11:12 / 24.09.2022
3812

Ўзбекистон Хитойга ловия ва қуритилган полиз маҳсулотлари етказиб беришни бошлайди

Ўзбекистон ва Хитой ўртасида ловия ва қуритилган полиз маҳсулотлари учун Хитой бозорини очиш бўйича протоколлар имзоланди.

Ўзбекистон элчихонаси Карантин ва ўсимликларни ҳимоя қилиш агентлиги билан биргаликда маҳаллий маҳсулотларни Хитой бозорига олиб чиқиш бўйича фаол иш олиб бормоқда, деб хабар қилди “Дунё”.

ХХР раисининг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида Хитой Ўсимликларни ҳимоя қилиш ва карантини агентлиги ҳамда Божхона бош бошқармаси ўртасида мамлакатдан ловия ва қуритилган полиз маҳсулотларини экспорт қилишда фитосанитария талаблари тўғрисида баённомалар имзоланди.

Имзоланган протоколлар нуқтайи назаридан тадбиркорлар учун Хитойга экспорт ҳажмини ошириш, ишлаб чиқарувчилар ва фермерлар даромадини кўпайтириш учун янги имкониятлар очилмоқда. Ўзбекистон экспортчилари Хитой бозоридан максимал фойда олиш учун барча имкониятларни ишга солиши керак.

Шу билан бирга, Ўзбекистондан Хитойга экспорт қилинадиган маҳсулотлар баённомаларда кўрсатилган санитария-гигиена, фитосанитария қоидалари ва талабларига жавоб бериши лозим.

Ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларини Хитой бозорига экспорт қилишни йўлга қўйиш учун Ўсимликларни ҳимоя қилиш ва карантини агентлигига мурожаат қилиши мумкин. Агентлик қабул қилинган протоколларга мувофиқ, ХХР талабларига мувофиқ етказиб берувчилар рўйхатини шакллантиради.

Аввал Хитойга 17 турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, жумладан, гилос, мош, янги узилган полиз, кунжут ва бошқа турдаги маҳсулотларни экспорт қилишга рухсат бор эди.

Top