07:32 / 03.10.2022
3799

Автомобил сақлаш жойига айрим машиналар ДЙҲХХ маълумотномасисиз қабул қилинмайди

Автомобилларни сақлаш жойларига айрим транспортлар Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органлари маълумотномасисиз қабул қилинмайди.

Фото: Тошкент вилояти ИИБ ЙҲХБ матбуот хизмати

Ҳукумат қарори билан тасдиқланган автомототранспорт воситаларини доимий ва вақтинча сақлаш жойларини ташкил этиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, улар қуйидагилар: ёнилғи ёки мой, суюқ ва суюлтирилган газ сизиб турган; салони ёки багажнигида тез ёнувчи, портлаш хавфи бўлган, радиоактив ёки заҳарли моддалар бўлган; йўл-транспорт ҳодисаси натижасида техник жиҳатдан шикастланган.

Оғирлиги 3,5 тоннадан кўп ва ҳайдовчи ўриндиғидан ташқари, ўтириш жойлари 8 тадан кўп бўлган транспортлар ҳам доимий ва вақтинча сақлаш учун автомобиль тўхташ жойларида сақлашга қабул қилинмайди.

Автомототранспорт воситаларини сақлаш хизматлари автомобиллар тўхташ жойларида фақат юридик шахслар томонидан кўрсатилади. Автомототранспорт воситаларини доимий ва вақтинча сақлаш жойларини ташкил этиш учун ер участкалари Ер кодексида белгиланган тартибда ажратилади. Автомототранспорт воситаларини доимий ёки вақтинча сақлаш хизматлари кўрсатиш учун ер участкаларини ижарага (субижарага) беришга йўл қўйилмайди.

Автомототранспорт воситаларини доимий ва вақтинча сақлаш жойлари қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

  • қаттиқ қоплама, ёритиш, ахлатни тўплаш учун контейнерлар, ёнғинга қарши воситалар, қаттиқ шатаклар ва шатакка олувчи тросслар мавжудлиги;
  • йўл ҳаракати хавфсизлиги талабларини таъминлайдиган ҳудудга кириш ва ундан чиқиш учун махсус ажратилган жойларнинг мавжудлиги;
  • ҳудуд тўсилган бўлиши ёхуд кириш (чиқиш) учун махсус ажратилган жойни айланиб ўтиб ҳудудга эркин кириш (ундан чиқиш) имконини бермайдиган бошқа тўсиқларга эга бўлиши;
  • автомототранспорт воситалари эркин кириши (чиқиши)ни истисно этувчи шлагбаум (ёки бошқа қурилма) мавжудлиги;
  • агар бир неча қаторларда автомототранспорт воситаларини доимий ва вақтинча сақлаш имконияти мавжуд бўлса, ҳудуд ичида автомототранспорт воситалари ҳаракатланиши учун ажратилган полосалар мавжудлиги;
  • кириш (чиқиш) учун ажратилган жойда назоратчи-кассир хонаси (будкаси) бўлиши керак, унинг ташқи томонига кўринарли жойда автомототранспорт воситаларини сақлаш хизматлари кўрсатиш тарифлари ва шартлари йирик ҳарфларда ёзилган (ҳарфларнинг йириклиги камида 3 см бўлган) ёзув жойлаштирилади;
  • автомототранспорт воситаларини жойлаштириш тегишли схемаси мавжудлиги;
  • автомототранспорт воситаларини сақлаш хизматлари кўрсатувчи юридик шахс, иш режими, телефон рақами кўрсатилган «Пулли автомобиллар тўхташ жойи» лавҳаси мавжудлиги;
  • ногиронлиги бўлган шахслар автомототранспорт воситалари учун махсус жиҳозланган камида иккита жой мавжудлиги.
Top