21:27 / 18.09.2022
61179

Сталин қарори, «дўстлик рамзи» сифатида берилган ер ва «Ҳалқа» операцияси. Озарбойжон-Арманистон можароси тарихи

Арманистон-Озарбойжон чегараси ҳозирги кунда дунёдаги энг қайноқ нуқталардан бири ҳисобланади. Икки халқнинг бир-бирига қарши қурилган мафкураси бу миллатларни муросасиз рақибларга айлантирди. Муаммо илдизи қаерда? Нега Жанубий Казказда аниқ чегаралар ўрнатиш мураккаб муаммо ҳисобланади?

Фото: Arif Hudaverdi Yaman/Anadolu Agency via Getty Images)

Жанубий Кавказ тарихи

Кавказорти минтақаси бугунги кунда дунёдаги энг кўп чегара низоларига эга ҳудудлардан бири. Чеченистон-Ингушетия, Грузия-Жанубий Осетия, Грузия-Абхазия, Арманистон-Озарбойжон каби қарама-қаршиликлар ҳалигача ўз ечимини топгани йўқ.

Муаммоларнинг кўпчилиги тарихий мерос билан боғланади. Минтақа тарихига назар солинса, Кавказдаги илк давлат грузинларнинг қадимги Колхида қироллигидир. Бу қироллик ҳақидаги илк маълумотлар милоддан аввалги биринчи мингйиллик ўрталарига тегишли. Кейинроқ Буюк юнон колониялаштирилиши даврида минтақага юнонлар ва эллинизм ҳам кириб келади.

Арманистон тарихчилари мамлакат тарихини қадимги Урарту давлатига боғлайди. Бу давлат ҳозирги Ван, Урмия ва Севан кўллари орасида жойлашган бўлиб, Урарту тили илк арман тилига жуда яқиндир. Тарихдаги илк арман давлатчилик тузилмаси эса милоддан аввалги 585 йилда Аҳамонийлар давлати таркибида ташкил этилган Арман сатраплиги эди.

Милодий IV асрда мавжуд бўлган жанубий Кавказдаги давлатлар

Жанубий Кавказ минтақаси тарихини шартли равишда икки даврга бўлиш мумкин: Христианлар ҳукмронлиги даври — ХI асргача, мусулмон ёки туркийлар ҳукмронлиги даври ХI асрдан ХХ аср бошларигача.

Жанубий Кавказда Аҳамонийлардан сўнг македонияликлар, Салавкийлар, Рим империяси ва Византия ҳукмронлиги ўрнатилади. Кейинроқ эса Араб халифалиги қўшини минтақани забт этади, бироқ мусулмонларнинг бу юриши Жанубий Кавказдаги диний демографияга деярли таъсир ўтказмайди. Шимолий Кавказда ташкил топган Хазар хоқонлиги минтақадаги илк туркий давлат эди.

Араб халифалигидан сўнг бу ерлар яна Византия императорлиги таркибига қайтади ва Жанубий Кавказда Константинополга вассал Арманистон, Грузия, ва Кавказ Албанияси қиролликлари ташкил топди. ХI асргача бўлган кейинги давр юқоридаги уч қироллик ва Византиянинг курашлари билан таснифланади.

ХI аср ўрталаридан Кавказ минтақасига янги куч — туркий салжуқийлар бостириб киради. Салжуқийлар қўшини Кавказнинг катта қисмини босиб олади ва бу ерга туркийларнинг йирик миграциясини бошлаб беради.

Минтақада салжуқийлардан сўнг Озарбойжон отабегилари давлати пайдо бўлади. Жанубий Кавказ ва Кичик Осиёни бўйсундирган бу султонликнинг пойтахти ҳозирги Озарбойжон давлати ҳудудида жойлашган Барда шаҳри эди. Нахчивон, Ганжа, Ширвон, Бейлагон, Аррон ва Табриз каби ҳудудларни бўйсундирган Отабегилар давлатини илк Озарбойжон давлатчилиги деб аташ мумкин.

XVIII-XIX асрда вужудга келган Озарбойжон хонликлари ва Ереван хонлиги

Салжуқийлар империяси заифлашиб, минтақа мамлакатлари қисқа мустақилликка эришишидан сўнг бу ерга аввал хоразмшоҳлар, сўнг мўғуллар бостириб киради.

Улардан сўнг эса кейинги туркий сулолалар, Амир Темур, оққуюнли ва қорақуюнли туркманлар бу ҳудудлар ҳукмдори бўлади.

Ва ниҳоят 1501 йилда Исмоил Сафавий Табризни эгаллайди ва Озарбойжон давлатчилиги чўққиси ҳисобланувчи Сафавийлар давлатига асос солди. Ҳозирги Арманистон, Грузия ва Озарбойжон Сафавийлар ва Усмонийлар империяси ўртасидаги талаш ҳудудга айланади. Жанубий Кавказ икки империя томонидан бўлиб олинади.

Сафавийлар даврида Жанубий Кавказга туркийларнинг яна катта миграцияси бошланади ва бу ҳозирги Озарбойжон халқи шаклланишида муҳим рол ўйнайди. Озарбойжонликлар минтақанинг Нахчивон, Ганжа, Боку, Шамаҳи, Шеки, Табриз, Ардебил, Иғдил, Қорабоғ каби ҳудудларига ўрнашади.

XVIII аср иккинчи ярмидан Сафавийлар давлати заифлашгач, Жанубий Кавказнинг Эронга тегишли қисмида бир неча мустақил хонликлар пайдо бўлади. Булар Боку, Қорабоғ, Ганжа, Ширвон, Шеки, Қуба, Дарбанд, Талиш ва Ереван хонликлари эди. Айнан ушбу хонликлар Озарбойжон ва Арманистон Республикасининг (Ереван хонлиги) ҳозирги сарҳадларига асос бўлади.

Грузия ерлари эса Усмонлилар назорати остида қолади ва ХIХ аср бошида Россия империяси таркибига ўтиб кетади.

ХIХ асрда Кавказда бошланган Россия-Эрон урушлари минтақа тақдирини ҳал қилади. Гулистон (1813 йил) ва Туркманчой (1828 йил) шартномалари имзоланиши билан якун топган бу урушлар натижасида Шарқий Арманистон, Аракс дарёсидан шимолдаги ерлар (ҳозирги Озарбойжон) Россия империяси таркибига ўтади. Руслар Эрондан тортиб олинган ерларда Ереван, Ганжа ва Шамаҳи вилоятларини ташкил этади.

Арман ва озар халқларини тарихда ҳам бир-бирига рақиб бўлган дейиш қийин. Чунки минтақадаги етакчилик кўп асрлар давомида улар қўлида эмас, Мўғуллар (Элхонийлар), Усмонийлар, Сафавийлар ва Грузияда бўлгани боис бу икки халқ тўғридан тўғри адоватга эга бўлмаган.

Деярли бутун Жанубий Кавказ бўйлаб арман ва озарбойжонликлар бирга яшаб келган. Хусусан, 1917 йилда ҳозирги Озарбойжон ҳудудида 450 мингга яқин арман яшаган бўлса, Арманистоннинг тўрт уездида (Ереванда ҳам) озарлар аҳолининг 49 фоизини ташкил қилган.

Биринчи уруш

Биринчи Озарбойжон-Арманистон урушидаги арман аскарлари. Фото: Alchetron

Россия империяси Биринчи жаҳон уруши охирида қийин аҳволга тушиб қолади. Техника ва ресурслар етишмовчилиги сабаб руслар шарқий фронтни ушлашда қийинчиликларга учрайди. Усмонийлар Россияга қарши урушга кириши натижасида Кавказда ҳам фронт пайдо бўлади.

Россияда феврал инқилоби содир бўлгач, Кавказ фронти заифлашади ва Туркия Кавказда бир қанча ҳудудларни эгаллаб олади.

Россиядаги муваққат ҳукумат томонидан тузилган Кавказорти комиссарлиги усмонийлар билан музокара олиб боришга ҳаракат қилади, бироқ турклар бу муассасани Кавказ халқи вакили сифатида тан олмайди.

Шундан сўнг Жанубий Кавказ давлатлари: Грузия, Арманистон ва Озарбойжон биргаликда Кавказорти федератив демократик республикасини (КФДР) тузади. Усмонийлар янги федерация билан музокаралар олиб боришга рози бўлади. Аммо республикаларнинг манфаатлари бир-бирига мос келмагани боис бу иттифоқ тезда тарқалиб кетади. Натижада усмонийларнинг ҳужумлари ҳам давом этади. Грузия ва Арманистон турк қўшинларига кураш олиб боради, Озарбойжон эса усмонийларни қўллаб-қувватлайди.

Антанта давлатларининг большевикларга қарши уруши доирасида Кавказга инглиз қўшинлари кириб келади ва улар туркларни тинчлик сулҳи тузишга мажбур қилади. 1918 йил 30 октябрда тузилган Мудрос тинчлик шартномасига кўра, Усмонийлар давлати чегаралари Россия билан урушдан олдинги чегараларига қайтарилади.

Тез орада собиқ иттифоқчилар орасида уруш бошланади. Аввал Грузия билан уруш олиб борган Арманистон янги қўшниси Озарбойжон Демократик Республикаси билан ҳам курашишига тўғри келади. Боку Сюник (Зангезур), Тоғли Қорабоғ ва Нахчивон вилоятлари тарихан Озарбойжонга тегишли экани, арманлар бу ерларда ноқонуний жойлашиб олганини даъво қилади.

1918 йил март ойида Бокуда арман ва озарлар ўртасида низо келиб чиқади ҳамда тўқнашувлар бошланиб кетади. Большевиклар расман бетарафлигини айтган бўлса-да, аслида арманларга ёрдам беради. Бокудаги қирғин натижасида уч мингдан ўн икки минггача озарлар ўлдирилади. Март қирғини икки халқ орасида илк душманлик оловини ёқади.

1918 йил сентябрда озарбойжонликлар билан иттифоқ тузган Усмонийлар кучлари Бокуни эгаллайди ва март қирғинига жавобан арманлар қирғини уюштирилади. Қатлиом давомида ўн мингдан ортиқ арманлар ўлдирилади.

Мудрос сулҳидан сўнг октябр ойида турклар минтақани тарк этгач, арман кучлари Тоғли Қорабоғни эгаллаб олади. Андраник Озанян бошлиқ арман қўшинлари 1919 йилда Шушани қўлга киритиш учун ҳужумга ўтади, бироқ инглиз қўмондонлиги буйруғи билан ортга чекинади. Буюк Британия Тоғли Қорабоғ ва бошқа ҳудудий даъволар Париж тинчлик конференциясида ҳал этилишини маълум қилади. Инглизлар озарбойжонлик Хусравбей Султонни Тоғли Қорабоғ губернатори этиб тайинлайди. У минтақадаги озар кучларини мустаҳкамлаш сиёсатини олиб боради.

1919 йил август ойида инглиз қўшинлари минтақани тарк этгач, Хусравбей Султон арман қўшинлари Зангезур (Сюник)даги озар қишлоқларини талаётгани ва одамларни ўлдираётгани сабаб Зангезурга ҳужум қилиш учун Бокудан ёрдам сўрайди. Унинг илтимоси қондирилиб, 1919 йил 3 ноябрда Озарбойжон қўшинлари Зангезурга кириб келади. Лекин бу ҳужум муваффақиятсиз тугайди ва Озарбойжон қўшини ортга чекинади.

Париж тинчик конференцияси қарорига кўра Озарбойжон давлати чегаралари (яшил рангда)

1920 йил бошида якунланган Париж конференцияси ҳам Жанубий Кавказдаги ҳудудий муаммоларни ҳал қила олмайди. Бу пайтда анча куч тўплаган арманлар Қорабоғга ёрдам беришга қарор қилади. Қорабоғда Наврўз байрами пайтида уюштирилган қўзғолонга жавобан Шушада арманлар қирғини бошланади. Арманистон қўшинлари Тоғли Қорабоғга кириб келади, бироқ уларинг бу юриши 11-қизил армия уларни бу ердан ҳайдаб чиқариши билан якунланади. Чунки большевиклар бу пайтда мустақил Озарбойжон республикасини тугатганди.

Нахчивон учун жанглар ҳам Озарбойжон фойдасига ҳал бўлади. Бу ерда Усмонийлар ва Озарбойжон кучлари арманларни мағлуб этади ҳамда 1920 йилда 11-қизил армия эгаллаши билан вилоят Озарбойжон юрисдикциясига ўтади.

1920 йил апрелда мустақил Озарбойжон, 1921 йил июл ойида эса мустақил Арманистон республикалари тугатилиб, СССР таркибига қўшиб олинади.

Ниҳоят 1921 йил 5 июлда Иосиф Сталин раислигидаги большевикларнинг Кавказ комитети — Кавбюро Арманистон-Озарбойжон можароси бўйича якуний қарор қабул қилади: Қорабоғнинг тоғли қисми Озарбойжонга ўтади ва 1923 йил июл ойида Озарбойжон таркибидаги Тоғли Қорабоғ автоном вилояти ташкил этилади. Зангезур эса Озарбойжон томонидан «дўстлик рамзи» сифатида Арманистонга берилади.

1921 йил октябрда Карс шаҳрида Россия, Грузия, Озарбойжон, Арманистон ССР ва Туркия ўртасида шартнома имзоланади. Унга кўра, Нахчивон вилояти автоном ҳуқуқлар билан Озарбойжон таркиби ўтказилади. Туркия ва Россия Нахчивон автоном республикаси мақомининг кафилларига айланади.

Бунинг эвазига Туркия Александрополни Арманистонга, Карсни эса Грузияга беришга рози бўлади.

Шу тариқа, советлар ҳукумати Жанубий Кавказ муаммосини ҳал қилади.

Иккинчи уруш

СССР таркибига киргандан кейин ҳам Тоғли Қорабоғ ва Нахчивон муаммоси сақланиб қолди. Сталин даврида арманларнинг Тоғли Қорабоғ бўйича даъволари шафқатсизлик билан бостирилган бўлса, кейинги даврларда вилоятда кичик намойишлар бўлиб туради. 1985 йилда Горбачёв СССРда «қайта қуриш» сиёсатини бошлагач, Жанубий Кавказда аҳвол яна кескинлашади.

Иккинчи Озарбойжон-Арманистон уруши. Фото: ТАСС

Тоғли Қорабоғ аҳолиси 1988 йилда митинглар уюштиради ва ҳудуднинг Ереван билан бирлашишини талаб қилади. Горбачёв СССР Конституциясининг 78-моддасига мувофиқ республикалар ўртасидаги чегаралар ўзгариши мумкин эмаслигини маълум қилади. Бу эса арманлар норозилигини кучайтиради, улар Кавбюронинг 1921 йилги қарори нотўғри ва адолатсиз бўлганини даъво қилади.

1988 йил Тоғли Қорабоғ яқинида арман ва озарлар тўқнашуви бўлиб ўтади. Бу ерда озарлар калтаклангани ҳақидаги хабарларга жавобан Озарбойжон шарқидаги Сумгайт шаҳрида арманлар қирғини уюштирилади. Шаҳардаги арманлар Арманистонга қочиб кетади.

Кейинги тўрт йилликда икки томон ҳам ўз ҳудудида қирғинлар уюштиради. 1988-1992 йилларда Озарбойжон ва Арманистон ўз ҳудудидаги озар ва арманларни «алмаштиради». Инсонлар бир неча юз йиллардан бери яшаб келаётган жойларини ташлаб, ўз республикалари томонга ўтади. Натижада бир неча қишлоқлар бутунлай бўшаб қолади.

Горбачёв вазиятни назоратга олиш учун Тоғли Қорабоғга СССР Ички ишлар вазирлиги қўшинларини киритади ва вилоятни арман миллатчиларидан тозалаш учун «Ҳалқа» операциясини ўтказади. Бироқ тўқнашувлар тўхтамайди.

1991 йил СССР парчалангач, Тоғли Қорабоғда вазият бутунлай назоратдан чиқиб кетди. Вилоят референдум ўтказади ва ўз мустақиллигини эълон қилади. Боку бу референдум натижаларини тан олмайди. Озарбойжон вилоятга ўз армиясини киритади. Тўқнашувлар бошланади.

Тинч аҳолига ҳужум қилиш ҳолатлари кўпаяди, хусусан, арман кучлари Хўжайлида Озарбойжон томон кетаётган юзлаб тинч аҳоли вакилларини ўлдиради.

Ҳарбий техника ва сон жиҳатдан устунлигига қарамасдан Озарбойжон армияси бу урушда енгила бошлайди. Мамлакатдаги ички тартиб бузилиб, уч марта ҳокимият алмашинуви юз беради.

Озарбойжоннинг муваффақиятсизликларидан сўнг Россия Арманистонга ёрдам бера бошлади. Жумладан, Москва бир миллион доллар миқдордаги ҳарбий қуролларни Ереванга етказиб беради.

Икки йил давом этган уруш натижасида Арманистон Тоғли Қорабоғдан ташқари Озарбойжоннинг Келбажар, Фузулий, Оқтом, Жабройил, Лочин ва Зангилон туманларини босиб олади. Шу тариқа, Тоғли Қорабоғ ва Арманистон ҳудуди бирлаштирилади.

Арманистон Нахчивонни ҳам ўққа тутиб кўради, бироқ Туркия етакчилари, айниқса, Тансу Чиллернинг қатъий огоҳлантиришидан кейин автоном республика ҳудудига ҳужумлар уюштирилмайди. Туркия Арманистон билан чегарага ўз қўшинларини тўплаб, Ереванни Нахчивонга ҳужум қилган тақдирда юз бериши мумкин бўлган жиддий оқибатлар ҳақида огоҳлантиради.

Иккинчи Озарбойжон-Арманистон урушидан сўнг Арманистонга ўтган Тоғли Қорабоғ ва Озарбойжон ерлари

1994 йилга келиб Озарбойжон армияси тушкун кайфиятга тушиб қолган, урушни давом эттириш Боку учун жиддий салбий оқибатларга олиб келиши мумкин эди. Шу боис 1994 йил 5 майда томонлар Бишкекда Россия воситачилигида ўт очишни тўхтатиш тўғрисида шартнома имзолайди.

Учинчи уруш

Иккинчи Арманистон-Озарбойжон уруши ёки Биринчи Қорабоғ урушидан сўнг табиийки, Озарбойжон ўзининг йўқотилган ҳудудларини қайтаришга интилди. Қорабоғдаги фронт фаоллигича қолди. Жумладан, 2014 ва 2016 йилларда икки давлат ўртасида жиддий тўқнашувлар юз берди.

Учинчи Озарбойжон-Арманистон уруши рамзларидан бирига айланган сурат
Armenian Defence Ministry / AFP / Scanpix / LETA

2020 йил сентябр ойида Туркия ва Озарбойжон қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказди. Машғулотлар тугаганидан бир неча кун ўтиб, 27 сентябр куни Озарбойжон қўшинлари тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси билан фронт чизиғининг жанубида кенг кўламда ҳужумга ўтди.

Жангларда оғир артиллерия, зирҳли ҳарбий техникалар, ракета ва дронлар, шунингдек халқаро ҳамжамиятнинг катта қисми томонидан тақиқланган кассетали ўқлар ва баллистик ракеталардан фойдаланилди. Туркия томонидан тақдим қилинган дронлар Озарбойжон қўшинларининг устунлигини таъминлашда муҳим рол ўйнади.

Озарбойжон армияси 44 кунлик уруш давомида Арманистон томонидан 1992-1994 йилги урушда эгаллаб олинган туманларни қайтариб олди. 8 ноябр куни Озарбойжон кучлари қадимги Қорабоғ хонлиги пойтахти бўлган, вилоятдаги иккинчи муҳим шаҳар Шушани қўлга киритди. Бу шаҳар 1992-1994 йилги урушда Озарбойжон кучларининг таянч нуқтаси бўлган, кейинроқ арманлар томонидан босиб олинган эди.

Шуша қўлга киритилгач, 9 ноябрда Москвада уч томонлама музокаралар бўлиб ўтди. Унда эришилган келишувларга мувофиқ, Арманистон Тоғли Қорабоғ атрофидаги Озарбойжон ерларини қайтариб бериш, Озарбойжон ва Нахчивон республикаси анклави ўртасида транспорт коридори очиш мажбуриятини олди. Шунингдек, Тоғли Қорабоғ-Озарбойжон чегараси ва Қорабоғни Арманистон билан боғловчи Лочин йўлаги хавфсизлигини таъминлаш учун минтақага Россия тинчликпарвар кучлари киритилди.

44 кунлик уруш Озарбойжон кучлари жанговар салоҳияти анча ўсганини кўрсатди. Ҳаво зарбалари ёрдамида Озарбайжон армияси Арманистон кучларининг асосий техникаларини йўқ қилди. Бу урушдан сўнг Арманистон армияси амалда ҳужумкорлик имкониятини йўқотди.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Европа кенгаши раиси Шарл Мишел воситачилигидаги музокараларда. 2022 йил август. Фото: EPA

Ҳозирги вазият

Яқинда бошланган навбатдаги тўқнашувлар олдингиларидан фарқ қилиб, бу сафар Озарбойжон ўзи ҳам Арманистон ҳудуди деб тан олувчи Жермук ва Варденис шаҳарларига зарба берди. Озарбойжон дронлари Арманистоннинг чегара позициялари ва таъминот нуқталарини нишонга олди.

Ҳарбий кураш олиб бориш деярли фойдасиз эканлиги боис Арманистон бош вазири Никол Пашинян дарҳол халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилди.

Ҳозирда Озарбойжоннинг асосий мақсадлари амалга оширилган. Боку Лочин йўлагини назорат қилмоқда ва Тоғли Қорабоғни ўраб олган. Тан олинмаган республика охир-оқибат Озарбойжон юрисдикциясига ўтиши эҳтимоли юқори. Озарбойжон раҳбарияти эса буни ҳозир, қулай фурсат бўлганида амалга оширмоқчи. Минтақадаги хавфсизликни таъминлаши керак бўлган Россия Украинадаги уруш билан банд, қолаверса, руслар у ерда муваффақиятсизликка учраяпти. Бу эса Озарбойжон ва унинг иттифоқчиси Туркияни фурсатдан фойдаланишга ундамоқда.

Сентябрдаги зарбалар Озарбойжон президенти Илҳом Алиевга Пашинян билан музокараларда устунликка эришиш, Ереванни ўз шартларини қабул қилишга мажбурлашда ёрдам беради. Боку Ереван икки йил олдинги ваъдасини бажариб, Нахчивон билан боғлаши керак бўлган Зангезур йўлагини очишини хоҳламоқда. Бироқ бу Алиев ҳукуматининг охирги ва ягона истаги бўлмаслиги мумкин.

Озарбойжон ва Нахчивонни ажратиб турувчи Сюник (Зангезур) вилояти ҳам тарихан Озарбойжон хонларига тегишли бўлган ва арманлар Сталиннинг 1921 йилги қароридан норози бўлгани каби озарбойжонликлар ҳам «дўстлик рамзи» сифатида берилган бу вилоят ҳақидаги қарорни ўзгартиришни ўйлаши мумкин. Лекин бу жуда жиддий қадам бўлади, чунки минтақадаги озарбойжонликлар бу ерларни аллақачон ташлаб кетган ва ҳозирда бу вилоятда асосан арманлар яшайди.

АҚШ ва Европа Иттифоқи тинчлик шартномасига эришишга чақираётган бўлса-да, улар ҳам ҳозирда Россия ўрнига Европага нефт ва газ етказиб бермоқчи бўлаётган Озарбойжонни «хафа қилиш» ниятида эмас. Алиев айнан шу вазиятдан фойдаланиб, Арманистонни унинг устунлигини тан олишга ва минтақада барқарор статус-кво ўрнатишга ҳаракат қилмоқда.

Муҳаммадқодир Собиров тайёрлади

Мавзу
Озарбойжон-Арманистон чегараси яна нотинч
13 сентябрга ўтар кечаси Арманистон мудофаа вазирлиги Озарбойжон қуролли кучлари тунда чегарадаги мамлакат қуролли кучлари позициялари ва аҳоли пунктларини ўққа тутгани ҳақида хабар берди.
Барчаси
Top