Россия қўлига ўтган Очеретино харобалари ва тинимсиз ўққа тутилаётган Харкив. Уруш суратлари
Украинада урушнинг 802-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Россия Харкив бўйлаб авиазарба йўллади.
- La Repubblica: НАТОда илк бор Украинадаги урушга кириш учун «қизил чизиқ» белгиланди.
- РФ мудофаа вазирлиги Россия қўшини Донецк областидаги Очеретино посёлкасини эгаллагани ҳақида хабар берди.
- Бердянскда автомобил портлаши оқибатида маҳаллий «ахлоқ тузатиш колонияси» ходими ҳалок бўлди. Украина разведкаси маълум қилишича, у асирларни қийноққа солишга алоқадор бўлган.
- Россия ҳукумати Европада диверсиялар серияси ўтказишни режалаштирган. Бу режа — критик инфратузилмаларда портлашлар ва ёнғинлар келтириб чиқаришни ўз ичига олган.
- WSJ маълумотига кўра, Украина кредиторлари Киев уруш туфайли тўхтатилган давлат қарзларини тўлашни тиклашни талаб қилмоқда.
- Оқ уйдагилар АҚШнинг ёрдами Украинага 2025 йилда янги қарши ҳужум бошлашга имкон беради деб ҳисобламоқда.
- РФ қўшини Украинага дронлар билан ҳужум қилди. Харкивда турар жой биноси, Днипрода — инфратузилма объектлари зарбага учраган. Олти киши жароҳатланган.
Харкив ўққа тутилиши
Россия қўшини сўнгги ҳафталарда деярли ҳар куни Харкив бўйлаб зарбалар бермоқда. Регион раҳбари Олег Синегубовнинг маълум қилишича, 5 май куни шаҳарга учта авиабомба ташланган. 14 та кўп квартирали уйлар, хусусий уйлар, автомобиллар, ишламаётган спорт мажмуаси, офис ва маъмурий бинолар шикастланган. Сўнгги маълумотларга кўра, 16 киши жароҳатланган.
Ғарблик ҳарбий таҳлилчилар илгари сураётган версияга кўра, Россия Харкив бўйлаб интенсив зарбаларни ушбу шаҳарни эгаллаш мақсадидаги амалиётга тайёргарлик кўриш доирасида оширмоқда. Хусусан, Америка урушларни тадқиқ қилиш институти (ISW) 5 май кунги ҳисоботида Россия десант баталёни жанубий фронтдан Курск областига кўчириб ўтказилганига эътибор қаратиб, РФ шимолий гуруҳни кучайтиришда давом этаётгани Украина шимоли-шарқига, жумладан Харкивга ҳужум қилинишидан дарак бериши мумкинлигини қайд этган. Аммо ISW таҳлилчилари ҳам, бошқа қатор экспертлар ҳам урушнинг бу босқичида РФ қўшинларида Харкивни штурм қилиб эгаллаш учун куч етарли эмас деб ҳисоблайди.
Очеретино манзаралари
Россия қўшини Донецк областидаги Очеретино посёлкасини апрел ойи охирида, деярли қаршиликка учрамасдан қўлга киритганди. Украина нашрларида ёзилган версиялардан бирига кўра, россиялик ҳарбийлар Очеретинони мудофаа қилган украин бўлинмалари ротацияси вақтида юзага келган хатоликдан фойдаланиб қолган. Очеретино ҳудудида мудофаа ёриб ўтилиши Украина қуролли кучлари бутун Донецк областида мағлубиятга учрашига олиб келиши мумкин. 5 май куни РФ мудофаа вазирлиги Очеретино эгаллангани тўғрисида расман хабар берди.
The Associated Press нашри кенг кўламли урушга қадар уч мингдан ортиқ киши яшаган ва ҳозирга келиб бутун биноси қолмаган Очеретинонинг дрон орқали олинган тасвирларини намойиш этган.
Украинада Пасха нишонланди
2024 йилда христианлар, жумладан православлар ва юнон-католиклар Пасха байрамини 5 май куни нишонлади. Украина президенти Володимир Зеленский байрамга бағишланган видеомурожаатида Пасха байрами «инсон қалбини ёвузлик ва зулмат қуллигидан озод этиш», шунингдек «эзгулик ва адолат ғалабаси, ҳаётнинг ўлим устидан тантанаси»ни англатишини айтиб ўтди. Зеленский уруш украинларни жипслаштиргани, «доимо оғалигини кўрсатишга ҳаракат қилган собиқ қўшни» Россия эса энди украинлар учун бегоналашиб кетганини қайд этган.
Мавзуга оид
20:12 / 22.11.2024
«Афтидан қўрқинчли, аммо ҳеч нарсани ўзгартиролмайди» — «Орешник» қанақа ракета?
14:17 / 22.11.2024
Венгрия Украина билан чегарада ҲММ тизимларини ўрнатиш ниятида
09:12 / 22.11.2024
Британия Украинадаги вазият кескинлашганини маълум қилди
22:23 / 21.11.2024