12:20 / 21.10.2022
5091

Шавкат Мирзиёев: “Маслаҳат учрашувлари доирасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олдик”

“Биз Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви доирасидаги минтақавий ҳамкорликни бундан буён ҳам мустаҳкамлашга келишиб олдик”, – деди Шавкат Мирзиёев Ашхободдаги музокаралардан кейин. Ўзбекистон етакчиси минтақада сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш учун конструктив мулоқотни давом эттириш муҳимлигини таъкидлади.

Фото: Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати

Ашхободда кечган Ўзбекистон–Туркманистон олий даражадаги музокаралари якунида икки давлат раҳбарлари брифинг ўтказди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ва у орқали қардош туркман халқига самимий меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди.

Туркманистонда Бердимуҳамедов юритаётган сиёсат туфайли эришилаётган ютуқлардан Ўзбекистон хурсанд экани таъкидланди. Бу янгиланишларнинг асосчиси Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов экани қайд этилди.

Кейинги йилларда Ўзбекистон-Туркманистон муносабатларига мутлақо янги руҳ бағишлангани ва икки томонлама ҳамкорлик стратегик тус олганига эътибор қаратилди. “Туркманистон билан шерикликни янада мустаҳкамлаш – Ўзбекистон ташқи сиёсатининг ўзгармас устувор йўналиши”, – деди Шавкат Мирзиёев

Томонлар савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтиришни шерикликнинг асоси деб белгилаб олди. Бугун, 21 октябр куни замонавий инфратузилмага эга Чегараолди савдо зонаси қурилиши бошланади. “Бу товар айирбошлашнинг ошиши, бизнес алоқаларининг кенгайиши, мамлакатларимиз ҳудудларида янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилади”, – деди Ўзбекистон президенти.

Бундан ташқари, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика соҳаларида лойиҳаларни амалга ошириш орқали кооперация алоқаларини фаол ривожлантиришга келишиб олинди.

Сувдан фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий тусдаги фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш борасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.

Марказий Осиёдаги трансчегаравий дарёларнинг сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш учун конструктив мулоқотни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.

Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини кенг нишонлаш мақсадида келгуси йилда икки томонлама Маданият ва кино кунлари, фестиваллар ва бошқа тадбирларни ўтказишга келишиб олинди.

Халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан Тошкент ва Ашхободнинг позициялари муштарак экани қайд этилди. БМТ, ЕХҲТ, МДҲ, ШҲТ, ТДТ, ОҚХФ ва бошқа кўп томонлама тузилмалар доирасидаги фаол ҳамкорлик давом эттирилади.

“Биз Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви доирасидаги минтақавий ҳамкорликни бундан буён ҳам мустаҳкамлашга келишиб олдик”, – деди Ўзбекистон етакчиси.

Давлат раҳбарлари Афғонистонда вазиятни тез фурсатда барқарорлаштириш ва муҳим инфратузилма лойиҳаларини илгари суришга қаратилган саъй-ҳаракатларни кенгайтиришга аҳдлашиб олди.

Ўз баёнотининг якунида Шавкат Мирзиёев сермаҳсул музокараларнинг натижалари Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик ҳар томонлама мустаҳкамланишига хизмат қилишига ишонч билдирди.

Top