18:49 / 28.10.2022
11626

Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона 1 ноябрдан тун-у кун ишлайдиган режимда иш бошлайди

Кутубхона ҳозирча 24/7 тест режимида ишга тушади. Бу ҳақда Ёшлар ишлари агентлиги раҳбари Алишер Саъдуллаев ўзининг Twitter’даги саҳифасида маълум қилди.

Ёшлар ишлари агентлиги раҳбарининг ёзишича, Миллий кутубхона 1 ноябрдан тест режимида узлуксиз ишлайди.

“Талабларингизга кўра, Миллий Кутубхона 1 ноябрдан тест режимида 24/7 ишлашни бошлайди. Тартиблари ҳақида алоҳида матбуот анжумани ҳам режа қилинмоқда”, – деб ёзди у Twitter’даги саҳифасида.

Эслатиб ўтамиз, сал олдинроқ тармоқ фойдаланувчиларидан бири Ёшлар ишлари агентлиги раҳбари Алишер Саъдуллаевга Миллий кутубхонани 24/7 соат ишлайдиган қилиш таклифини ёзиб қолдирганди ва агентлик раҳбари тез орада кутубхона тун-у кун ишлайдиган жойга айланади деган маънода твит қўйганди.

Маълумот учун, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси душанба-жума кунлари эрталабки соат 9:00дан кечки соат 20:00гача, шанба-якшанба кунларида эса соат 9:00дан соат 17:00гача ишлаб келаётганди.

Top