07:52 / 30.09.2022
11228

Ўзбекистон бошқа давлатларнинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишга содиқдир — ТИВ

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон ҳудудига келаётган Россия фуқаролари сонининг кўпайиши бўйича баёнот билан чиқди.

Қайд этилишича, сўнгги вақтларда фуқаролардан Украина атрофидаги вазият бўйича айрим масалаларга ойдинлик киритиш мақсадида мурожаатлар кўпайган.

Ташқи ишлар вазирлиги баёнотига кўра, Ўзбекистон ўзининг ташқи сиёсатини амалга оширишда миллий манфаатларга, асосий тамойиллар саналувчи, жумладан, очиқлик, тенг ҳуқуқлилик, суверенитет, ҳудудий яхлитликни ҳурмат қилиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик каби устуворликларга доимо содиқдир.

Ўзбекистон мавжуд вазиятни халқаро ҳуқуқ нормаларидан келиб чиқиб сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал этиш учун шартларни имкон қадар тезроқ ишлаб чиқиш тарафдори экани айтилади.

"Ўзбекистон ҳудудига келаётган Россия фуқаролари сонининг кўпайишига тўхталадиган бўлсак, уларнинг мамлакатимизда бўлиш масаласи, шунингдек, эҳтимолий экстрадиция қилиниши Ўзбекистон қонунчилиги, икки томонлама ва кўп томонлама ҳуқуқий ҳужжатлар асосида тартибга солинишини қайд этамиз", дейилади баёнотда.

Шу билан бирга, ҳуқуқбузарлик содир қилмаган хорижий давлат фуқаролари мажбурий депортация қилиб юборилмаслиги айтилган.

Бундан олдин, Қозоғистон сафарбарликдан қочганларни Россияга топширмаслиги маълум қилинганди

Бу ҳақда Қозоғистон ички ишлар вазири Марат Ахметжанов баёнотига асосланиб, Orda нашри хабар берди. Унга кўра, Қозоғистон россияликларни топшириши мумкин, бироқ бу жиноят содир этганликда айбланиб, халқаро қидирувга берилганларгагина тегишли бўлади.

«Агар уларни ҳарбий комиссарликлар қидирса, бу - топшириш учун қонуний асос бўла олмайди», — деди Ахметжанов. 

Ўз навбатида, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Россияда Украинага қарши уруш фонида эълон қилинган «қисман сафарбарлик» туфайли мамлакатга Россия фуқароларининг оммавий равишда келаётгани тўғрисида маълум қилди. 

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top