22:36 / 10.10.2022
10216

Шотландия мустақиллиги бўйича референдум ўтказилиши мумкин 

Шотландия бош вазири ва Миллий партия раҳбари Никола Стёржен 2023 йил 19 октябрда мамлакат мустақиллиги бўйича референдум ўтказиш режаси борлигини тасдиқлади. 

Фото: AFP

Бу ҳақда у партия қурултойида айтиб ўтди. 

«Агар [Буюк Британия] Олий суди шундай қарор қабул қилса ва биз шундай бўлишидан умидвормиз, келаси йил 19 октябрда мустақиллик референдуми бўлиб ўтади», деди Стёржен. 

Олий суд бу масалани шу ҳафтада кўриб чиқиши лозим. 

Стёржен сўзларига кўра, Шотландия аҳолисининг 50 фоиздан ортиғи Буюк Британиядан ажралиб чиқишни қўллаб-қувватлайди, ёшлар орасида эса бу рақам янада юқори. 

Аввалроқ, Стёржен Буюк Британияда Элизабет Трасс ҳокимиятга келганидан кейин мустақиллик тарафдорлари кўпайганини айтган эди. У янги бош вазирнинг иқтисодий сиёсати Шотландия иқтисодиётининг таназзулга юз тутишига олиб келиши мумкинлигини қайд қилди. 

Стёрженнинг таъкидлашича, мустақиллик Шотландия иқтисодиёти учун «мўъжизавий малҳам» эмас, лекин у орқали «мамлакат жуда кўп нарсага эришиши мумкин». Партия қурултойини якунлар экан, бош вазир келаси ҳафтада мустақилликнинг иқтисодий асосларини эълон қилишга ваъда берди. 

Шотландия мустақиллиги бўйича биринчи референдум 2014 йилда ўтказилди. Унда минтақада яшовчи Британия ва Европа Иттифоқи фуқароларидан «Мамлакат мустақил бўлиши керакми?» деган саволга жавоб бериш сўралган эди. Якуний натижаларга кўра, овоз берганларнинг 55,3 фоизи ажралиб чиқишга қарши бўлди, 44,7 фоизи эса мустақилликни ёқлади.

Top