Ўзбекистонда 1 февралдан тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги ишга тушди. Рейтингда юқори ўрин эгаллаган тадбиркорларга имтиёзлар берилади. Бу солиқ текширувларидан озод бўлиш, ҚҚС ва бошқа солиқлардан ҳосил бўлган солиқ суммаларини бир кунда қайтариб олиш кабиларни назарда тутади.

6 феврал куни Тошкентда қурилиш соҳасида фаолият юритадиган тадбиркорлар учун барқарорлик рейтингининг мазмун-моҳияти борасида семинар бўлиб ўтди.

Унда Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев, Савдо саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов, бош прокурор ўринбосари Салом Самадов, қурилиш вазири ўринбосари Даврон Адилов иштирок этди.

Аввалига ССП раиси Даврон Ваҳобов қурилиш соҳасидаги қонунбузилишларга тўхталди.

“Бугунги кунда қурилиш саноатидаги 34 мингта корхонадан 24 мингтаси қурилиш корхонаси бўлиб, шундан 10 мингтаси қурилиш материаллари ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Таҳлил қилинганда 10 947 та корхонага – 1 та ишчи, 4 219 та корхонага – 2 тадан ишчи, 5 585 та корхонага – 4-10 нафар ишчи ходим тўғри келаётгани маълум бўлди.

Эътиборлиси, бир корхона 36 млрд сўмлик қурилиш материаллари ва уй жиҳозларини сотиб олган, аммо солиқ ҳисоботларида ушбу корхоналар ходимлари сони битта этиб кўрсатилган. Ахир бир нафар ходим билан бунча ҳажмдаги ишни бажариб бўлмаслигини ҳаммамиз тушунамиз-ку. Савдо-саноат палатасига бу сўзларни айтиш оғир, лекин биз шаффоф ишлайдиган тадбиркорларнинг ёнини [олишимиз керак].

Триллион-триллион маблағлар бюджетдан ижтимоий соҳа объектларини қуришга ажратиляпти ва бу объектларда эртага шаффоф тизим орқали ҳамма тадбиркор қатнашиш эҳтиёжи бор. Биздаги маълумотларга кўра, кўп тадбиркорлар тендерда иштирок этолмаяпти. Бошқа тадбиркорларга ўхшаб харажатларимизни кўрсатмаса, белгиланган имтиёзлардан фойдаланиш имконияти камайиши мумкин”, – деди Ваҳобов.

Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиевнинг айтишича, рейтингда энг паст кўрсаткичга эга соҳа айнан қурилиш соҳаси ҳисобланади.

“Улуши бўйича ҳам, сони бўйича ҳам энг паст кўрсаткичга эга ташкилотлар айнан қурилиш соҳасида. Қурилишда ҳар хил нотўғри йўллар кўп, иш ҳақини расман тўламаслик, солиқдан қочиш масалалари айнан қурилиш соҳасида бошқа соҳаларга нисбатан кўпроқ”, – деди у.

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши аъзоси Умидбек Сафаров барқарорлик рейтингида баҳолаш мезонлари ҳақида маълумот берди.