16:42 / 22.09.2022
20367

Украина урушга мажбуран юборилган россияликларга ўз ихтиёри билан асирга тушишни таклиф қилди

Агар Россия фуқароси Украина билан урушга мажбуран юборилган бўлса, у таслим бўлиши мумкин ва унга хавфсизлик кафолатланади, дея маълум қилди Киев.

Фото: ТАСС

Украина ҳукумати мажбуран сафарбар қилинган ва урушга жўнатилган россияликларга таслим бўлишни таклиф қилди, уларга Женева конвенциялари бўйича хавфсизлик кафолатланади. Бу ҳақда 22 сентябр, пайшанба куни Украина бош вазири ўринбосари Ирина Верешчук, бир кун аввал эса Украина президенти девони маслаҳатчиси Михайло Подоляк маълум қилди.

«Агар сиз сафарбар қилиниб, Украина ҳудудига тушиб қолсангиз, шунчаки таслим бўлишингиз мумкин. Шу тариқа, сиз ўзингиз ва яқинларингиз учун энг қимматли нарсани - ҳаётингизни сақлаб қоласиз. Бу бегона юртдаги шафқатсиз ўлимдан яхшироқдир», - деб ёзган Верешчук. Унинг сўзларига кўра, таслим бўлганларга «хавфсизлик ва муносиб қамоқда сақлаш шароитлари» кафолатланади.

Таслим бўлган русларни украиналикларга алмаштириш мумкин, дея қўшимча қилди Верешчук. «Аммо, агар сиз Россияга қайтишни истамасангиз, Женева конвенциялари ва Украина қонунларига кўра, ҳеч ким сизнинг хоҳишингизга қарши сизни Россияга бермайди», деди у.

Мажбурий сафарбар қилинган россияликларнинг таслим бўлиш эҳтимоли ҳақида Украина президенти девони маслаҳатчиси Михайло Подоляк ҳам «Дожд» телеканали эфирида гапирди. «Биз бунга тушуниш билан муносабатда бўламиз. Биз учун йўқотишларни камайтириш мақсадида одамларнинг асирликда бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Биз барча Женева конвенцияларига қатъий риоя қиламиз», - деди у.

Подолякнинг сўзларига кўра, мажбуран сафарбар қилинган руслар алмашув жараёнларини талаб қилмасдан таслим бўлишса, «яхши бўларди». «Аскар шундай дейиши мумкин: мен Россияданман, мени ҳарбий хизматга, урушга мажбуран юборишган, мен жанг қилишни хоҳламайман, Украина ва бошқа мамлакатлар кафолати остида, Россияда сиёсий тизимни ўзгартириш жараёни бошланмагунча узоқ вақт асирликда бўлишга тайёрман», деди Подоляк. 

Украина «мажбурий сафарбарлик буйруғини бажаришни истамайдиган асирга олинган россиялик ҳарбий хизматчилар оқими»дан манфаатдор. «Биз Путиннинг атрофидагилар Россияни қандай вазиятга олиб келаётганини тушуняпмиз», дея маълум қилди Подоляк. 

21 сентябр куни эрталаб Путин мамлакат фуқароларига мурожаат билан чиқиб, «ватан ва яхлитликни ҳимоя қилиш» учун қисман сафарбарлик эълон қилган эди. Шу билан бирга, у ўзини «ДХР» ва «ЛХР» деб эълон қилган ҳудудлар, шунингдек, Харкив ва Запорижжя областлари оккупацион ҳокимиятининг Россия таркибига қўшилиш учун референдум ўтказиш тўғрисидаги қарорига ишора қилди. Тегишли фармон аллақачон имзоланган, Федерал мажлис палаталари қарор ҳақида хабардор қилинган ва бугун сафарбарлик бошланади, деди Путин.  

Ўз навбатида, мудофаа вазири Сергей Шойгу сафарбарлик доирасида 300 минг захирадаги аскар чақирилишини айтди. 

Мавзу
Россияда сафарбарлик
21 сентябр куни Путин Россияда қисман сафарбарлик эълон қилди. Украинадаги уруш учун яна камида 300 минг киши жалб этилади.
Барчаси
Top