21:22 / 05.10.2022
8001

“Ўзбекистонга аутсорсинг буюртмаларини олиб келинг” — Шерматов халқаро компаниялардаги ўзбекларга мурожаат қилди

“Kun.uz’ни халқаро компанияларда ишлайдиган кўп ватандошлар ўқийди. Уларга четдан буюртма олиб, Ўзбекистонга аутсорсингни кўпайтириб, бизнес қилинглар, деган бўлардим. Бу ўзларига ҳам, Ўзбекистондаги дастурий маҳсулот яратувчиларга ҳам фойда”, – деди АКТ вазири Шерзод Шерматов.

Фото: Халқаро пресс-клуб

5 октябр куни Халқаро пресс-клуб сессиясида иштирок этган АКТ вазири Шерзод Шерматов халқаро компанияларда ишлайдиган ўзбекларга мурожаат қилиб, Ўзбекистонга аутсорсингни кўпайтиришни таклиф қилди.

“Бизга чет элда қанча кўп ўзбеклар ишласа, шунча яхши. Америкага борганимда Сан-Францискодаги жуда кўп ўзбеклар билан учрашдим. Apple, Google, Meta'да ишлайдиган ўзбекистонликлар бор. Уларга ҳам айтдим, қанча сизлар халқаро компанияларда кўп бўлсангиз, улар Ўзбекистон ҳақида шунча кўпроқ билади”, – деди у.

Вазир Хоразмдаги дастурий маҳсулот ишлаб чиқувчиларга Америкадан буюртмалар олиб берадиган таниши соатига 70 долларлик буюртмаларни уларга 7 долларга бериши ҳақида гапирди.

“Шу фурсатдан фойдаланиб, фикр келиб қолди. Kun.uz'ни кўп чет элдаги ватандошлар ўқийди. Четдан буюртма олиб, Ўзбекистонга келсин. Масалан, кўп ҳиндистонликлар катта компанияларга кўтарилган ва Ҳиндистонга аутсорсингни кўпайтирган. Худди шундай четдаги ўзбеклар бу ерга буюртмани кўпайтирса, ўзига фойда.

Яъни четдаги ҳамюртларимиз учун бу нафақат Ўзбекистонга ёрдам бериш ёки савоб, балки ҳақиқий бизнес имкониятидир. Четдан буюртма олиш керак ва Ўзбекистондаги ҳамюртларига арзонроқ бериш, ўртада ўзи фойда қилиши керак”, – деди вазир.

Top