21:30 / 13.10.2022
27076

Намангандаги АГТКС қурилиши ноқонунийлиги учун тўхтатилди. Унинг эгаси ҳам деярли маълум

Наманганда одамлар ҳаётини хавф остига қўядиган метан-шохобча қурилиши Kun.uz танқидидан кейин тўхтатилди. Шохобчанинг расмий эгаси бўлган МЧЖ раҳбари жавобгарликка тортилди. Суриштирувларимиз давомида лойиҳанинг бош пудратчиси Наманган вилояти ҳокимининг қудасига тегишли компания экани тасдиқланди. Одамларнинг мурожаатларига қарамай, очиқ-ойдин қонунсизликка кўз юмиб келган ҳокимлик ҳеч қандай изоҳ беролмаяпти.

Kun.uz Наманган шаҳрида фуқаронинг яшаш хонадонига тақаб метан-станция қурилаётгани ҳақида суриштирув эълон қилган эди. Навбатдаги мақоламиз унинг мантиқий давоми бўлиб, унда лойиҳанинг қонунларга қанчалик мослиги ва вилоят ҳокимининг қудаси бўлган тадбиркорга боғлиқлиги ҳақида сўз юритамиз.

Олдинга ўтиб айтиш мумкинки, бу материал ҳам Наманган вилояти катталарининг ҳимоясини “кафилликка олган” троллар ва “адвокат” блогерларга анча иш бўлиши аниқ. Бу гал метан станциясининг қурилиши меъёрларга мос келмаётгани, шу боис ҳам ундаги қурилиш ишлари тўхтатиб қўйилгани ҳақида сўз юритамиз. Шунингдек, бу станциянинг вилоятдаги кўплаб АГТКСлар эгаси бўлган, вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқовнинг қудаси Қудрат Абдуллаевга қай даражада алоқадор эканига факт ва далиллар билан тўхталамиз.

Дастлабки мақоладан сўнг Kun.uz мухбирлари масалага дахлдор ташкилотлар таклифи билан АГТКС қурилиши учун қандай асосга кўра рухсат берилгани ҳақида аниқроқ маълумот олиш учун яна Наманганда бўлди.

Суриштирув давомида “SD SERVIS CENTER” МЧЖ (метан-шохобчага эгалик қилувчи корхона) юристи Лазизхўжа Турғунов қурилаётган автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциясининг тегишли ускуналари меъёрий ҳужжатларга, шаҳарсозлик норма-қоидаларига асосан “маълум талаблар бўйича ўрнатилганида” аҳоли турар жойидан 25 метр узоқликда бўлиши кераклигини билдирди.

Бундан ташқари “SD SERVIS CENTER” МЧЖ юристи ва мутасаддилари мазкур объектга Қудратбой Абдуллаевнинг умуман алоқаси йўқлигини зўр бериб исботлашга уриндилар.

Бироқ мазкур станцияда аҳоли хонадони ва аккумулятор блоклари ўртасидаги масофа бор-йўғи 22 метрни ташкил қилмоқда. Бир нарса аниқ: мутасаддилар ҳар доимгидек муаммони жойига бориб ўрганмасдан хулоса беришган.

Ваҳоланки, ШНК қоидаларининг 2.2.4-бандига кўра, АГТКС ва АГҚСлардан уларга тегишли бўлмаган объектларгача бўлган минимал масофа 60 метрдан 120 метргача бўлиши, сиқилган табиий газ аккумуляторлари ер остида жойлаштирилган ҳолларда мазкур масофаларни 35 метргача камайтириш мумкин.

Аммо хонадон ва газ “заправка”нинг аккумуляторлари ўртасидаги масофа бунча чиқмайди. Объектнинг мавжуд майдони аккумулятор блогини қонунларда рухсат этилган масофага кўчириш учун тўғри келмайди.

Қурилиш вазирлиги ҳамда Давлат СанЭпидемиология маркази мутасаддилари билан суҳбатда АГТКС қурилишида зарур бўлган икки меъёрий ҳужжат: ШНК ва СанПин талаблари бўйича изоҳларни олдик.

“Республикамизда аҳоли яшаш пунктларида атмосфера булғаниши бўйича санитария меъёр-қоидаларимиз бор. Автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларининг қувватига ва унда кунига хизмат кўрсатувчи автомобилларнинг сонига қараб олинганда 100 метрдан 50 метргача санитар ҳимоя ҳудуди белгиланган”, – дейди Республика санитария-эпидемиологик осойишталиги ва жамоат саломатлиги хизмати бош мутахассиси Жуманбек Тўйчиев.

Аҳоли хонадонлари ва “хавфли объект” ускуналари ўртасидаги масофа СанПин талаби бўйича 50-100 метрни, қурилиш вазирлиги мутахассислари томонидан ШНК талаби бўйича 60 метрни ташкил этиши билдирилди.

Kun.uz мухбири Қурилиш вазирлигида ҳам бўлиб, вазирликнинг соҳага масъул 4 нафар мутахассиси билан суҳбатлашди. Хулоса шундай бўлдики, Жалолиддин Мангуберди кўчасидаги станция қурилиши амалдаги меъёрларга зид. Қурилиш ишлари эса тегишли ҳужжатларни тўлиқ расмийлаштирмасдан бошланган.

Наманган вилоят қурилиш назорат инспекцияси “SD SERVIS CENTER” МЧЖ томонидан бунёд этилаётган метан-станция қурилишини жойида ўрганиб, бош режадан четга чиқилганини аниқлаган. Шу боис қурилиш ишларини тўхтатиш бўйича 16 сентябр куни расмий ёзма кўрсатма берилган.

МЧЖ директори Сардорбек Юнусхонов маъмурий жавобгарликка тортилган. Қурилиш бўлаётган жойда тегишли ускуналарни кўчириш ишлари кетмоқда.

Қурилиш ишлари белгиланган тартиб-қоидаларга зид равишда олиб борилганини тасдиқловчи яна бир ҳужжат бор. Қурилиш вазирлигининг “Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси” давлат унитар корхонасининг 2022 йил 20 июлдаги йиғма эксперт хулосасида (№51193) ёзилишича:

  • Компрессор хоналарининг тарҳи лойиҳанинг AS ва TX қисмларида кўзда тутилган тарҳга мувофиқ эмас.
  • Компрессор хонасига ўрнатилган ускуналар лойиҳанинг TX қисмида қабул қилинган ускуналарга мувофиқ эмас.
  • Шитлар жойлаштириладиган хона компрессорлар хонасидан эшиксиз капитал девор ва плиталар билан ажратилган бўлиши лозим.
  • Спецификациядаги маълумотлар чизмаларга мувофиқ эмас.
  • TP-630-10/0,4 kv учун сўровнома тўлдирилмаган. Конденсатор ускунаси нотўғри танланган.
  • Яшин қайтаргичларни ерга улаш контурларининг лойиҳаси ишлаб чиқилмаган.
  • Лойиҳа Наманган XETK ва “Uzdavenergonazorat” Наманган бўлими билан келишилмаган.

Қизиқ жиҳати, мақола Kun.uz сайтида эълон қилингандан кейин ҳам ҳолатга вилоят ва Наманган шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари расмий изоҳ бергани йўқ. Аксинча, бу борада уларнинг вазифасини маҳаллий “блогерлар” амалга оширишди.

Юқорида айтганимиздек, қурилаётган метан-станциянинг адвокати эканини айтган шахс станция вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқовнинг қудаси Қудрат Абдуллаевга тегишли эмаслигини исботлашга ҳаракат қилди.

Чиндан ҳам шундайми? Бу саволга ҳам иккита факт келтирамиз. Биринчиси: аввалги суриштирувларимизда ўзини матбуот хизмати ходими деб таништирган шахс – Иброҳим Маматқулов вазият бўйича изоҳ берганди. Буни қарангки, станцияни Қудратбойга алоқадор эмаслигига ишонтиришга зўр берган кимса борки, бирортаси Иброҳим Маматқулов кейсига тўхталмади. Ваҳоланки, айнан шу шахснинг ўзи, ўз тилидан Қудрат Абдуллаевнинг ёрдамчиси эканини тасдиқлаганди.

Энди иккинчи фактга тўхталамиз. Объект қурилишига Наманган вилояти ҳокимининг қудаси Қудрат Абдуллаев дахлдорми? Бу ерда ҳам ҳужжат ва факт гапиради: Расмий ҳужжатда “SD SERVIS CENTER” МЧЖ қураётган АГТКСнинг бош пудратчиси “Afsona sof gaz suv qurilish” МЧЖ ҳисобланади.

“Afsona sof gaz suv qurilish” МЧЖнинг 90 фоизлик таъсисчиси вилоят ҳокимининг қудаси – Абдуллаев Қудрат Қосимжонович бўлади.

Ўйлаймизки, сиз АГТКСнинг бугунги ҳолати юзасидан тўла тушунчага эга бўлдингиз. Хулоса ўрнида айтишни истардикки, қонунлар устувор экани айтиладиган мамлакатда инсон қадри ва албатта хавфсизлиги ҳар нарсадан юқори туриши лозим.

Элмурод Эрматов,
Kun.uz мухбири

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top