10:58 / 27.10.2022
21544

Демократия ёки газ: Европа Иттифоқи нега Озарбойжондан газ оляпти?

Европа Иттифоқи вакиллари Россия газига муқобил излаб яна бир авторитар давлат – Озарбойжонгача боришди.

Фото: Anadolu Agency

Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Озарбойжонни ишончли ва муҳим ҳамкор деб атади. Озар мухолифати эса Европа Иттифоқининг бу ҳаракатини хоинлик деб баҳолади. Уларнинг фикрича, Озарбойжон барибир Европанинг газга бўлган эҳтиёжини қондира олмайди, ЕИ вакилларининг Бокуга ташрифи эса Илҳом Алиев ҳукуматининг кучайишига хизмат қилади, холос.

Путин ўрнига Алиев

Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ёзда Россия газ билан шантаж қилаётгани фонида Озарбойжонга бориб, Илҳом Алиев билан ЕИга газ етказиб бериш масаласида учрашганди. Томонлар Озарбойжондан Европа Иттифоқигав газ етказиб бериш ҳажмини яқин беш йил ичида икки бараварга оширишга келишиб олганидан кейин ЕИ раҳбари Урсула хоним Алиевнинг қўлини сиқиб, ёйилиб кулган ҳолда суратга тушди. ЕИ раҳбарининг ҳисоб-китобларига кўра, бу Россия томонидан газ етказиб бериш ҳажми қисқартирилишининг ўрнини босиши керак эди.

Бокуга боришидан бироз аввал Урсула фон дер Ляйен Твиттердаги саҳифасида Европа Иттифоқи эндиликда энергия етказиб беришда ишончлироқ томонга мурожаат қилиши ҳақида ёзиб, Озарбойжонни муҳим ҳамкор деб атаганди. Аммо ҳамма ҳам Урсула хонимнинг баёнотини қўллаб-қувватламади. Танқидчилар Европа Иттифоқи бир авторитар давлатдан қочиб, бошқа бир авторитар давлатга тутилаётганини айтишди.

Озарбойжондаги ҳуқуқ фаоллари Европа Иттифоқининг бу ҳаракатидан кейин иттифоқнинг инсон ҳуқуқлари билан ҳеч қандай иши йўқ деган қарорга келишди. 50 нафар франциялик сиёсатчи эса борада баёнот ҳам тайёрлашди. Унда Европа Иттифоқи Озарбойжонни танлаш орқали ўзини кучсизлантириши, Илҳом Алиев диктатурасини эса кучайтириши айтилган.

Инсон ҳуқуқлари афзалми ёки газ?

«Бу келишув инсон ҳуқуқлари борасидаги босимлар, фаолларга қарши репрессияни ўз соясида қолдирмаслиги керак. Акс ҳолда Европа Иттифоқи энергия эҳтиёжини ўз гази ва нефти учун пул тўлаб ҳукуматини кучайтирган бир авторитар давлатдан қочиб, худди шундай бошқа бир давлат орқали қондиришга мажбур бўлади», дейди озарбойжонлик мухолифатчи Бахтиёр Гажиев.

Озарбойжонда камсонли митинг иштирокчилари ҳам олиб кетилади. Фото: Getty Images

Мухолифатчининг фикрича, ЕИ вакиллари Озарбойжонга ташрифи чоғида жамоатчилик фикрини ҳам ўрганиши керак эди. Урсула фон дер Ляйен Бокуга ташрифи чоғида фақат мамлакат раҳбарияти билан учрашув ўтказганини ҳуқуқ фаоллари Европа Иттифоқи ўз қадриятларини газга алмашди деб изоҳлашмоқда.

Бошқа томондан ЕИ раҳбари ҳеч қачон Озарбойжондаги инсон ҳуқуқлари бузилишини изоҳламаган, бу аслида унинг вазифасига ҳам кирмайди. Аммо бошқа томондан Урсула хоним бу нарсани муҳокама қилишига ҳеч нима халақит бермаган. Масалан, Туркия билан бўлган ҳолатдаги каби.

Европада Озарбойжонда инсон ҳуқуқлари бузилиши умуман муҳокама қилинмаган деб бўлмайди. Германия Бундестаги депутатлари Урсула хоним ҳам бўлган Европа Иттифоқи парламенти йиғилишида Озарбойжонда инсон ҳуқуқлари бузилаётганини танқид қилишган.

Сентябр ойи охирида Руминия, Болгария, Венгрия ва Словакия каби давлатлар Озарбойжон газини Европа Иттифоқига ўтказиш учун қўлидан келганини қилишини маълум қилганди.

Урсула фон дер Ляйен ўзига нисбатан айтилаётган танқидларни ўринсиз деб ҳисоблашини таъкидлаб, Греция – Болгария газ ўтказгичи очилишига бағишланган учрашувда бу борада фикр билдирганди. «Мана шундай лойиҳалар эвазига Европа Иттифоқида қишга бориб етарлича газ бўлади. Рус газига бўлган қарамликдан чиқишнинг биринчи йўли мана шундай ишончли ҳамкорларимиз каби янги вариантлар топиш эди. Жаноб Алиев, ёзда сизнинг олдингизга ҳам айнан мана шу масала бўйича борган эдим», деганди у залда ўтирган Илҳом Алиевга юзланиб.

Аммо озар мухолифлари Европа фақат энергияга бўлган эҳтиёжини қондириш ҳақида ўйламаслиги керак деб ҳисоблайди. «Европага газ керак экан, жуда яхши. Лекин Европанинг энергия хавфсизлиги инсон ҳуқуқлари чекланишига кўз юмиш орқали таъминланиши керак эмас», дейди озарбойжонлик мухолиф Бахтиёр Гаджиев.

BBC ушбу мавзудаги танқидлар масаласида изоҳ сўраб Европа Иттифоқига мурожаат қилди, аммо ҳеч қандай жавоб ололмади.

Озарбойжон газ беришни тезда ошира олмайди, унчалик кўп газ ҳам беролмайди

Европа Иттифоқи раҳбариятининг Алиев билан учрашуви тезда самара беришини кутиш қийин. Ҳозир ҳам, бир неча йилдан кейин ҳам Озарбойжон Европага Россия берадиган газнинг ўрнини босадиган миқдорда газ етказа олмайди. Россия Европа Иттифоқига йилига 150 миллиард кубометр газ етказиб берарди. Озарбойжон эса фақат яқин келажакда йилига 20 миллиард куб газ бериши мумкин.

Озарбойжоннинг гази Грузия орқали Туркияга Трансанатолий газ ўтказгичи орқали, Европага эса 2020 йилда ишга туширилган Трансадриатик газ ўтказгичи орқали боради. Биринчи ўтказгичнинг ҳажми йилига 16 миллиард куб, иккинчисиники эса йилига 10 миллиард куб.

Озарбойжон энергетика вазири Парвиз Шаҳбозовнинг айтишича, Туркияга борадиган ўтказгич 31 миллиард кубометргача, Европага кетадигани эса 21 миллиард кубометргача газ ўтказиши мумкин. Атроф муҳит муҳофазаси ва яшил энергетика бўйича мутахассис Глигор Радечичнинг айтишича, бу жиҳатлар Европа Иттифоқи учун қўшимча муаммолар туғдиради.

«Озарбойжон газ қазиб олиш ҳажмини техник жиҳатдан камида 5-7 йилсиз ошира олмайди. Ўшанда ҳам Озарбойжондан борадиган газ Европа эҳтиёжларининг бир қисмини қондиради холос», дейди мутахассис.

2021 йилда Европа Иттифоқи давлатлари 412 миллиард кубометр газ истеъмол қилган ва истеъмолни 2030 йилга борибгина 30 фоизга камайтиришни мўлжаллаяпти. Озарбойжон берадиган 20 миллиард куб иттифоқ давлатлари учун жуда кам миқдор ҳисобланади.

Карнеги фондининг Кавказ бўйича мутахассиси Томас де Ваалнинг фикрича, Европа учун Озарбойжон билан имзоланган келишув аввало иқтисодий эмас, сиёсий сигналдир. Чунки бу келишув Европага яқин ўртада фойда бермайди.

«Бу келишувда гап 2027 йилга бориб газ етказиб беришни ошириш ҳақида бормоқда, лекин Европага газ ҳозир керак, кейинги қишда ҳам керак бўлади. Шундай экан, сен яшил энергетикага ўтаман деб турган вақтингда Бокуга узоқ муддатли шартнома билан газ сўраб боришинг ғалати. Ҳозир Европада иккита муаммо бор. Биринчидан, қишда кузатиладиган қисқа муддатли энергия дефицити. Иккинчидан, Европа яқин келажакда газ истеъмолини камайтирмоқчи», дейди эксперт.

Унинг фикрича, Озарбойжонда бу келишувни Европа Иттифоқи томонидан мамлакат раҳбариятига нисбатан қўллаб-қувватлов деб талқин қилишмоқда. «Озарбойжонни ишончли ва муҳим ҳамкор дейишмоқда, ҳамкорлик ва дўстлик тили билан гапиришмоқда», дейди Томас де Ваал.

Ҳайдар Алиев давридан буён Озарбойжон Европага нефт ва газ етказиб бериш устида ишлаб келади
Фото: AZERTAG

Европага газ, Озарбойжонга қўлга олишлар

Тинчликпарварлик бўйича озарбойжонлик тадқиқотчи Орзу Ғайбулланинг фикрича, бу келишув имзоланаётганда Европа Иттифоқи Озарбойжонда демократия бор ёки йўқлиги билан умуман қизиқмаган.

«Тўғри, европаликлар Озарбойжоннинг фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашувлар ўтказган, лекин бу учрашувлар мамлакатдаги ҳеч нарсани ўзгартира олмаган. Ўша учрашувлардан баъзиларида иштирок этган одам сифатида шундай хулосага келганман: Европада Озарбойжон бу давлат ҳақида бош қотиришга арзимайдиган даражада узоқда жойлашган деб билишади», дейди тадқиқотчи.

Унинг фикрича, Озарбойжонда мавжуд бўлган инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ катта муаммоларга қарамай, Европа Иттифоқи бу масалаларда нейтраллик сақлаб келган. Хусусан, Қорабоғ учун урушлар масаласида ҳам. Ўз навбатида, Озарбойжон президенти Илҳом Алиев оиласининг Европада кўплаб активлари бор, мамлакат эса коррупция мавжудлиги бўйича рейтингда 180 давлат орасида 128-ўринда туради.

Мустақил манбаларнинг ҳисоблашича, айни дамда Озарбойжонда камида 100 нафар сиёсий маҳбус бор. Улар орасида ижтимоий фаоллар, сиёсатчилар ва журналистларни кўриш мумкин. Ҳуқуқ ҳимоячилари айтишича, Озарбойжон ҳукумати анчадан буён тузум танқидчиларини мамлакатга қайтариб, уларни қамаш устида иш олиб бормоқда.

«Чегара билмас мухбирлар»га кўра, Илҳом Алиев мамлакатда плюрализмнинг ҳар қандай кўринишини йўқ қилган ва 2014 йилдан буён барча танқидчиларнинг овозини ўчириб келмоқда. Мустақил матбуот рейтингида Озарбойжон 154-ўринда турибди, Россия ва Беларуснинг ўртасида.

Мамлакатда ҳуқуқ фаолларига қарши ҳаракатлар тез-тез кузатилади. Масалан, Грузияга кетган суриштирувчи журналист Афғон Мухторлининг зўрлаб мамлакатга олиб келиниши. Уни чегарани ноқонуний бузиб ўтишда айблаб қўлга олиб, қамашганди. Бундай воқеалар оз эмас. Масалан, сентябрда таниқли журналист ва унинг адвокатини қўлга олишганди.

30 сентябрдан бир гуруҳ фаоллар сиёсий партия тузишдаги талаблар ошишини таъминловчи янги қонунга қарши намойишга чиқишди. Бу намойиш куч билан тарқатилганди. Германияга қочган сиёсий фаолларнинг Озарбойжонга депортация қилиниши эса Европа Иттифоқининг инсон ҳуқуқлари бўйича сиёсатини шубҳа остида қолдирди. Бундай воқеалар бир неча марта бўлгани учун танқидчилар Озарбойжон ва Европа Иттифоқи ўртасида келишув ҳам бўлиши мумкинлиги ҳақида тахминлар билдирган.

Озарбойжон нефт ва газдан ташқари сиёсий маҳбуслар ва қатағондан хорижга қочган ўнлаб фаоллар билан ҳам машҳур
Фото: AFGAN MUKHTARLY

2013 йилда Европа Кенгаши парламент ассамблеяси Озарбойжондаги инсон ҳуқуқлари камситилаётганини қоралаётган кескин резолюцияни қабул қилмай, ўрнига унинг «юмшатилган версияси»ни қабул қилганди. Журналистлар ҳатто Озарбойжон европалик депутатларни сурункасига сотиб олгани, эвазига улардан мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари масаласини муҳокама қилмаслик сўралгани борасида суриштирув ҳам ўтказилганди.

Европалик кўплаб депутатлар Озарбойжонга бориб, қимматбаҳо гиламлар ва икра каби совғалар олгани шов-шувларга сабаб бўлганди. Оқибатда уларнинг 13 нафари ишдан кетган. Бу воқеалар «икра дипломатияси» номи билан эсланади.

«Социал блокнинг қулашидан кейин пайдо бўлган хурсандчилик завқида собиқ тиранларга фақат демократия таъсир қилиши мумкин деган фикр пайдо бўлганди. Амалда эса ҳаммаси унчалик оддий эмаслиги, авторитар режимлар демократияга таъсир қила олиши кўринди. Озарбойжондаги тузум бу борада жуда фаол ишламоқда. Сиёсатчиларни сотиб олиш мумкинлиги Европа демократиясининг камчилиги экани кўринди. Хулоса ҳам шунга қараб қилинади», дейди социолог Сергей Румянцев.

Орзу Ғайбулланинг фикрича, Европа Кенгаши парламент ассамблеяси Озарбойжонда инсон ҳуқуқлари бузилишини қораловчи резолюция қабул қилинмагани мамлакатда ҳуқуқ фаолларига қарши репрессия кучайишига олиб келган: «Европадаги асосий ташкилот узоқ йилга қамалган, қўлга олинганларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиши мумкин бўлган ҳужжатни қабул қилмагани Европа Иттифоқи учун Озарбойжонда демократия бўлиши умуман қизиқ эмаслигини кўрсатади», дейди эксперт.

Экспертлар фикрича, демократия диктатурага таъсир қилишидан ташқари, бунинг акси ҳам бўлиши мумкин
Фото: Getty Images

Демократия ўз йўлига, газ ўз йўлига

Тарихчи Ориф Юнуснинг фикрича, аксар озарбойжонлик мухолифатчилар Илҳом Алиев ва Урсула фон дер Ляйен имзолаган келишувни демократик қарашларга хиёнат деб баҳолашмоқда. Улар энди Европа газсиз қолмаслик учун Алиев сўраган мухолифатчиларни депортация қилаверишидан хавотирда.

Тарихчининг ўзи эса бу қарашларга қўшилмайди. Унинг фикрича, 18 июл куни имзоланган шартнома энергетика масаласидаги бошқа келишувлар каби оддий ҳужжат. Европа Озарбойжонга нисбатан энергетика масаласида бошқача, демократия бўйича бошқача қарайди, дейди ёзувчи.

Атрополок Севил Ҳусейнова Европанинг Озарбойжонга нисбатан муносабатини 1960-йиллардаги Германия Федератив Республикасининг автократ Шарқий Германияга нисбатан «яқинлашиш орқали ўзгартириш» сиёсатини қўллагани билан таққослаган: «ГДР автократ давлат бўлгани, совуқ уруш вақтида ГФРга хавф туғдирганига қарамай, ақлли сиёсатчилар яқинлашиш ҳақида ўйлаганди. Улар бир неча йил кейинга боғлаб режалар тузган. Бу режа 30 йилдан кейин бўлса ҳам ишлади», дейди атрополок.

Унинг фикрича, айни ҳолатда бу сиёсат «савдо орқали ўзгартириш» деб талқин қилиниши мумкин. «Бунда ўзаро келишув асосидаги ўзгаришлар бўлади: сиз бизга икки томонлама бизнес ривожи учун хомашё беринг, биз сизга янги технология ва инновациялар қаторида демократик ғоялар, инсон ҳуқуқларини берайлик», дейди эксперт.

Ҳусайнованинг сўзларига кўра, Тайвандаги воқеалар, Хитойдаги уйғурларга нисбатан репрессия, шунингдек, Россия ва Украина ўртасидаги уруш юқоридаги «яқинлашиш орқали ўзгартириш» сиёсати ўзини оқламаганини ҳам кўрсатмоқда. Европада кўпчилик автократларга қарши кескин позицияда бўлиш керак деб ўйламоқда.

Тарихчи Ориф Юнуснинг айтишича, демократик ислоҳотлар бўйича масалалар алоҳида ҳужжатлар билан тартибга солиниши керак. «Гап 2017 йилдан буён музокаралар кетаётган Европа Иттифоқи ва Озарбойжон ўртасидаги кенг қамровли келишув ҳақида бормоқда. Европа Иттифоқи 5 йилдан буён Озарбойжон қонунчилиги, сайловлари ва фуқаролик жамиятини тузиш жараёнини ўзгартириши кераклигини таъкидлаб келади. Расмий Бокуга таъсир қилиш борасида асосий ролни Европарламент ўйнайди. У ерда Алиевга қарши кайфият шаклланган», дейди тарихчи.

Чиндан ҳам ўтган йилларда Еврокомиссия гуруҳи Бокуга борган куни Брюсселда Озарбойжон ташқи ишлар вазири билан айнан Европа Иттифоқи ва Озарбойжон ўртасидаги кенг қамровли келишув масаласи муҳокама қилинган. Ўша вақтда Алиев Бокуда Европарламент вакиллари билан учрашув ўтказиб, ташкилот Озарбойжонга қарши резолюциялар қабул қилгани, мамлакат манзилига ҳақорат, ўринсиз айблов ва ёлғон маълумотлар билдирганидан ҳайратга тушганини иддао қилганди. «Буларнинг барчасидан кейин Бокуга келганингизга ҳам ҳайрон қолдим», деганди Алиев.

Озар давлат нашрлари бу учрашув ортида арман лоббистлари турган бўлиши мумкинлигини айтиб, уни ёқимсиз воқеадек талқин қилганди. Нефт ва газ борасидаги учрашувларни эса озар нашрлари анча кўтаринки кайфиятда ёритди.

Эколог Глигор Радевич Озарбойжон европаликлар энергия масаласида мурожаат қилган ягона нодемократик тузум эмаслигини таъкидлаб, Украинадаги уруш фонида ЕИ бу борада Саудия Арабистони ва Қатарга ҳам алоқага чиққанини айтди. Радевич нефтга бой бўлган аксар давлатларда демократия оқсашига эътибор қаратди. Унинг фикрича, хомашёдан келаётган катта пул демократия сусайиши ва келажакда репрессия кучайишига хизмат қилади.

Эксперт фикрича, ҳозир Еврокомиссия ва Европа Иттифоқи раҳбариятига ўз сайловчиларини улар қишда бўлиши кутилаётган энергия инқирозидан чиқишга уринаётганини кўрсатиш бирламчи масала. Бунинг учун эса ҳатто инсон ҳуқуқлари масаласини ҳам чеккага суриб туришибди...

Top