19:59 / 27.10.2022
17149

«Қачон фарзандли бўласизлар?» - Хитойда амалдорлар янги турмуш қурганларга қўнғироқ қилмоқда 

Хитойда маҳаллий ҳокимият вакили янги турмуш қурган аёлга қўнғироқ қилиб, қачон ҳомиладор бўлишини сўрагани ҳақидаги воқеа ижтимоий тармоқларда ўн минглаб одамларнинг муҳокамасига сабаб бўлди. 

Фото: Reuters

Ўтган ҳафтада Хитой раҳбари Си Жинпинг Коммунистик партия қурултойида мамлакатда туғилиш даражасини ошириш ва аҳолининг ривожланиш стратегиясини яхшилашга қаратилган сиёсатни олиб боришини эълон қилган эди. 

Хитойнинг Weibo ижтимоий тармоғида қолдирилган хабарга кўра, Нанкин шаҳридаги аёллар саломатлиги хизматида ишловчи ходим янги турмуш қурган аёлга қўнғироқ қилиб, қачон ҳомиладор бўлмоқчи экани билан қизиққан. У маҳаллий ҳокимият мулозимларидан бири «янги турмуш қурган аёллар бир йил ичида ҳомиладор бўлиши кераклигини» айтгани ва «уларга ҳар кварталда қўнғироқ қилиши» шартлиги ҳақида топшириқ берганини маълум қилган. 

Ижтимоий тармоқдаги бу пост бир неча соат давомида ўн минглаб одамлар томонидан муҳокама қилинганидан сўнг ўчириб юборилган. Нанкин маҳаллий ҳокимияти ва Миллий соғлиқни сақлаш комиссияси бу хабарга изоҳ бермаган. 

Ижтимоий тармоқда қолдирилган постга шарҳ ёзган аёллардан бири ҳам шунга ўхшаш воқеани тасвирлайди. У ўтган йили турмушга чиққанини ва ўша пайтдан бери маҳаллий ҳокимиятдан икки марта қўнғироқ қилишганини айтди. Биринчи марта ундан фолий кислотасини қабул қилаётгани ва ҳомиладор бўлишга тайёрлиги ҳақида сўрашган. Иккинчи марта қачон ҳомиладор бўлиши билан қизиқишган. 

«Сиз турмуш қургансиз, нега ҳали ҳам ҳомиладорликка тайёрланмаяпсиз? Фарзандли бўлишга вақт топинг», — дейишган унга. 

Хитой 1980 йилдан 2015 йилгача туғилишни камайтириш мақсадида, «бир оилага – бир бола» сиёсатини жорий қилган эди. Шундан сўнг, мамлакатнинг аҳолиси қисқара бошлади ва қарияларни пенсия билан таъминлаш, уларга ғамхўрлик қилиш масаласи хавф остида қолди. Хитой ушбу сиёсатнинг нотўғри бўлганини тан олади. 

Статистикага кўра, бу йили Хитойда туғилиш миқдори 10 миллиондан ҳам пастга тушиб кетиши кутилмоқда. Ўтган йили бу кўрсаткич 10,6 миллионни ташкил қилган эди. 2020 йилда эса туғилиш даражаси 11,5 фоизга пасайгани кузатилганди. 

Top