12:55 / 22.10.2022
7057

“Ёшлар олиб келган стартаплар савияси бир неча баробарга ошган” – Иброҳим Абдураҳмонов

Инновацион ғоялар ҳафталиги анъанавий тарзда 4-йил ўтказилмоқда. Ҳафталикда бу йил 21 мингдан ортиқ иштирокчи қатнашиб, 42,3 миллиард сўмлик шартнома имзоланган.

Иброҳим Абдураҳмонов

21 октябр куни “InnoWeek.uz - 2022» халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳафталик натижалари ҳақида маълумот берди.

“Бу йил ҳафталикни «Барқарор ривожланиш учун яшил инновациялар» шиори остида ўтказдик. Тадбир 4 йилдан бери ўтказилаётган бўлса, бу йилгиси жуда катта масштабда ўтди. Ҳафталик доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги 28 та инновацион туманлардан жами 308 турдаги инновацион маҳсулотлар намойиш этилди. Шу билан бирга иштирокчилар олиб келган маҳсулотлар савияси ҳам олдинги йилларникидан жуда юқори”, – деди вазир.

Ёпилиш тадбирида берилган маълумотларга кўра, ҳафталик давомида жами 21 мингдан ортиқ иштирокчи, 27 та мамлакат ҳамда халқаро ташкилотлардан 150дан ортиқ (Германия, Беларус, Туркия, Эрон, Жанубий Корея, Озарбойжон, Қозоғистон, Ҳиндистон, Россия, Бирлашган Араб Амирликлари, Япония, Хитой ва Венгрия) меҳмон ташриф буюрган.

Ҳафталикда 120дан ортиқ ўтказилган Б2Б учрашувларда инновацион маҳсулотларни харид қилиш, янги ишланма ва технологияларни жорий қилиш бўйича жами 46,2 млрд сўмлик 131та ва 6,6 млн АҚШ доллар миқдорида 25та олди-сотди шартномаси имзоланган.

Маҳаллий ва хорижий компаниялар билан 78 млн АҚШ доллари миқдоридаги 18та инвестицион шартнома ва 790 минг АҚШ доллар миқдоридаги 13та Ҳамкорлик меморандуми тузилган.

“Кўргазмалар доирасида 20,3 млрд сўмлик 36та шартнома ва 9,4 минг АҚШ доллар миқдорида 14та экспорт шартнома имзоланди. Шунингдек, 32,55 млн АҚШ доллар миқдорида 11та инвестицион келишувларга эришилди”, – дейилади вазирлик берган маълумотда.

Top