18:23 / 25.10.2022
8033

Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона 24 соат ишлашга тайёргарлик кўраётгани айтилди

Бу ҳақда Ёшлар ишлари агентлиги раҳбари Алишер Саъдуллаев ўзининг Twitter’даги саҳифасида маълум қилди.

22 октябр куни Twitter фойдаланувчиларидан бири Ёшлар ишлари агентлиги раҳбари Алишер Саъдуллаевга Миллий кутубхонани 24/7 соат ишлайдиган қилиш таклифини ёзиб қолдирган эди.

“Миллий кутубхонадан қайтяпман. @AlisherSZ шу кутубхонани 24/7 ишлайдиган қилиб берсангиз жуда хурсанд бўлар эдик. Кўп давлатларда шундай. Айниқса дам кунлари 16:30 дан чиқариб юборишади. Квартирада ва ётоқхонада турадиганлар учун ягона ўқиш жойи шу, илтимос”, – деб ёзади Miss Gatsby номи остидаги фойдаланувчи.

Бунга жавобан Саъдуллаев тез орада кутубхона тун-у кун ишлайдиган жойга айланади деган маънода твит қўйган.

“Сўровингизга кўра, АОКА ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси раҳбарияти билан боғландим. Кутубхона тез орада 24/7 ишлаш режимига ўтишини маълум қилишди. Ҳозир вазирлик ва идоралар билан жараённи расмий йўлга қўйиш ишлари давом этмоқда. Жараён бошланган, АОКА ва Миллий кутубхона ҳамма ишларни амалга оширишмоқда. Ходимларнинг тунги иш вақти, меҳнат тартиби ва маош тўлаш масаласида экан жараён. Умид қиламизки, тез орада жараённи йўлга қўйиб юборишади”, – деган агентлик раҳбари.

Шунингдек, фойдаланувчилар агентлик раҳбарига бу ваъда 3-4 йил олдин ҳам берилгани, лекин бажарилмаганини эслатишган.

Кутубхонанинг ахборот кутубхона фондларини комплектлаш хизмати раҳбари Насиба Холдорова 2019 йилда Kun.uz’га берган интервюсида кутубхонанинг ишлаш вақтини узайтириш масаласини бирданига амалга ошириб бўлмаслиги, бунинг учун аввал тест режимида ишлаб кўриш кераклигини айтганди.

“Тахминан куз ойларидан бошлаб соат 8:00 дан 21:00 гача ишлаш тартиби жорий этилади. Бу вақт мобайнида фойдаланувчилар оқимини кузатамиз. Шунга қараб ходимлар тақсимланади. Тажриба синовдан муваффақиятли ўтса, балки келажакда кун-у тун тартибга ўтишимиз мумкин”, – деган эди у.

Маълумот учун, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ишлаш тартиби душанба-жума кунлари эрталабки соат 9:00дан кечки соат 20:00гача, шанба-якшанба кунларида эса соат 9:00дан соат 17:00гача этиб белгиланган.

Top