15:11 / 01.10.2022
27083

Шуми инновация? — Олтинсойда Тоғай Муроднинг отасидан қолган далалари қақрамоқда

Олтинсой — республикамизда инновацион деб эълон қилинган 14 та туманлардан бири. Биз бугун туман ва вилоят раҳбарларининг «инновацион» ечимлари натижасида марҳум ёзувчи Тоғай Муроднинг асарларида тасвирланган, Сурхон элининг оталардан қолган далалар қандай қақраб ётгани ҳақида ҳикоя қиламиз.

Вахшивор тоғлари этагида жойлашган Олтинсойнинг қуйи қисмида пахта етиштирилади. Туманда пахта ва ғалла ҳам етиштирилади, бироқ Олтинсой азалдан токзорлари билан машҳур бўлган. Аммо бу токзорлар ва далалар бугунга келиб сувсизликдан йўқолиб бормоқда, қолган-қутганлари эса тобора қақраб бормоқда.

Биз Ҳазорбоғ каналидан сув олиб, уни Чилмироб каналига узатувчи насос станциясида бўлдик. Ҳазорбоғ канали Тўпаланг сув омборидан тўйинади ва асосан Денов, Олтинсой туманларининг шимолий қисмидаги далаларни сув билан таъминлайди. Ҳазорбоғ каналидан сув насос станциялари билан юқорига, тоғ этагига яқин жойлашган қишлоқлар ва далаларни сув билан таъминлаш учун узатилади.

Денов тумани ҳудудида жойлашган Оқсув насос станциясидан 1550 метр узоқликда жойлашган ва 51 метр баландликдаги Чилмироб каналига сув чиқаради. Чилмироб канали қарийб 1600 гектар ғалла, пахта, узумзорлар ва томорқа хўжаликларини сув билан таъминлаши учун қурилган эди.

Мустақиллигимиз тенгдоши, 31 йил аввал ишга туширилган насос станцияси юқорига сониясига 3,1 метр куб сувни кўтариб бериши керак. Ирригация соҳасида узоқ йиллар меҳнат қилган, Халқ депутатлари Олтинсой туман кенгашининг депутати Равшан Турдиевнинг айтишича, ҳозирги кунга келиб Оқсув насос станцияси ускуналари эскириб, сув кўтариш қобилияти сониясига 1 метр кубга ҳам етмайди.

Равшан Турдиев

Чилмироб канали сониясига 9 метр куб сувни қабул қилиш сиғимига эга. Бу ердан сув 15 км узоқликдаги Обшир қишлоғигача оқиб боради. Обшир қишлоғигача канал бир неча қишлоқларни, жумладан, атоқли адибимиз Тоғай Мурод туғилиб ўсган Хўжасоат қишлоғини ҳам кесиб ўтади.

Бугунги кунда қақраб сувга зор бўлиб ўтган 3000 гектар далалар ва томорқалар, боғлар мана шу каналнинг сувига маҳтал. Бироқ Оқсув насос станциясининг Ҳазорбоғ каналидан етарли тарзда сув кўтариб берилмаётгани сабабли бу жойлар сувга танқис ҳудудга айланган. Бир патлар суғорилган айрим далаларда 10 йиллардан бери янтоқдан бошқа нарса ўсмаяпти.

Чилмироб канали

Бу муаммони ҳал қилиш учун ёки Оқсув насос станцияси модернизация қилиниши керак, ёки Чилмироб каналининг Қизилсув дарёсигача бўлган қисми тозалаб, таъмирланиши керак. Чунки Чилмироб каналининг Қизилсув дарёсидан бошланадиган Оқсув насос станциясидан сув қуйиладиган қисмигача бўлган 16,5 км жойи ўта таъмирталаб. Канал чўккан, лойқа ва ажриқ билан тўлиб қолган. Бетонларининг синган жойлари ҳам бор.

Халқ депутатлари Олтинсой туман кенгаши депутати Раҳим Ҳамроевнинг айтишича, кейинги 10 йилда Ҳазорбоғ каналининг юқори қисмида истиқомат қилаётган аҳолининг турмуш даражаси сувсизлик натижасида кескин ёмонлашган.

Раҳим Ҳамроев

«Гап масалага беэътибор раҳбарларнинг устидан мағзава ағдаришда эмас. Муаммога эътиборни қаратиб, уни зудлик билан ҳал қилиш кераклиги ҳақида. Июн-июл ойларида каналда мутлақо сув бўлмайди. Далалар, боғлар, томорқадаги экинлар қуриб битди. Биз бошқа нарсани сўрамаяпмиз. Бизга фақат сувимиз билан боғлиқ шароитни тўғрилаб беришсин», — деди Раҳим Ҳамроев.

Биз билан суҳбатлашганларнинг айтишича, 2018 йилда ўша вақтдаги вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ҳудуддаги ушбу муаммони ҳал қилиш учун ишчи гуруҳ тузиб, ишга киришганда у Самарқанд вилоятига ишга ўтиб кетган ва муаммо шундоқлигича қолиб кетган.

Янги раҳбарлар Чилмироб каналини сувга тўлдириш, ўн минглаб халқни сувли қилиш ўрнига муаммони ечишнинг «инновацион» усулини ўйлаб топишди.

Айни пайтда тумандаги Мўминқул қишлоғидан пастроқда, Ҳазорбоғ канали бўйича қарийб 25 миллиард сўмга (бу 2,2 миллион АҚШ доллари бўлади) янги насос станцияси барпо этилмоқда.

Янги насос станцияси ҳам Ҳазорбоғ каналидан сувни тортиб, қарийб 6 км масофага — Хидирша ва Обшир қишлоқлари истеъмоли учун юқорига икки марта чиқариб беради. Қуввати сониясига 250-300 литр бўлиши ваъда қилинмоқда. Сувни иккинчи кўтариш сониясига 100 литр бўлади.

Ҳазорбоғ канали

Равшан Турдиевнинг таъкидлашича, янги насос станциясига сарфланаётган шунча маблағнинг ярми эвазига Оқсув станциясини модернизация қилиш мумкин эди.

Сўровларга кўра, Россиядаги ишлаб чиқариш корхоналаридан бири 900 минг АҚШ долларига сониясига 3 метр куб сувни 1,5 км масофага чиқариб бера оладиган 2 дона насосни қарийб 50 миллион Россия рубли эвазига (бу тахминан 900 минг АҚШ доллари бўлади) Оқсув насос станцияси олдига ўзлари келтириб беришни айтган.

Яъни Чилмироб каналини сувга тўлдириб, 3 минг гектардан зиёд майдонни сув билан таъминлаш ўрнига, каналнинг энг охирида жойлашган кичикроқ Обшир қишлоғининг умумий 150 гектар ерлари ва томорқаларини сув билан таъминлашни афзал кўришган. Ўртадаги қишлоқ ва далалар-чи?!

Тўғри, сувнинг охирида жойлашган Обшир қишлоғи сувсизликдан энг кўп жабр кўраётган қишлоқ эканлиги аниқ. Чилмиробга сув келганда ўртадаги қишлоқлар уни насос билан сўриб олиб, Обширгача сув бормай қолиши кўп кузатилган ҳолат. Лекин Чилмиробнинг сув таъминотини яхшилаб барча муаммони ҳал қилиш мумкин эди-ку?

Биз Чилмироб канали бўйлаб юрдик ва унинг сўнгги нуқтаси Обшир қишлоғига тақалган қисмига ҳам етиб келдик. Бу ерда сониясига 300 литр сувни кўтариб бера оладиган насос жойлашган. У ишлайди. Шу йил ҳам 7 марта ишга туширилган — каналга сув келган чоғларда.

Энди вазиятга ўзингиз холисона баҳо беринг — 2,2 миллион АҚШ доллари кетадими мана шу янги насос станцияси қурилишига? 10 баробар паст қувватдаги насосни келтириб, 5 км масофага сув ҳайдашдан кўра, юқорида жойлашган канални сувга тўлдириб, 20 баробар каттароқ юзага эга дала ва томорқаларни қамраб олган яхшироқ эмасмиди?

Нега 15 минг киши ва 3000 гектар даланинг ҳолатини яхшилаш ўрнига, 1500 киши ва 150 гектар жой учун куйиб-пишилмоқда? Давлат маблағларидан нооқилона фойдаланиш, самарасиз бошқарувдан дарак эмасми бу?

Туман раҳбарлари мурожаатларга жавобан, Денов тумани ҳудудида жойлашган Оқсув насос станциясини модернизация қилиш учун трансформатор подстанциясини ҳам модернизация қилиш кераклигини рўкач қилишибди. Лекин 200 минг доллар эвазига янги ва кучлироқ трансформатор ҳам ўрнатиш мумкин эди. Шунда 1,2 миллион доллар пул иқтисод бўларди, кўпроқ қишлоқлар сув ичарди.

Ҳозир Чилмироб канали ёқасида жойлашган хонадонларнинг юқори қисми барчаси насослардан фойдаланади. 14,5 км масофада 500 дан зид турли қувватдаги катта ва кичик насослар ўрнатилган.

Равшан Турдиевнинг айтишича, сониясига 0,7-1 куб метр сув ташлаб бера оладиган Оқсув насос станцияси ишлаб турганида, Чилмироб каналидаги 500 дан зиёд кичик насосларнинг 200 таси бирдан ишга тушганда ҳам каналдаги сувни қуритади. Одамлар ҳам ноилож, қонун-қоидаларга тўғри келмаса ҳам ўзлари насос ўрнатиб олишган. Томорқа ва хўжаликни суғориши керак.

Аммо мана шундай ҳол ҳам далалар ва боғларни қуришдан асрай олмаяпти. Чунки Чилмиробда доим ҳам сув бўлмайди. Одамларнинг уйи, боғи, дарахтлари сувсизликдан қовжираган.

Кўп йиллар хўжалик раиси бўлган, айни пайтда боғдорчилик фермер хўжалигига раҳбарлик қилаётган кекса миришкор ва боғбон Иброҳим Алимардоновнинг айтишича, бир пайтлар хорижга узум экспорт қилган юзлаб гектар боғлар бугунги кунга келиб қуриган. Далаларда янтоқдан бошқа ҳеч нарса ўсмайди. Катта узумбоғлар бўлган ҳудудларни одамлар якка тартибда томорқа ва уй жой қилиш учун бўлиб олишган.

Иброҳим Алимардонов

Узумбоғларни сақлаб қолиш учун, айрим далаларда томчилатиб суғориш технологияси ҳам катта пул эвазига ўрнатилган. Аммо у ҳам бу жойларда самарасиз экани маълум бўляпти. Чунки, томчилатиб суғориш технологияси самарали бўлиши учун ер ости сувлари дебети ҳам булиши керак экан. Бу далаларда 4 метр қазсангиз ҳам намликка дуч келмайсиз. Йиллар давомида тўйиб сув ичмаган далалар тамомила қақраб тошга айланган.

Амин бўлдикки, бюджетда сувсизликни енгиш учун маблағ топилади. Мана, пул лойиҳага ажратилган, ва бир зайлда ишлар кетяпти. «Аммо нега давлатнинг пули самарасиз лойиҳаларга ажратилмоқда?» дея жиғибийрон бўлади хўжасоатликлар. Нега олтинсойликларнинг катта қисмининг муаммосини ҳал қилиш мумкин бўлиб турган бир пайтда энг нотўғри қарор қабул қилинган?

Албатта, бу ҳолни Сув хўжалиги вазирлигидаги мутахассислар, Сурхондарёдаги ирригация соҳаси вакиллари синчиклаб, атрофлича ўрганиб, ўзларининг муносабатларини билдиришади, деган умиддамиз. Сувга зор бўлиб турган олтинсойликларнинг муаммоси ечилади.

Ўйлаймизки, агар чиндан ҳам раҳбарлар ўз билимсизлиги ортидан, мавжуд муаммо атайлаб ҳал қилинмасдан давлат маблағларининг самарасиз талон-торож бўлишига йўл қўйган бўлса, айбдорлар аниқланади ва ўз жазосини олади.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист

Монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top