18:46 / 26.10.2022
60379

Россия дунёни қўрқитмоқчи бўлаётган «ифлос бомба» нима ва бу хавф қанчалик катта?

Сўнгги кунларда Украина «ифлос бомба»ни қўллашга тайёргарлик кўраётгани ва бунда Россияни айбламоқчи экани ҳақида кўплаб россиялик сиёсатчилар ва ҳарбийлар гапирмоқда.

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу АҚШ, Буюк Британия, Франция ва Туркиядаги ҳамкасбларига, Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимов эса Буюк Британия мудофаа штаби бошлиғи Энтони Радакин ва АҚШ штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси Марк Миллига қўнғироқ қилди.

Душанба куни Радиация, кимёвий ва биологик мудофаа қўшинлари бошлиғи, генерал-лейтенант Игор Кириллов брифинг ўтказди ва унда воқеалар ривожи қандай бўлиши мумкинлигини баён қилди.

Россия ҳарбийлари даъвосига кўра, бомбани тайёрлаш учун керак бўлган материалларни Украинанинг учта атом электр станциясидан, шунингдек, ҳозирда фаолияти тўхтатилган Чернобил атом электр станциясидан, радиоактив чиқиндиларни утилизация қилиш жойларидан, кимё ва атом саноати корхоналаридан олиш мумкин.

«Шу билан бирга, Украинада илмий база ҳам бор, бу – Харкив физика-техника институти бўлиб, унинг олимлари СССР ядро дастурида иштирок этган. Ҳозир у ерда турли экспериментал объектлар, шу жумладан «Ураган» термоядро ускунаси ишлаяпти. Бундан ташқари, Киевдаги Миллий фанлар академияси қошида Ядро тадқиқотлари институти ҳам фаолият юритяпти. У ерда юқори фаолликдаги радиоактив материаллар ёрдамида ВВР-М реакторида тадқиқотлар олиб борилмоқда», — деди Кириллов.

Россиялик ҳарбийларнинг сўзларига кўра, «Украинанинг икки ташкилоти «ифлос бомба»ни яратиш бўйича аниқ кўрсатмалар олган. Ишлар якуний босқичда».

Мудофаа вазирлиги ўзидаги маълумотларга ҳаволалардан бошқа ҳеч қандай далилни келтирмади.

BBC мухбири Стив Розенбергнинг ушбу айбловларга далилларни тақдим этиш ҳақидаги сўровига Ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин умумий иборалар билан жавоб қайтарди.

Унинг сўзларига кўра, «Украина президенти Зеленский Мюнхендаги хавфсизлик конференциясида нутқ сўзлаган 19 феврал кунидан бошлаб, инсоният Киев режимининг ядро қуролига эга бўлиш истагини кўриб келмоқда, ўша пайтдаёқ унинг ядро қуролига эга бўлиш амбициялари аён бўлган эди».

Россия Украинани «ифлос бомба» яратишга уринишда биринчи марта айблаётгани йўқ. Масалан, феврал ойи охирида рус армияси Украинага бостириб кирганидан сўнг, бу мавзу Россия матбуотида фаол муҳокама қилинди.

Украинада «ифлос бомба» ёки ҳатто ядро қуроли яратилиши мумкинлиги ҳақидаги мақолалар аввал ҳам матбуотда пайдо бўлган. Масалан, 2014 йил 17 сентябрда «Известия»да эълон қилинган мақола «Украина 10 йил ичида ядровий бомба яратиши мумкин» деб номланади, унда мутахассислар «ифлос бомба»ни ҳам муҳокама қилишган.

Аммо ўша пайтда ҳам асосий далиллар қандайдир махфий маълумотларга ҳавола ёки ТВ, матбуотда чиқиш қилган ёхуд ижтимоий тармоқларда постлар ёзган турли шарҳловчиларнинг сўзлари эди.

Ҳозирча Украинада ядровий ёки радиологик қуроллар, шу жумладан «ифлос бомба» пайдо бўлгани ҳақидаги аниқ далиллар эълон қилинмади.

Украинанинг реакцияси

Украина «ифлос бомба» яратишга уриниш ҳақидаги Россиянинг айбловларини рад этди.

«Биринчидан, Украина [Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги] шартноманинг содиқ аъзоси: бизда ҳеч қандай «ифлос бомба» йўқ ва унга эга бўлишни ҳам режалаштирмаяпмиз. Иккинчидан, россияликлар кўпинча ўзлари режалаштираётган нарсада бошқаларни айблайдилар», деб ёзди ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба 23 октябр куни ижтимоий тармоқда.

24 октябр куни Кулеба Атом энергетикаси бўйича халқаро агентлик бош котиби Рафаэл Гроссига мурожаат қилиб, Россия томонидан «ифлос бомба» яратилаётган объектлар деб тавсифланган жойларга зудлик билан мутахассисларни юборишни сўради.

«У рози бўлди. Россиядан фарқли ўлароқ, Украина шаффоф бўлган ва шундай бўлиб қолади. Бизда яширадиган ҳеч нарса йўқ», деб ёзди Кулеба ижтимоий тармоқда.

Шунингдек, Кулеба АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан ҳам суҳбат ўтказди ва россияликлар Украинани ўзлари ишлатмоқчи бўлган тақиқланган қуроллардан фойдаланганликда айблаши мумкинлигини таъкидлади.

«Ифлос бомба» ядровий қуролми?

«Ифлос бомба» радиологик қуролнинг бир тури, оммавий қирғин қуролидир. Ядро қуроллари каби унда радиоактив материаллардан фойдаланилади.

«Ифлос бомба»нинг асосий оддий ўқ-дори бўлгани туфайли портлаш ҳам одатий портлашдек бўлади.
Фото: Getty Images

Бироқ, ядровий қурол атомлар ядросининг парчаланиш энергиясидан фойдаланади, унинг оқибатида ҳалокатли зарба тўлқини, электромагнит импульс, ёруғлик нурланиши, радиация ва радиоактив ифлосланиш пайдо бўлади. Ядро қуроли мураккаб механизм бўлиб, уни фақат бир неча давлатлар ярата олади.

Радиологик қуроллар фақат битта зарарли омилдан фойдаланади – радиоактив ифлосланиш. Бундай қуроллар радиоактив моддаларни ер юзасига ва атмосферага тарқатади, кейинчалик улар ҳаво, сув ва тупроқни ифлослантиради.

Радиологик қуроллар бир неча турда бўлиши мумкин, баъзида улар ядровий реакциядан фойдаланади ва жуда мураккаб тузилмага эга. Баъзи радиологик ўқ-дорилар нисбатан содда. Масалан, радиоактив моддани пуркаш учун мўлжалланган мослама ёки «ифлос бомба» шундай қурол вазифасини бажариши мумкин.

«Ифлос бомба» қурилмаси турлича бўлиши мумкин, аммо ишлаш принципи нисбатан бир хил – бу радиоактив модда ва портловчи моддага эга бўлган контейнер, портлаш оқибатида радиоактив моддани тарқатади. Бомба ҳавода ёки ерда портлатилади, ҳар қандай ҳолатда портлаш энергияси ҳудудга радиоактив зарар етказиш учун етарли бўлади.

«Ифлос бомба»да радиоактив материаллар қўлланишига қарамай, ядровий портлаш содир бўлмайди.

Урушда «Ифлос бомба» керакми?

Гарчи «ифлос бомба» қурол сифатида ихтиро қилинган ва у ҳарбийлар томонидан синовдан ўтказилган бўлса-да, қурол сифатида унчалик катта аҳамиятга эга эмас.

Гап шундаки, агар у аҳоли пунктларида портлатилса, радиоактив ифлосланиш душман шахсий таркиби ёки тинч аҳолининг тезкор мағлубиятига олиб келмайди.

АҚШ ядровий назорат комиссиясининг таъкидлашича, «ҳудуднинг ифлосланиш даражаси бир қатор омилларга боғлиқ бўлади. Жумладан, портловчи модда ҳажми, радиоактив материал миқдори ва тури, тарқатиш воситалари ва об-ҳаво шароити».

«Ифлос бомба»нинг асосий зарар етказувчи омили - радиоактив ифлослантиришдир. Фото: Getty Images

Радиоактив зарарланиш оқибатлари одамлар соғлиғига таъсир қилиши мумкин, лекин дарҳол эмас. Радиоактив модда ишлатилганини ва унинг турини ўз вақтида аниқлаш маҳаллий ҳокимият органларига ҳимоя чораларини кўришга ва ифлосланган ҳудуддан эвакуация қилишга ёрдам беради.

Ҳудуд ифлосланади, аммо бундан катта ҳарбий фойда бўлмайди. У фойдаланишга яроқсиз ҳолатга келади, уни зарарсизлантириш ва портлашнинг бошқа оқибатларини бартараф қилиш жуда қиммат тадбирлар ўтказилишини талаб қилади.

Киев Миллий университети Халқаро алоқалар институти профессори, ядро қуролини тарқатмаслик бўйича эксперт Сергей Галаканинг сўзларига кўра, радиоактив ифлосланиш даражаси ва ҳудуди табиий омиллар ва изотоплар таркибига боғлиқ бўлади.

«Агар шамол кучли бўлса ва ёмғир ёғмаса, ифлосланиш кўлами катта бўлади. Агар шамол кучсиз бўлса ва ёмғир ёғса, у ҳолда кичик ҳудуд ифлосланади», деди эксперт.

Ядро бомбаси портлаши ҳудуднинг камроқ ифлосланишига олиб келади ва кўпроқ бошқа зарарли омиллар – портлаш тўлқини, нурланиш ва радиация билан зарар келтиради.

Психологик омил

Одамлар радиациядан қўрқади, шу сабабли, «ифлос бомба»ни кучли психологик омил дейиш мумкин. Уни баъзан «оммавий парчаланиш қуроли» деб ҳам аташади.

Бундай бомба портлатилиши ва радиоактив моддалар тарқалиши одамларда қўрқув уйғотиши, оммавий ваҳималарга олиб келиши мумкин.

Бундан ташқари, агар бундай бомба катта шаҳарда портлатилса, унинг бир қисми кўп йиллар давомида яшаш учун яроқсиз бўлиб қолади ва бу мамлакат учун иқтисодий ва сиёсий оқибатларни келтириб чиқаради.

Шу туфайли, экстремистик ташкилотлар бундай қуролларни қўлга киритишга интилиши мумкин, деб ҳисобланади.

2001 йил 11 сентябрдаги терактлардан сўнг, экстремистик гуруҳлар фаоллашиб қолди. Шу сабабли, АҚШ ва бошқа Ғарб давлатларида «ифлос бомба»ни қўллаш таҳдиди жуда реал кўринди. «Ал-Қоида» радиоактив материалларга эга бўлишга интилаётгани ҳақида маълумотлар бор эди.

«Ифлос бомба»нинг келиб чиқишини аниқлаш мумкинми?

Дунёда радиоактив материаллар тарқалиши билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар бир неча марта содир бўлган. Шу туфайли уларнинг атмосферадаги таркибини назорат қилиш жуда муҳим.

Бундай бахтсиз ҳодисаларнинг охиргиси 2019 йил 8 августда Россия Шимолий флотининг Нёноксдаги полигонида содир бўлди. Авария оқибатида бир неча киши ҳалок бўлган (аниқ сони маълум эмас).

WC-135 «Constant Phoenix» - АҚШ ҳарбий ҳаво кучларининг радиацион разведка учун махсус самолёти. Фото: AFP

Воқеадан сўнг, турли мамлакатларда радиоактив моддалар миқдори даражаси ошиши қайд этилди. Июн ойида Норвегияда йод-131 изотопи, Швеция ва Финландияда цезий-134, цезий-137, кобалт-60 ва рутений-103 аниқланди.

Мутахассислар изотоплар тўпламига қараб, портлаш катта эҳтимол билан ҳарбий объектда содир бўлгани, радиация фуқаролик ядровий объектларидан тарқалмаганини тахмин қилишди.

Радиоактив моддалар кўп миқдорда ажралиб чиққан тақдирда, ер устидаги станциялар «Ифлос бомба»да қўлланган моддалар таркибини аниқлай олмайди. Улар радиация тарқалиши ҳақида фақат умумий хулосаларни бериши мумкин.

Радиация ҳақидаги аниқроқ маълумотларни фақат ҳодиса жойига яқинроқда бўлган махсус радиациявий разведка самолёти орқали олиш мумкин.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top