Жаҳон | 08:00 / 01.05.2024
3421
2 дақиқада ўқилади

Украина 300 мингта дрон сотиб олиш учун пул ажратади

Киев дронларни сотиб олиш учун қўшимча равишда 367 миллион евро ажратади, деди бош вазир Денис Шмихал.

Фото: Oleksiy Filippov/Come Back Alive

Киев Россия ҳужумидан мудофаа учун учувчисиз учоқларга бўлган харажатларни оширмоқда. Украина бош вазири Денис Шмихал 30 апрел, сешанба куни ушбу мақсадлар учун қўшимча 15,5 миллиард гривна (367 миллион евро) ажратилишини маълум қилди. «Бугун ажратилган маблағ эвазига Хавфсизлик ва мудофаа кучларимизга 300 минг дрон етказиб берилади», деди у. Шмихалнинг сўзларига кўра, аввалроқ Украина жорий йилда дронларни сотиб олиш учун 43,3 миллиард гривна (тахминан 1 миллиард евро) бюджет ажратган.

Киев ҳар хил турдаги дронларни яратиш ва ишлаб чиқаришни жадал суръатлар билан оширмоқда. Охирги ҳафталарда Украина қўшинлари ҳам Россия ҳудудларига учувчисиз учоқлар билан ҳужумларни кучайтирмоқда.

30 апрел куни Россия Мудофаа вазирлиги Белгород ва Курск вилоятлари узра учта Украина учувчисиз учоқлари тутиб олингани ҳақида хабар берди. Курск вилояти губернатори Роман Старовойтнинг сўзларига кўра, Николаево-Дарьино қишлоғида дрон ҳужуми натижасида хусусий уй ёниб кетган, ёнғин оқибатида маҳаллий аҳоли вакили ҳалок бўлган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид