21:57 / 19.09.2022
40648

Херсондаги манёвр, сафарбарлик муаммолари ва генераллар. Экспертлар Россия Украинанинг ҳужумини тўхтата олмагани ҳақида

Украина қўшинлари муваффақиятли қарши ҳужумни бошлади ва Россия армияси бунга жавобан ортга чекинди. Нега? Ҳарбий экспертлар жавоб беришади.

Изюмда қолган рус танки. Фото: Juan Barreto / AFP / Scanpix / LETA

Август ойи охири – сентябр ойи бошида Украина қуролли кучлари бир вақтнинг ўзида бир неча йўналишда қарши ҳужум бошлади. Бу жараён айниқса Харкив вилоятида муваффақиятли кечди. Босиб олинган ҳудудларни ушлаб тура олмаган Россия армияси учун чекиниш бу урушдаги энг катта мағлубият бўлди. Ваҳоланки, россиялик сиёсатчилар бу ҳудудларни ҳеч қачон тарк этмасликка ваъда беришган эди. Ҳарбий экспертлар Meduza билан суҳбатда Россия армияси эгаллаган ҳудудларини нега ушлаб қололмагани ҳақидаги фикрларини ўртоқлашди.

Нега Россия разведкаси қарши ҳужум бошланган жойни ва Украина ҳужуми йўналишини аниқлай олмади? Ёки аниқлаган бўлса ҳам, қўмондонлик бунга аҳамият бермадими? Ахир, ҳатто рус ҳарбий мухбирлари ҳам сентябр ойи бошида Балаклия ҳудудида ҳужум тайёрланаётгани ҳақида бир неча бор хабар беришган. Бу қўмондонлик сифати билан боғлиқ муаммоми? Ёки Россия ҳарбийларига бир вақтнинг ўзида бир неча йўналишда ҳимояланиш учун куч етмадими?

Павел Лузин, ҳарбий эксперт: Бу, биринчи навбатда, кучлар етишмаслиги, ҳарбий кадрлар жуда ҳам танқислиги билан боғлиқ. Чунки олти ой давомидаги жангларда ўн минглаб аскар йўқотилса, қуруқликдаги кучлар миқдори камайиб кетади.

Бундан ташқари, разведка билан боғлиқ муаммо ҳам бор. Радиоэлектрон разведка заиф. Ҳаво разведкаси дронлар ёрдамида амалга оширилади, аммо улар уриб туширилмоқда. Россиянинг иккита оптик разведка сунъий йўлдоши олган суратлар шу қадар сифатсизки, улар билан фақат ракеталарнинг парвоз миссияларини режалаштириш мумкин. Бундан ташқари, ушбу сунъий йўлдошлар бир нуқтадан ҳар 16 кунда ўтади: демак, маълумотларни тезкор янгилаб туришнинг имкони йўқ.

Разведка очиқ маълумотлардан ҳам фойдаланиши мумкин. Аммо бунинг учун малакали кадрлар ва бу маълумотлар ҳарбий иерархияда эркин айланиши имконини берувчи тизим керак.

Айтайлик, улар ҳужум тайёрланаётганини кўрди, кейин нима бўлади? Улар одамларни, техникани қаердан олади? Чунки ҳаммаси тугади. Олти ой ўтди ва армиядан деярли ҳеч нарса қолмади.

Ҳенри Шлоттман, эксперт, АҚШ армияси фахрийси: Мен бир неча рус телеграм каналларини ўқидим. Улар ҳақиқатан ҳам украиналиклар қаердан қарши ҳужум бошлашини олдиндан билишган. Менимча, Россия Бош штаби ҳам билган – лекин улар қарши ҳужумга шундоғам дош бера олишларига ишонишган шекилли.

Бундан ташқари, Россия томони украиналиклар қанча захира тўплаганини тўлиқ тушунмаган. Россиянинг OSINT (open source intelligence, очиқ маълумотлар асосида разведка) ҳамжамияти каналларида баъзи рақамлар тилга олинди, аммо Бош штаб бу рақамларга ишонмади ёки украиналиклар имкониятига етарли баҳо бермади. Ёки улар асосий зарба барибир Херсонга берилади деб ўйлашди.

Ўзим АҚШ армиясида хизмат қилганимда OSINT технологиясидан фойдаланганман ва қўмондонлик ҳар доим ҳам бу маълумотларни жиддий қабул қилмаслигини биламан. Чунки ҳарбийларда разведка маълумотларини тўплашнинг махфий усуллари ҳам бор ва улар баъзида OSINT маълумотларига зид бўлиши мумкин.

[Украина қўшинлари муваффақиятли қарши ҳужумининг] яна бир сабаби, Россия кучлари уларнинг ҳаракатларига ўз вақтида жавоб бера олмаганидир. Минтақада, айниқса Изюм ҳудудида рус қўшинлари етарли эди. Аммо ташлаб кетилган рус позицияларидан олинган фотосуратларни кўрдингиз. У ерда қанча ҳарбий техника қолди!

Нима учун Россия қўмондонлиги қўшинларни самарали тўплашда муваффақиятсизликка учради? Ускуналарга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш, эҳтиёт қисмларни етказиб бериш, таъминот билан боғлиқ муаммолар туфайли. Агар Изюм яқинида ташлаб кетилган танклар ўз вақтида қарши ҳужум ҳудудига етиб борганида эди, воқеалар оқибати бошқача бўлиши, Купянск ҳам Россия назорати остида қолиши мумкин эди.

Менимча, Россия қуролли кучларида танклар учун эҳтиёт қисмлар етишмаяпти. Улар ярим йилдан бери фронтда. Танкларни соз ҳолда ушлаб туриш учун бошқалари эҳтиёт қисмларга бўлакланаётган бўлиши ҳам мумкин.

Украина қуролли кучларининг ҳужумини Миллий гвардия қисмлари ва резервчилар қарши олишди, албатта, Ғарбий ҳарбий округ кучлари кўмагида. Аммо ҳужумни қайтариш биринчи навбатда Миллий гвардия гарданига тушди. Масалан, бир ой олдин, фронтнинг бу қисми яхшироқ ҳимояланган эди. Аммо Украина қуролли кучлари Херсон йўналишига эътибор қаратиши ҳақидаги бир неча баёнотлардан сўнг, Шарқий ҳарбий округ аскарлари жанубга, Херсонга кўчирилди.

Мик Райан, ҳарбий эксперт, Австралия армиясининг истеъфодаги генерал-майори: Албатта, минтақада бирор нарса тайёрланаётганининг аломатлари бор эди ва ҳарбий блогерлар бу ҳақда хабар беришди. Аммо Россия ҳарбий қўмондонлиги учун вазият унчалик аниқ кўринмаган шекилли.

Тарихда генераллар одамларнинг огоҳлантиришларига эътибор бермагани учун ҳарбий «сюрпризлар» содир бўлганига мисоллар кўп. Журналист Корнелиус Райан томонидан «A Bridge Too Far» китобида тасвирланган «Нидерландия операцияси» бунга яққол мисол бўла олади.

Россиянинг бу таҳдидга жавоб беришга кучи етарли бўлгани ёки йўқлиги ҳам тушунарсиз. Жанубда жуда кўп қисмлар тўпланганди, аммо Украина катта давлат ва жанубдан шарққа кўчиш вақт талаб этарди.

Россия армиясида умуман захира қолдими? Агар қолган бўлса, улар қаерда? Россия қўмондонлиги ўз ҳужумини тайёрлаётган бўлиши мумкинми?

Ҳенри Шлоттман: Буни айтиш қийин. Россия ҳудудларида, албатта, «кўнгиллилар» батальонлари тузилмоқда, аммо қуруқликдаги ҳарбий қисмларда захиралар оз қолган.

Мик Райан: Назарий жиҳатдан захиралар қолган бўлиши керак. Кўнгиллилардан иборат «Учинчи армия корпуси» ҳақиқатан ҳам тузилди ва унинг баъзи қисмлари Украинанинг шарқи ва шимоли-шарқига юборилган бўлиши мумкин.

Павел Лузин: Россия армияси ўзининг ҳужумига тайёр эмас эди. Июл ойига келиб, у ҳужум қилиш қобилиятини йўқотди. Улар баъзи жойларда ҳужумга ўхшаш ҳаракатларни қилишга муваффақ бўлишди, аммо энди кенг кўламли ҳужумни амалга ошириш имконсиз эди.

Захира йўқ. Россия қуролли кучлари энди денгизчиларни қуроллантирмоқда: уларни флотдан олиб, камуфляж форма кийдириб, қўлига автомат беришмоқда, матрослар мото-ўқчилар ва танкчиларга айланмоқда.

Қўриқлаш батальонлари ҳам қуроллантирилмоқда: улар яхши жисмоний ва тактик тайёргарликка эга, аммо ҳужум операциялари учун яроқсиз. Уларнинг ўз вазифалари бор: жуда муҳим объектларни ҳимоя қилиш, ҳарбий колонналарни кузатиб бориш, диверсияга қарши чораларни кўриш. Лекин хандақларда ётиш ва мунтазам армия билан урушда қатнашиш – уларнинг вазифаси эмас.

Янги отрядлар ва ҳатто қисмлар тўлиғича «кўнгиллилар»дан ташкил қилинаётганига қандай қарайсиз? Нега Россия қўмондонлиги мавжуд қисмларни «кўнгиллилар» билан тўлдирмаяпти?

Ҳенри Шлоттман: Жавобни билмайман, бу ўзим учун ҳам қизиқ. Америка армияси бошқача ёндашувга эга: масалан, Вьетнам уруши ёки Иккинчи жаҳон уруши пайтида янги келганлар мавжуд қисмларга юборилган. Улар фахрийлардан тажриба ўрганиш имконига эга бўлган.

Эҳтимол Украинадаги ҳарбий қисмлар жуда ҳолдан тойган ва силласи қуриган бўлиши мумкин. Рус қўмондонлиги эса шунчаки: «Майли, янги қисмларни тузамиз» деб қарор қилгандир?

Мик Райан: Тажрибали офицерлар янги келганларни фақат фронтдан ташқарида тайёрлаши мумкин. Уларга ҳам жанг қилиш, ҳам янги келганларни тайёрлашни топшириш имконсиз.

Павел Лузин: Биласизми, бу «кўнгиллилар» қанча? Атиги бир неча минг киши, холос. Аслида, «кўнгиллилар захираси» йўқ, бу бюрократия имитацияси, минтақалар Москванинг сиёсий буюртмасига шундай жавоб беришмоқда.

Улар эълонларни осиб қўйишади: «Йигитлар, ишга қабул қиламиз! 60 ёшгача бўлганларни, тажриба муҳим эмас!»

Чориғини зўрға судраб юрган 150 нафар эркакни йиғиб, жўнатишади. Уларнинг ярми жанговар ҳаракатларнинг дастлабки икки ҳафтасида қочиб қолишади – ўз хоҳиши билан ёки «сурункали касаллиги кучайгани» сабабли уйга қайтишади. Қолган ярми фронтда нобуд бўлади.

Улар мавжуд қисмларни қандай тўлдириши мумкин? Мавжуд қисмлар Украинада, улар ҳам жанг қилиб, ҳам янги келганларни тайёрлай олмайди. Бундан ташқари, офицерлар «ижтимоий чиқиндилар» билан ишлашга тайёр эмас. Россия армияси Эрмитаж ихлосмандларидан тузилмагани аниқ,  «кўнгиллилар» эса бундан ҳам бадтар. Улар тубанликка юз тутган одамлар. Шу сабабли алоҳида отрядларга йиғилади. [Тажрибали офицерлардан] ким уларни бошқаришни истайди?

Россияда умумий сафарбарлик барибир эълон қилинмади, энди қўшинлар сони бўйича улар Украинаникидан кўп марта орқада. Россия армиясининг Изюм яқинидаги мағлубиятининг асосий сабаби шуми?

Павел Лузин: Ҳозирги мағлубиятнинг асосий сабаби – Россия расмийларининг аҳмоқлиги. Аҳмоқлиги ва психопатлиги. Чунки улар ҳеч бир армия бажара олмайдиган мақсадни қўйдилар. Бундан ташқари, Россия ҳукуматининг авторитаризми калласини ишлата оладиган офицерларга йўл бермайди. Шу билан бирга кучли иштиёқ ва тайёргарликка эга Украина армияси уларга қарши жанг қилмоқда. Улар нима учун курашаётганини аниқ билади.

Аммо Россияда сафарбарлик армияси бир неча ўн йилликдан буён барҳам топган. Захирадагилар билан мунтазам ишлаш жараёни 1970-йилларда тўхтатилган: техника ва тактика шу қадар мураккаблашдики, захирадагилар билан ишлаш шунчаки мақсадга мувофиқ бўлмай қолди. Ҳар замонда истеъфодаги аскарлар ва ҳарбий кафедра битирувчиларини полигонга йиғиб, нимадир ўргатишга уриниш бефойда ишга айланди.

Совет генераллари армия профессионал ва шартномавий бўлиши кераклигини ўша пайтда ҳали тушунмас эди. Улар мунтазам армияга бор эътиборни қаратиб, захира билан ишлашдан воз кечиб юборишди.

Собиқ мудофаа вазири Анатолий Сердюковнинг 2009-2012 йиллардаги ислоҳоти оқибатида сафарбарлик армияси институтлари тарқатиб юборилди. Захирадагиларнинг мунтазам йиғинлари бекор қилинди, оқибатда ҳарбий хизматни ўтаган одамлар 3-4 йил ичида маҳоратини йўқотар эди. Яшаш жойида ҳарбий ҳисобга олиш механизми ҳам ҳозир ишламай қўйган: у фақат дастлабки рўйхатга олиш учун қўлланяпти. Агар кимдир хизматни ўтаб, захирага олинганидан кейин бошқа жойга кўчиб кетса тамом, у армия учун йўқотилган ҳисобланади.

Бу масаланинг техник жиҳати, лекин сиёсий жиҳати ҳам бор: сафарбарлик эълон қилинганда, ҳокимият генералларга топширилади. Кремл эса генералларга ишонмайди. Улар, албатта, сафарбарлик эълон қилишга уриниб кўриши мумкин – лекин бу уларнинг охирги иши бўлади. Иқтисодиётда ҳам, жамиятда ҳам буткул таназзул юзага келади.

Сафарбарликнинг фақат иккита тури мавжуд. Биринчиси ватанпарварликка асосланган сафарбарлик – Франция инқилоби, Америка фуқаролар уруши ёки ҳозирги Украинадаги каби – ватан хавф остида қолганда ва одамлар ўз ҳукуматига ишонганида.

Иккинчиси зўравонлик сафарбарлиги – Владимир Ленин, Лев Троцкий, Иосиф Сталин, Мао Цзэдун, Хо Ши Мин, Пол Пот томонидан амалга оширилган.

Қолаверса, зўравонлик билан фақат деҳқонларни сафарбар қилиш мумкин: қишлоққа қуролли комиссар ва икки аскар келади. Улар барча эркакларни сафлаб «Ё биз билан кетасизлар, ё ҳар ўндан бирингизни отиб ташлаймиз», дейишади. Деҳқонлар жулдур кийимларда, очлик ва азоб-уқубатларда бошқа вилоятга боришади. Йўлда ичиб, маст бўлишади. Уларда «Стокҳолм синдроми» шаклланади. Бошқа вилоятга етиб боришганида, қўлларига қурол берилади. «Ҳов анавиларни ўлдиринглар» дейилади. Зўравонлик усулида тузилган армия шундай бўлади.

Зўравон сафарбарлик учун қишлоқ керак, аммо ҳозир Россияда қишлоқлар йўқ. Қандай қилиб Екатеринбургда, Пермда, Новосибирскда мажбуран сафарбар қиласиз? Кўчада эркакларни қувиб, ушлаб, бир жойга тўплайсизми? Бундай «эркак йиғувчилар»ни пичоқдан ўтказишади, тамом вассалом.

Мик Райан: Украиналиклар ҳозир ватани учун курашмоқда, мамлакат қуролли кучлари эса 2014 йилдан буён жиддий ислоҳотларни амалга оширди. Рус аскарлари, аксинча, зарур тайёргарликсиз фронтга жўнатилди, ҳатто машғулотларга кетяпмиз деб ўйлашди.

Ҳенри Шлоттман: Айнан душман қўшинлари сонидаги фарқ сабабли Россия урушда ютқазиши мумкин. Аммо сўнгги мағлубият, аксинча, ҳарбий разведка ва таъминотдаги муваффақиятсизликнинг оқибатлари. Менимча, Украина қуролли кучлари бу ерда сон жиҳатдан устун эмасди. Шунчаки, Россия кучлари украиналикларни тўхтатиш учун жойни тўғри танламади.

Нима учун Россия армияси бутун ёз давомида эга бўлган ташаббусни йўқотди?

Павел Лузин: Истеъфодаги генерал Леонид Ивашов ва истеъфодаги полковник Михаил Ходаренок урушдан олдин ёзганидек, рус армиясининг бу урушда ғалаба қозониш имконияти йўқ эди. Шундай экан, рус армияси ташаббусни қачон йўқотганининг нима фарқи бор?

Ҳенри Шлотман: Албатта таъминот билан боғлиқ муаммолар туфайли. Шунингдек, «силлани қуритувчи уруш» тактикаси ҳам ўз сўзини айтди: қисмлар одамлар ва техникани йўқотишда давом этмоқда ва энди ҳужумга ўта олмайди.

Мик Райан: Биринчидан, украиналиклар ўзига хос усулда курашиш йўлини танлашди. Улар Россия ўз ҳарбий тарихининг сўнгги 100 йилида ўрганиб қолган «силлани қуритувчи уруш» усулидан воз кечишди. Украиналиклар рақибнинг заиф жойларига ҳужум қилишди, орқа томонга ўтиб, таъминот каналларини кесиб ташлашди. Россия армиясининг руҳий ҳолатини бузишди. Ҳозирда россияликлар бунга жавобан ҳеч нарсага қодир эмасдек туюлмоқда.

Россия армияси ўз доктринасига мувофиқ жанг қила олмагани ростми?

Павел Лузин: Ҳа, Россия ўз доктринасига мувофиқ жанг қила олмади, чунки у қўшни давлатларни йўқ қилиш ва геноцидни назарда тутмаган. У фақат мудофаа характеридаги қисқа муддатли операцияларда (коалициялар ва халқаро кучлар таркибида) ёки Россия чегараларидан узоқда бўлган ҳужум операцияларида иштирок этишни кўзлаган.

Ҳенри Шлотман: Менимча, муаммо Россия ҳарбий доктринасида эмас – АҚШ албатта, уни фаол ўрганмоқда. У артиллерия ва разведкага таянади, лекин улардан бири тўғри ишламай қолса (масалан, разведка артиллерияни душман нишонлари ҳақида ўз вақтида ва аниқ маълумот билан таъминламаса) ҳамма нарса издан чиқади. Ҳозирда рус артиллерияси, ўзининг ҳарбий қудратига қарамай, украиналикларга ҳал қилувчи зарар етказа олмаяпти.

Мик Райан: Дарҳақиқат, россияликлар негадир ўз доктринасидан четлашишга қарор қилишди. Улар урушнинг бир неча кун ичида якунланишини, украиналиклар эса гуллар билан пешвоз чиқишини кутишган эди. Россия армияси айнан шундай сценарийга ишонди.

Россия қуролли кучлари узоқ муддатли урушга эмас, балки Киев томон ғалабали юриш қилишга тайёрланди. Шу сабабли, таъминот ишлари яхши йўлга қўйилмаган, артиллерия тўлиқ тайёр бўлмаган ва радиоэлектрон кураш воситалари тўлиқ ишга туширилмаган шароитда уруш бошланди.

Россия армиясининг ташкилотчилик ва урушни олиб бориш усулларидаги асосий заиф томонлари нимада?

Мик Райан: Россия армияси ўз артиллерияси қудратига ҳаддан ортиқ ишонмоқда, гўё бу ғалаба қозонишнинг ягона йўли сифатида кўрилмоқда. Бундан ташқари, яхши қўмондонлик одатда ўз аскарларининг ҳаётини сақлаб қолишга ҳаракат қилади. Россия армияси қўмондонлари эса ўзгача йўл тутмоқда.

Павел Лузин: Асосий заифлик – бу авторитар давлат ва нобозор иқтисодиёти. Шунингдек, одамхўрлик мақсадларини қўйган раҳбарларнинг ақлсизлиги.

Ҳенри Шлоттман: Тактик ва операцион мослашувчанлик йўқлиги. Россияликлар Украина қуролли кучларининг ҳаракатларига ўз вақтида жавоб бера олишмади. Бош штаб вазиятни тушунган бўлиши мумкин – аммо қўмондонлик буйруқлари пастга, қисм ва бригада командирларига жуда секин узатилган бўлиши мумкин. Украинанинг тезкор ҳужуми пайтида бу муаммога айланди. Агар ҳеч нарса ўзгармаса, россияликлар бу урушда аста-секин мағлуб бўлишади.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top