15:55 / 20.09.2022
5015

ССП: Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида профессионал мутахассисларни етиштириш масалалари муҳокама қилинди

Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ва Савдо-саноат палатаси томонидан “Талаба учун тадбиркор, тадбиркор учун талаба” тадбири ўтказилди. Унда талабалар ва тадбиркорлар соҳадаги қатор муаммо ва камчиликларни санаб ўтишди.

Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ва Савдо-саноат палатаси ҳамкорлиги билан ташкил этилаётган “Тўқимачилик саноатидаги тадбиркорлар ва талабалар ўртасида очиқ мулоқотни ривожлантириш истиқболлари, муаммо ва таклифлар” мавзусида Тўқимачилик саноати ишбилармонлари ва талабалар ўртасида биринчи очиқ Конференция йиғилиши бўлиб ўтди.

 

Учрашувдан кўзланган асосий мақсад, институт фаолиятини, таълим кўрсаткичи ва сифатини ривожлантириш, шунингдек, тадбиркорларга керакли профессионал мутахассисларни яратиш бўйича ўзаро эркин фикр-мулоҳазалар алмашишдир.

 

Тадбирни Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ректори, Савдо- саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов очиб берди. Институт ректори тўқимачилик ва енгил саноат соҳасидаги аксарият корхона ва заводларда мутахассис етишмаслиги сабабли хориждан мутахассис жалб қилинаётгани, тадбиркорларнинг шунга мажбур бўлишаётганлиги ҳақида гапирди. Хорижлик мутахассисларнинг ўрнини босувчи юқори малакали кадрларни етиштириш учун сўнгги йилларда институт фаолиятидаги камчиликлар ўрганилиши таъкидланди.

 

“Уларнинг ҳар бирига 3 мингдан 5 минггача (АҚШ доллари) маош тўланади. Бундан тадбиркор манфаат кўрмайди. Мажбурликдан, мутахассис йўқлигидан уларга мурожаат қилишяпти. Лекин биз шундай маош олиб ишлайдиган, хорижлик мутахассисларнинг ўрнини босадиган кадр етиштириб бера олмаяпмиз. Шунинг учун институтда соҳани ривожлантириш учун охирги йилларда нима камчилик кузатилган бўлса ўрганиб, чорасини топишимиз керак” дея таъкидлади у.

Мулоқотни Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти Жамоатчилик Кенгаши янги раиси тадбиркор Шохруҳ Қаюмов давом эттирди.

Шундан сўнг талабалар ва тадбиркорларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди. Республикамизнинг турли нуқталаридаги етакчи тадбиркорлар жонли ва онлайн тарзда мулоқотда иштирок этишди.

Тадбиркорлардан бири Нурмуҳаммад Очилов мутахассислар етишмовчилиги ҳақида гапирди: “Айни пайтда бизга турли йўналишларда мутахассислар етишмаяпти. Бу борада дуал таълимни жорий этиш таклифини берамиз. Яъни талабалар учун дарс бевосита бизнинг корхоналарда ўтилсин, бир соат дарс ўтилса, қолган икки соатни амалиётда бажарсин. Шунда уларда тажриба ошади. Айрим олийгоҳларда эскидан қолган қўлланмалар асосида дарс ўтилаётганиям сир эмас.

Ҳозир корхонамизда деярли ҳамма йўналишларда мутахассисларимиз хориждан келган. Биз талабаларни шулар билан бирга амалиёт ўташга қўяйлик. Иш ўрганишсин, беш йилдан кейин ўзимизнинг малакали мутахассисларимизга эга бўламиз. Биздаги потенциал бошқа давлатларда йўқ”.

 

Тадбиркорлардан бири Наргиза Бекмуродова институтда АКТ йўналиши бўйича янги факультет очишни таклиф қилди:

“Бугунги тадбирни биз тадбиркорлар кўп кутдик. Шундан фойдаланиб ўзимнинг бир нечта таклифларимни бердим.

1. Соҳани рақамлаштиришимиз керак. Бунинг учун институтда рақамлаштириш факультети очилиши мақсадга мувофиқ. Бу соҳадаги бутун тизимни кўриш ва таҳлил қилиш имконияти бўлади.

2. Дунёда ўтказилаётган йирик кўргазмаларга институтнинг фаол талабаларини ўзимиз билан олиб боришимиз керак. Талабалар айни вақтда тўқимачилик соҳасида дунёда юз бераётган янгиликлар билан юзма-юз келишлари керак.

3. Институтда кадрларни қайта ўқитиш бўйича 3 ойлик курслар ташкил қилиш керак.

4. Корхоналар билан талабаларни боғлайдиган журнал жорий қилиш лозим” дея бир қатор таклифларни киритди тадбиркор.

 

Ректор маслаҳатчиси Собиржон Ҳамидовнинг таъкидлашича, бу конференцияда тилга олинган таклифлар юзасидан институт концепцияси ишлаб чиқилади. Олийгоҳда дуал таълимни йўлга қўйиш ҳамда уни олий таълим муассасаларининг топ рўйхатига киритиш  асосий мақсад қилинган.

Институтнинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Азамат Ғуломов талаба ва тадбиркор ўртасида кўприк бўладиган тизим яратилиши ҳақида маълумот берди: “Бугунги фикрларни эшитиб шундай хулосага келдимки, институтда ягона онлайн платформа яратишимиз керак. Шу платформага талаба ўз портфолиосини жойлаштириб боради. Тадбиркор ва унинг корхонаси ҳақидаги маълумотлар ҳам киритилади. Бу платформа иккала томонни боғлайдиган тизим бўлади, яъни талаба ўзига керакли фаолиятни ўрганишни, тадбиркор эса ўзига керакли кадрни осон топа олади” деди у.

Мулоқотни Youtube орқали кузатиш: https://youtu.be/VvNfkx9CLHE

Савдо-саноат палатаси Матбуот хизмати (T)

Top