолдирилган ва моҳиятан тўқнашув чизиғининг муҳим участкаси яланғоч бўлиб қолган.

Эскирган тактика

Россия XX асрнинг уруш қилиш усулларидан, Украина эса НАТОнинг XXI аср уруши ишланмаларидан фойдаланаётгани ҳақида кўп ёзилди. Бироқ бу айнан Харкив йўналишидаги қарши ҳужумда янада яққол намоён бўлди.

Украина shaping battlefield (инглизчадан жанг майдонини шакллантириш дегани) доктринаси — ҳужум қилаётган армия разведка маълумотлари ва сохта манёврлар билан барча кучлар ва воситаларни мувофиқлаштирган ҳолда фронтнинг маълум бир бўлагида ўзи учун устунлик яратиш стратегиясини муваффақиятли ўзлаштирди. Бу стратегия Россия ҳужум тактикасига ўхшаш тактика билан жуда яхши уйғунлашади. Пировард натижада, Москва учун анъанавий бўлган ҳимоя принциплари — душманни ўз позицияси ичкарисига жалб қилиб, қанотдан ҳужум уюштириш ёмон ишлай бошлайди.

Бундай шароитларда Иккинчи жаҳон уруши давридан буён одатий бўлиб келган артиллерия тайёргарлиги — оммавий ҳужум олдидан душман позицияси бир неча кун мобайнида артиллерия томонидан текисланиши ҳам иш бермайди. Биринчидан, бу Украина қуролли кучларига ҳужум қайси нуқтадан уюштирилиши режалаштирилаётганини ошкор қилиб қўяди. Иккинчидан, бундай тактика — келажакда йўқотишларни камайтириш учун снаряд алмашишдан бошқа нарса эмас. Агар ҳужум қилаётган томонда бундай ечим учун етарли куч ва ўқ-дорилар бўлса — бу иш бериши мумкин. Лекин Россияга аллақачон снаярдлар етишмаяпти.

Айни пайтда Россия қўшинларининг бир қисми асосий гуруҳдан Днепр дарёси билан узилиб қолган Херсон областида кузатилаётганидек логистика билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлса, бу муаммо янада мушкул кўриниш олади.

Жуда секин ҳужум қилинган

Урушнинг илк ҳафталаридаги қайноқ фаза, Киевдан чекиниш ва Донбасс учун урушдан сўнг Россия армияси жуда имиллаб олдинга силжий бошлади. Кўпинча бир сутка давомида фронтни бир неча юз метрга силжитишга муваффақ бўлинди. Бунга юқорида санаб ўтилган омиллар сабаб бўлди: шахсий таркиб ва ахборот етишмовчилиги, логистика билан боғлиқ муаммолар.

Натижада Украина қуролли кучлари Москванинг эгаллаб олиш операциясини ҳолдан тойгунча уришишга ўтказишга муваффақ бўлди. Шундан сўнг ғарбдаги иттифоқчилари берган маълумотлар ва уларнинг ҳарбий ёрдами шарофати билан ожиз нуқталарни «пайпаслай» бошлади.

Энди Россия армияси УҚКнинг ҳужумларини такрорлай оладими, яъни Москва ҳудудларни эгаллаб олиш бўйича операцияларини шу қадар шиддатли ва самарали ўтказа оладими ёки дастлабки кунларнинг кутилмаганлик эффектини қўлдан бой бериб, депсинишда давом этадими — бу номаълум бўлиб турибди.

Москвадагилар энди нима қилишмоқчи?

Бу муаммоларни ҳал қилиш учун Россия пропагандачилари ва ҳокимиятга ён босувчи сиёсатчилари биринчи навбатда умуммиллий ҳарбий сафарбарлик эълон қилишни таклиф этишмоқда. Ўз позициясини билдиришда етти ўлчаб бир кесадиган РФКП етакчиси Геннадий Зюганов ҳам қараб ўтиргани йўқ. «Уруш ва махсус операция тубдан фарқ қилади. Махсус операцияни тўхтатиш мумкин, урушни эса ўзингиз истасангиз ҳам тўхтатиб бўлмайди. У икки йўл билан тугайди: ё мағлубият, ё ғалаба билан. Донбассда ғалаба қозониш масаласи — бу бизнинг тарихан тирик қолишимиз масаласи. Бу мамлакатда яшовчи ҳар бир инсон бўлаётган воқеаларга реал баҳо бериши керак», — деди у Давлат думасида. Кейинчалик РФКП аъзолари партия етакчиси биринчи навбатда иқтисодий сафарбарликни назарда тутди, дея сувашди. 

Давлат думасининг хавфсизлик бўйича қўмитаси аъзоси Михаил Шеремет янада конкретроқ гапирди. У «тўлиқ сафарбарликсиз, иқтисодиётни ҳарбий релсларга ўтказмасдан туриб, керакли натижаларга эриша олмаймиз», деди. Бироқ Дмитрий Песков парламент аъзоларининг (шунингдек, юзлаб пропаганда Теlegram-каналларининг) сўзларини рад этди-ю, «ҳозир сафарбарлик ҳақида гап бормаяпти», деди.

Россия армиясининг бошқа очиқ-ойдин муаммолари эса Кремлга яқин шарҳловчиларнинг нигоҳига негадир тушмаяпти. Армияни қайта қуроллантириш ва тактикани ўзгартириш ҳақида гап бормаяпти. Ҳокимиятнинг Рамзан Қодиров каби яккам-дуккам вакиллари «йўл қўйилган хатолар»ни тан олиб, шиддатли жавоб қайтаришга ундамоқда. Бироқ кўп ҳолатлар журналистлар ва таҳлилчилар мағлубият учун айбни НАТО аскарларига ағдаришмоқда.

Энди нима бўлади?

Ҳарбий кампания об-ҳаво, лойгарчилик ва совуқ туфайли тўхтаб қолишидан аввал Украина армияси ташаббус жиловини ўз қўлида тутиб турибди. УҚК қисқа фурсатда кенг миқёсли ҳужум операцияси уюштира олишини кўрсатиб, Россия қўмондонлигини эсанкиратиб қўйди.

Украина армияси навбатдаги зарбасини қаерга беришини тахмин қилиш қийин. Эҳтимол, улар Шимолий Дон дарёсини кечиб ўтиб, сентябр ойи бошларидаги муваффақиятли юришларини Луҳанск областида давом эттирар. Балки бу Херсондаги ёриб ўтиш бўлар. Бу саволга жавобни Россия Федерацияси қуролли кучлари Бош штабидагилар ҳам билмаса керак.

Россия армиясидан ҳам қандайдир жавоб юриши кутилмоқда. Бироқ Москвада бундай қарши зарба учун захира ва кучлар етарли эканлиги аниқ эмас. Жойлардан келаётган хабарларга кўра, Херсон остонасида ёпирилма артиллерия зарбалари давом этмоқда. Юқорида зикр этилганидек, Днепрдан нарёғдаги гуруҳда зарба учун етарли куч ва техника ҳам, таъминот йўллари ҳам йўқ. Чунки Украина артиллерияси кўприклар, понтонли йўл ўтказгичлар ва паромларга тинмасдан зарба бериб турибди. 

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top