14:00 / 22.09.2022
6861

“Ўзбекнефтгаз”: Бошқаруви раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” аъзолари “Uzbekistan GTL” заводидаги синтетик ёқилғи маҳсулотларининг ишлаб чиқариш ҳолатини ўрганди

Фото: Ўзбекнефтгаз

Ташриф мобайнида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Uzbekistan GTL заводида, “Sasol” технологияси асосида, дунёда илк бор табиий газдан ишлаб чиқарилган синтетик авиакеросиннинг биринчи партияси Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига жўнатилганлиги, лаборатория синовлари муваффақиятли якунланиб, жорий йилнинг 19 сентябрь куни Миллий сертификатлаштириш тизимининг мувофиқлик сертификати олинганлиги ва ярим синтетик Jet A-1 авиаёқилғиси авиакомпанияларни ёқилғи билан барқарор таъминлашга хизмат қилишини яна бир маротаба таъкидлади.

“Uzbekistan GTL” заводи томонидан IAТA, ASTM International, Def Stan халқаро ташкилотларининг авиацияёқилғиси учун хомашё сифатида GTL керосинини синтетик компонент сифатида фойдаланишга рухсат этилганлиги тўғрисида ижобий хулосалар олинган.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Бошқарув раиси топшириғига кўра GTL заводида ишлаб чиқарилган синтетик керосинининг дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилиши мақсадида, биринчи партияси намунаси олиниб, халқаро авиасоҳани тартибга солувчи ташкилот (IATA) тавсиясига кўра, мувофиқлик сертификатини олиш учун SGS компаниясининг Эстония, Бельгия ва Франциядаги лабораторияларига таҳлил ва тегишли хулоса олиш учун юборилди.

Шу билан биргаликда, ташриф чоғида импорт ўрнини босувчи нефть маҳсулотлари ва углеводород хомашёлари ишлаб чиқарилиши, маҳсулотни сақлаш, сотиш ҳамда етказиб бериш узлуксизлигини таъминлаш жараёнлари ўрганилди.

Фото: Ўзбекнефтгаз

“Uzbekistan GTL” заводининг тўлиқ иш режимига ўтилгани сабаб, синтетик ёқилғи маҳсулотларининг ишлаб чиқариш ҳажмини босқичма-босқич ошириб бориш ҳамда маҳсулотларнинг юқори сифатда бўлишини таъминлаш кераклиги таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириб бориш натижасида маҳсулот таннархининг арзонлашишига эришиш бўйича вазифалар белгилаб берилди. Жорий йилнинг 14 сентябрь кунидан бошлаб Ўзбекистон республика Товар-хомашё биржаси орқали сотувга жойлаштириладиган синтетик дизель ёқилғисининг бир тоннаси бошланғич нархи 13 млн 897 минг 109 сўмгача арзонлаштирилиши белгиланди.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Сўнгги икки ой ичида иккинчи маротаба нарх арзонлаштирилиб, жорий йилнинг 29 август куни синтетик дизелнинг бошланғич нархи 15 млн 550 минг 500 сўмдан 14 млн 504 минг 378 сўмгача камайтирилган эди.

Бундан ташқари Бошқарув раиси томонидан заводда ўрнатилган 11 мингга яқин ускуна ва асосий ишлаб чиқариш қурилмаларининг синхрон ишлашини таъминлаш бўйича қилинаётган ишлар ҳолати ўрганилди ва технологик жараёнларда меҳнат қилаётган муҳандислар, ёш мутахассислар билан очиқ суҳбат қилинди.

Қашқадарё вилояти Ғузор туманида қурилиши бошланган Янги Ўзбекистон турар жойларини биринчи навбатда GTL заводининг ходимларига қурилиш жараёнини ўзида босқичма-босқич ажратиб бориш ишларини бошлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Заводнинг ишлаб чиқариш цехлари бошлиқлари ва раҳбар ходимлар иштирокида ишчи йиғилиш ўтказилди ва синтетик ёнилғи маҳсулотларини ишлаб чиқарилиши узлуксизлигини таъминлаш, истеъмолчиларга ўз вақтида ва сифатли ёнилғи маҳсулотлари етказиб берилиши бўйича зарурий кўрсатмалар берилди.

Эслатиб ўтамиз, “Uzbekistan GTL” мажмуасида йилига умумий қиймати 1 миллиард АҚШ доллари ёки 12,8 триллион сўмдан ортиқ импорт ўрнини босувчи нефть маҳсулотлари ва углеводород хомашёлари ишлаб чиқарилиш режалаштирилган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ матбуот хизмати Ⓣ

Top