Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг илм-фан ва инновациялар кенгаши турли илмий лойиҳаларни кўриб чиқиб, уларга пул ажратиш ёки рад қилиш учун қарор қабул қилади. 2021 йил октябр ойида биолог олим Эркин Курганов ҳамраҳбарлигида топширилган лойиҳа орадан 1,5 йил ўтиб рад қилинган. Олим Kun.uz’га мурожаат қилиб, вазирлик кенгаши лойиҳаларни кўриб чиқишда сусткашлик қилаётганидан норози эканини билдирди.
Рад қилинган лойиҳа
Эркин Курганов ҳамраҳбарлигидаги лойиҳа “Қандли диабетда ва токсик гепатитда ҳужайра биоэнергетикаси ҳамда ҳажм бошқарилиши бузилишларининг биофизик механизмлари ҳамда уларнинг фармакологик коррекцияси” деб номланади.
Олимнинг тушунтиришича, лойиҳа қандли диабетга қарши, замонавий ва ножўя таъсири кам ёки йўқ бўлган дори воситаларини топиш учун асос бўлиши мумкин.
“Бунинг учун касалликнинг патогенез механизмларини аниқлаш, моддаларни организмдаги ҳужайра ҳажм бошқарилиши ва митохондриядаги ўзгаришларга таъсирини энг аввало молекуляр даражада ўрганиш керак бўлади. Бу ишларни фундаментал тадқиқотлар доирасида амалга ошириш лозим”, — дейди биолог.
Ҳужайра ҳажм бошқарилишини академик Равшан Собиров йўлга қўйган. Таъкидланишича, лойиҳа ҳам ҳужайра ҳажм бошқарилишининг касалликларда роли борми, агар бўлса, кейинчалик шу орқали бу касалликларни даволаса бўладими, деган мақсадда топширилган.
Маълумотларга кўра, қандли диабет билан дунёда 573 миллион, Ўзбекистонда эса 250 мингга яқин одамлар касалланган. Жигар касалликлари (гепатит ҳам шунга киради) билан эса дунёда йилига 355 миллион одам хасталанади.
Лойиҳа нега рад этилди?
Олимларнинг бу лойиҳаси 2021 йил 15 октябрда Инновацион ривожланиш вазирлигига (ҳозир бу вазирлик Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги таркибида агентлик сифатида фаолият юритяпти) топширилган. Илмий техник кенгашда 2022 йил 2 апрелда, Ҳайъатда эса 2023 йилнинг 10 майида кўриб чиқилган. Эркин Курганов жараённинг айнан шу жойидан норозилиги, яъни лойиҳаларни кўриб чиқиш учун аниқ дедлайн йўқлиги, бўлса ҳам унга риоя қилишмаётгани олимлар ишини орқага тортаётганини айтди.
“Лойиҳани узоқ вақт кўриб чиқишганига ҳам чидадик, лекин энг ёмони, Ҳайъатгача келган лойиҳани Ҳайъатнинг ўзида ҳимоя қилишга йўл беришмади. Олдин Ҳайъат раиси Иброҳим Абдураҳмоновнинг ўзи эди ва у лойиҳаларнинг жуда яхши фарқига борар ва ичига кирарди. Паст балл олган лойиҳаларни ҳам яхши бўлса, Ҳайъатда ҳимоя қилишга рухсат бериб, исботлай олса молиялаштиришга имкон берарди



















