12:30 / 21.10.2022
12269

“Қисматим фарзандларим тақдирида такрорланишини истамайман” — дард билан курашаётган ота изтироби

Отасизлик азобини бошидан ўтказганларгина билади. 3 ёшида отасидан етим қолган Муҳаммаджон ака бугун фарзандлари тақдирида ўз қисмати такрорланишидан хавотирда. Жигар циррози хасталиги отани кундан кунга ҳолдан тойдирмоқда. Бир ярим яшар қизалоғини кўтаришга ҳам изн бермаяпти.

“Уч йилдан бери шу дард билан курашаман. Борган сари дорилар ҳам таъсир қилмаяпти. Қорнимда сув йиғилади, киндигимда чурра пайдо бўлиб шишиб қолган. Ўпкамдан ҳар уч ойда 3-4 литр сув олдириб тураман. Жигар сувни ҳайдаб чиқаролмаяпти. Бир ярим яшар қизимни ҳам кўтаролмаяпман. Мумкин эмас. Жигарим 60 фоизга қуриб бўлибди. 70 фоизга чиқмасидан тезроқ операция қилдиришимиз керак. Еримизни сотиб ижарага чиқдик. Даволанишим учун кўп пул сарфладик. Лекин фойдаси бўлмаяпти. Ўзим етимликда катта бўлганим учун болаларимга буни раво кўрмайман. Худодан тинмай болаларимни улғайтириб оёққа қўйишим учун ҳам шифо беришини сўрайман”, – дейди Муҳаммаджон ака ўкинч билан.  

“Оилада эркак кишининг ўрни бошқача бўларкан”, – дейди аёли Шаҳноза опа кўзёшларини артиб. “Ҳар сафар даволанишга кетганида беш яшар ўғлим “Дадам қани?”, деб сўрайвериб қийнайди. Ҳали иккига кирмаган қизалоғим отасини қидириб қолади. Уларни кўриб янада кўпроқ эзиламан. Турмуш ўртоғимга Худодан шифо сўрайман. Фарзандларим отасиз қолишини, турмуш ўртоғимнинг йўқлигини тасаввур қилолмайман”.

Айни ўйнаб-куладиган ёшда тақдир синовлари билан курашаётган ёш оила яхшилар кўмагидан умидвор. Қурбингиз етса, норасида гўдакларнинг отасиз қолмаслиги учун ўз ҳиссангизни қўшинг.

Муҳаммаджоннинг ўкинчлари кўп – дардга чалиниб, рафиқасининг бўйнидаги масъулиятни кўпайтирганидан минг хижолатда.

“Тезроқ соғайиб, барча масъулиятни елкамга олишни сўраяпман. Аёлим мен учун қўлидан келганини қиляпти. Баъзида афсусланиб кетаман уни шундай аҳволга солганимдан”, – дея ўкинади бемор.

Муҳаммаджон Холбоевга оид маълумотлар:

UzCard: 8600 0610 8857 6870 бемор Холбоев Муҳаммаджон номида

Манзил: Тошкент вилояти, Бекобод тумани, “Найман” МФЙ, 33-хонадон.

Мавзу
Хайрия акцияси
KUN.UZ сайти ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш нияти билан қатор хайрия акцияларини ташкил этиб келмоқда.
Барчаси
Top